Иқтисодиёт | 21:51 / 22.02.2023
37990
5 дақиқада ўқилади

Солиқ имтиёзларига қарамай, газ қазиб чиқариш камайди

Табиий газ бўйича солиқ ставкаси 3 бараварга, нефт ва газ конденсати бўйича 2 бараварга камайиши ортидан, 2022 йилда ер қаъридан фойдаланувчилар бир йил олдингига қараганда салкам 2 трлн сўм ёки 12 фоиз кам солиқ тўлади. Шунга қарамай, газ қазиб чиқариш 4 фоизга, газ конденсати қазиб олиш 3 фоизга камайди; нефт қазиб олиш 2 фоизга ошди.

2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича давлат бюджетига тушумлар 13,9 трлн сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 1,9 трлн сўмга (12,2 фоизга) камайди. Бу ҳақдаги маълумотлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоботида келтирилган.

Маълум бўлишича, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумларнинг асосий қисми (63,7 фоиз) давлат улушига эга олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Бу солиқ тури бўйича тушумларнинг пасайиши фойдали қазилмаларнинг айрим турлари бўйича солиқ ставкаларининг унификация қилиниши ва пасайтирилиши билан боғлиқ.

“[Солиқ ставкалари] табиий газ бўйича – 30 фоиздан 10 фоизгача, нефть ва газ конденсати бўйича 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилиши ҳамда 2022 йилдан бошлаб солиқ базасини аниқлашда “Netback” (ортга ҳисоблаш) механизми жорий этилгани натижасида солиқ тўловчилар ихтиёрида 538,1 млрд сўм қолдирилди”, – дейилади ҳисоботда.

Давлат бюджетининг 2022 йилги прогнозларига кўра, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари 14,3 трлн сўм бўлиши керак эди. Имтиёзлар туфайли бюджетга тушумлар прогноз кўрсаткичларидан камроқ бўлган: 13,76 трлн сўм.

2022 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланганлик учун (олтиндан тортиб газгача) солиқ ставкалари пасайтирилганди. Лекин ставкалар НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз” учун ўзгармасдан қолди. Имтиёзлардан мақсад хусусий компанияларни инвестиция киритиш ва фойдали қазилмалар миқдори кам конларни ўзлаштиришга рағбатлантириш экани айтилганди.

Ерости бойликларини ўзлаштирувчиларга ер қаъридан фойдаланганлик учун пасайтирилган солиқ ставкалари қуйидагича эди:

  • нефт ва табиий газ бўйича 10 фоизгача (аввал нефт 20 фоиз, табиий газ 30 фоиз эди);
  • олтин ва мис учун 7 фоизгача (аввал олтин 10 фоиз, мис 10 фоиз эди);
  • волфрам концентрати учун 2,7 фоизгача (аввал 10,4 фоиз эди);
  • уран учун 8 фоизгача (аввал 10 фоиз эди) камайтирилган.

Бундан ташқари, янги нефть ва газ қудуқларини, саноат усулида фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб, дастлабки икки йил давомида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш, кейинги уч йилда ушбу солиқ учун белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизига камайтирилган ставка қўлланиши ҳам белгиланганди.

Имтиёзларга қарамай, газ қазиб чиқариш камайган

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда 53,8 млн куб метр газ қазиб олинган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 51,7 млн кубга тушган. Пасайиш – 2,1 млн куб метр ёки 4 фоиз.

Шунингдек, 2021 йилда 1,32 млн тонна, 2022 йилда эса 1,29 млн тонна газ конденсати ишлаб чиқарилган. Пасайиш – 36,8 тонна ёки 2,8 фоиз.

Нефт қазиб олиш бироз ошган – 774,0 минг тоннадан 787,8 минг тоннага. Ўсиш – 13,8 тонна ёки 1,8 фоиз.

Манба: Статистика агентлиги

Табиий газ қазиб чиқариш қисқаришда давом этмоқда: 2023 йил январ ойида 4,3 млн куб метр қазиб чиқарилган. 2022 йилнинг мос даврида бу миқдор 4,7 млн куб метр эди.

Газ конденсати бўйича ҳам шу тенденцияни кўриш мумкин. Ишлаб чиқариш ўтган йили январда 120,4 минг тонна бўлган ҳолатда, бу йилги январда 109,4 млн тоннага тушган (пасайиш – 9 фоиз).

Январда нефт қазиб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 минг тоннага кўпайган. Ўсиш – 4,3 фоиз.

Манба: Статистика агентлиги

Аввалроқ Kun.uz энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов берган маълумотларга таяниб, Ўзбекистондаги нефт ва газ конларига эгалик қиладиган компаниялар ҳақида маълумот берганди.

Расмийларга кўра, ҳозирда мамлакатда 295 та нефт-газ кони бор. Шундан 118 таси – 40 фоизига “Ўзбекнефтгаз” (давлат) эгалик қилади. Қолган 176 тасини қўшма корхоналар ва хорижий компаниялар ишлатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 23 январ куни бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилишда бу йил газ қазиб олишни 9 фоизга ошириш имконияти борлиги айтилган эди.

Мавзуга оид