Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ҳамда ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда Ургут туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир доирасида олдиндан кузатувга олинган, Ургут туманида яшовчи, 1966 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс шартли харидорга 993 грамм “опий” моддасини 15 минг АҚШ доллари эвазига сотиш вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговгача текширув жараёнида аниқланишича, мазкур наркотик модда Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми (контрабанда), 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Судгача бўлган жараёнда унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Таъкидланишича, Жиноят кодексининг ушбу моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.