22:16 / 21.02.2023
30799

Ургут ЭИЗ бошқа ҳудудларга ҳам тармоқланяпти — бу имтиёз олиш йўлими?

Самарқанддаги Ургут эркин иқтисодий зонасининг Қорақалпоғистон ва Қашқадарёдаги филиаллари пайдо бўлмоқда. Бу ҳудудлардаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар танланган. Адлия вазирлиги бу жараённинг ҳуқуқий асоси йўқлигини билдирганига қарамай, лойиҳа тасдиқланган. Иқтисодчи ЭИЗлар резидентларига катта солиқ имтиёзлари берилгани учун унинг ҳудудларини кенгайтириш ҳаракати кетаётганини айтмоқда.

Самарқанд вилоятидаги Ургут эркин иқтисодий зонаси Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги 22,3 гектар ер майдони ҳамда Қашқадарёнинг Китоб туманидаги 37,4 гектар ер майдонлари ҳисобига кенгайтирилмоқда.

Яъни Беруний ва Китоб туманларида Ургут ЭИЗнинг филиаллари ташкил қилинмоқда.

Бунинг учун Беруний ва Китоб туманларидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар транспорт, алоқа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилади.

Тоифаси ўзгартирилаётган ерлар Беруний туманидаги “Абай” МФЙ ҳудудидаги ва Китоб туманидаги “Макрид” ва “Шўробсой” МФЙларининг туман захирасидаги ерлар ҳисобланади.

Адлия вазирлиги бу қарор қабул қилинишидан олдин лойиҳа ҳақида салбий хулоса берган. Ҳужжат нусхаси Kun.uz'да бор. Унда айтилишича, Беруний ва Китоб туманларида Ургут ЭИЗнинг филиалларини ташкил қилиш қонунбузилиш ҳолатларига сабаб бўлади.

“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунга кўра, махсус иқтисодий зоналар бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар ҳудудлари негизида, шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ташкил этилиши белгиланган.

Бироқ Беруний туманидаги 22,3 гектар ер майдони ҳамда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 37,4 гектар ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобланади. Қарорда эса бу ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилиши белгиланган.

Бундан ташқари, бирор ҳудуддаги эркин иқтисодий зонанинг филиали умуман бошқа ҳудудда ташкил қилиниши “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунда назарда тутилмаган.

Адлия вазирлигининг хулосасида, бу борада шундай дейилади:

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига асосан, маъмурий-ҳудудий тузилиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудини маъмурий-ҳудудий бирликларга бўлишни англатади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддаси ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат.

Бундан ташқари, "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги қонуннинг 23-моддасига асосан, махсус иқтисодий зонанинг маъмурий кенгаши тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари орасидан тузиладиган коллегиал орган бўлиб, унга мақоми бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, тегишли вилоят ҳокими ва Тошкент шаҳар ҳокими бўлган раис раҳбарлик қилади.

Бироқ “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунда Ўзбекистон Республикасининг бир нечта маъмурий-ҳудудий бирлиги негизида ягона махсус иқтисодий зона ташкил этилиши ёки бир маъмурий-ҳудудий бирлигида ташкил этилган махсус иқтисодий зонанинг ҳудудини бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдаги ер майдонлари ҳисобига кенгайтириш билан боғлиқ нормалар белгиланмаган”, – дейилади вазирлик хулосасида.

Вазирлик хулосаси давомида Самарқанд вилояти ҳудудида ташкил этилган Ургут эркин иқтисодий зонаси ҳудудини Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 22,3 гектар ер майдонида ҳамда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 37,4 гектар ер майдонларида кенгайтириш "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги қонун талабларига зид ҳисобланишини айтилган.

“Бу келгусида "Ургут" эркин иқтисодий зонасининг мазкур маъмурий-ҳудудий бирликлардаги ҳудудларини маъмурий жиҳатдан бошқаришда турли муаммоларни келтириб чиқаради”, – дейилган хулосада.

Юқоридагилардан келиб чиқиб вазирлик ягона махсус иқтисодий зона ташкил этилиши ёки бир маъмурий-ҳудудий бирлигида ташкил этилган махсус иқтисодий зонанинг ҳудудини бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдаги ер майдонлари ҳисобига кенгайтириш борасида хорижий тажриба ўрганиб чиқилиши зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, мазкур масала ҳуқуқий жиҳатдан мақсадга мувофиқ деб топилганда, унинг ҳуқуқий асослари “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунда белгилаб берилиши, бунда уни маъмурий жиҳатдан бошқариш билан боғлиқ масалалар инобатга олиниши лозимлиги қўшимча қилинган.

“Тавсиявий характерга эга тавсиялар”

Адлия вазирлиги ижобий хулоса бермаса-да, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Вазирлик расмийси Ургут ЭИЗ ҳудудини кенгайтиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси юзасидан берган хулосаси ҳақида Kun.uz’га тушунтириш берди.

“Адлия вазирлиги экспертизага келган ҳужжатлар бўйича ўз таклиф ва эътирозларини беради. Лекин қабул қилиш ёки қилмаслик масаласи ҳужжатни тайёрловчи орган ихтиёрида бўлади. Тавсиялар тавсиявий характерга эга бўлади”, – деди вазирлик масъули.

Ургут ЭИЗнинг бошқа ҳудудларда филиаллари бунгача ҳам бор эди

Ургут ЭИЗни кенгайтириш ёки унинг филиалини бошқа маъмурий ҳудудий бирликларда ташкил этиш билан боғлиқ бундай қарорлар қабул қилиниши фақатгина Беруний ва Китоб туманлари билан содир бўлмади.

2021 йилнинг 4 ноябрдаги Ургут эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор билан Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Ургут ЭИЗ филиаллари ташкил қилинган.

“Мазкур қарор қабул қилинишидан мақсад Самарқанд ҳамда Сурхондарё вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятини комплекс ривожлантириш, минерал хомашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш орқали инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияларга асосланган саноатни ривожлантиришга тўғридан тўғри инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат”, – дейилади Ургут ЭИЗнинг расмий хабарида.

Ургут ЭИЗ 2018 йилда Самарқанд вилоятидаги “Хишрав-2” массиви ер майдонлари ҳисобига кенгайтирилган. 2021 йилнинг март ойида Самарқанд вилоятидаги Ўрамас ва Хисрав мавзеларидаги 344 гектар ер ҳисобига ЭИЗ яна кенгайтирилди – бунда 61,3 гектар ер қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар эди.

Бундан кўринадики, Ургут эркин иқтисодий зонаси 2018 йилда Самарқанд вилоятидаги ҳудудлар эвазига кенгайтирилган. Кейинги пайтлардаги Ургут ЭИЗнинг “семириши” Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига кўчди.

Бу манипуляциями?

Иқтисодчи Отабек Бакиров ЭИЗлар ҳудудини ноқонуний кенгайтириш масаласига эътибор қаратаркан, ҳар бир вилоятда 100 тадан корхоналар учун йирик махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш тўғрисидаги лойиҳа ўтмай қолгани учун ЭИЗлар ҳудудини кенгайтириш манипуляцияси ишга тушганини айтмоқда.

Чунки эркин иқтисодий зоналар резиденти бўлиб олган субъектлар ер, мулк ва сувдан фойдаланганлик солиқларини тўламайди. Лойиҳа билан боғлиқ технология ва хомашё олиб киришда божлардан озод қилинган. Қўшилган қиймат солиғини соддалаштирилган ва тез муддатларда қайтариб оладилар. Қатор эркин иқтисодий зоналар резидентлари яна бошқа солиқлар, хусусан фойда солиғи тўлашдан ҳам озод қилинган.

“2023 йил Ўзбекистон бюджети учун жуда оғир келади ва бунинг январ ойидаёқ оғриғи сезилмоқда. Бюджетнинг даромад ва харажатлари 15 январгача очиқланиб борилди-да, кейин фарқ катталашиб кетаётгани ҳақидаги мулоҳазалардан кейин бу тўғрида ахборот бериш ҳам тўхтаб қолди.

Солиқ тушумлари билан боғлиқ вазият ўта мураккаб. Паразит бизнеслар қанча кўп солиқ тўламаса, унинг юки қолганларга, имтиёзларга эга бўлмаганларга, оддий аҳолига ва кичик бизнес елкасига тушаверади.

Шунинг учун, токи эркин иқтисодий зоналар ва уларнинг резидентлари фаолияти мувофиқлиги тўлиқ тафтишдан ўтказилмагунича, янги зоналарни ташкил қилиш, кенгайтириш, янги резидентларни қабул қилишни тақа-тақ тўхтатиб туриш керак”, – деб ёзди у.

Ургут эркин иқтисодий зонаси ҳақида

Ургут эркин иқтисодий зонаси 2017 йилда ташкил этилган. ЭИЗни ташкил қилишдан мақсад – ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган минерал-хомашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни яратиш.

2017 йилдаги президент фармонида нафақат Ургут, балки “Ғиждувон” ЭИЗ, “Қўқон” ЭИЗ ва “Ҳазорасп” ЭИЗларни ҳам ташкил қилиш кўзда тутилганди. Ушбу ЭИЗлар ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режими амал қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Kun.uz Ургутда ЭИЗга яқин уйлар бузилиши мумкинлиги, бу ҳақда аҳолига огоҳлантириш хатлари юборилгани ҳақида ёзганди.

Туман ҳокимлиги аҳолига ҳақиқатан шу мазмундаги хат юборилганини тасдиқлаган. Аҳолига юборилган хатда Ургут эркин иқтисодий зонасининг Мерганча массивидаги саноат корхоналари билан қўшилиб кетган аҳоли турар жой биноларини тўлиқ хатловдан ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, хатлов натижаси бўйича турар жой биноларини кўчириш орқали ҳудуднинг бош режасига ўзгартириш киритиш юзасидан таклиф ишлаб чиқиш, хатловда аниқланган уй-жой биноларининг кўчирилиши ҳақида огоҳлантириш берилишига доир топшириқ бўлган.

Kun.uz мақолада саноат ҳудуди аҳоли яшаш пунктларига кириб бораётганига эътибор қаратганди.

Мадина Очилова,
Kun.uz мухбири

Top