Жаҳон | 10:54 / 24.02.2023
8199
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия ходимларга TikTok’дан фойдаланишни тақиқлади

Европа комиссияси ходимларидан TikTok’ни иш қурилмаларидан олиб ташлаш сўралган, бу киберхавфсизлик билан боғлиқ. 

Фото: Shutterstock

Европа комиссиясининг киберхавфсизлик хизмати барча ходимлардан Пекинда жойлашган ByteDance компаниясига тегишли TikTok иловасини иш қурилмаларидан олиб ташлашни сўради. Тегишли хатлар 23 февраль, пайшанба куни ЕИ олий ижро этувчи органи ходимларига келиб тушган – уларда ЕК IT-мутахассислари, агар улар иш иловаларини учун фойдаланилса, 15 мартгача шахсий қурилмалардан видео алмашиш дастурини олиб ташлашни сўрашган. Мутахассислар ушбу чораларни ходимларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлигига ишончнинг етарли эмаслиги билан изоҳлайди

«Комиссия маълумотларини ҳимоя қилиш ва унинг киберхавфсизлигини яхшилаш мақсадида Европа Иттифоқининг Корпоратив бошқарув кенгаши Комиссиянинг мобил қурилмалари хизматларида рўйхатдан ўтган корпоратив қурилмалар ва шахсий қурилмаларда TikTok иловаси ишини тўхтатиб туришга қарор қилди», — дея хабар беради EURACTIV. 

Европанинг ички бозор бўйича комиссари Терри Бретон журналистларга аввалроқ TikTok’га эгалик қилувчи компания раҳбарияти билан махфийлик масалаларини муҳокама қилганини айтди, бироқ суҳбат тафсилотларини келтирмади. «Биз ҳамкасбларимизни ҳимоялашга ишонч ҳосил қилишда жуда фаолмиз», деди расмий. 

ЕКдан кейин Европа кенгаши иш телефонларида TikTok’дан фойдаланишни тақиқлади. 

Хитой компанияси вакилининг айтишича, TikTok эгалари ЕКнинг қароридан ҳафсаласи пир бўлган, компания буни «хато ва фундаментал нотўғри тушунчаларга асосланган» деб ҳисоблайди. 

DW’нинг рақамли технологиялар бўйича етакчи эксперти Янош Делкер ЕК қарорининг «рамзий қиймати» муҳимлигини таъкидлади. «Биз Европанинг асосий институтларидан бири ўз ходимларига: йўқ, биз ҳозир телефонингизда TikTok бўлишини хавфсиз деб ҳисобламаймиз, деганини кўряпмиз», — дея тақиқни изоҳлади эксперт. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид