Ўзбекистон | 17:40 / 28.02.2023
7036
2 дақиқада ўқилади

Нарпайда 130 оилага бепул қуёш панеллари ўрнатиб берилади

Нарпай туманида эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга қуёш панеллари ўрнатиб берилмоқда. Ушбу қурилма камида иккита электр лампа ва телевизорни ишлата олади. Асосийси, бунинг учун муҳтож оилалар ҳеч қандай тўлов қилмайди.

Туман маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўлими раҳбари Феруз Искандаровга кўра, бу анъана ўтган йили бошланган. Август-декабр ойларида жами 45 та хонадонга худди шундай қурилма бепул ўрнатиб берилган. Оилалар маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари тавсияси ҳамда «Темир дафтар»да турганлар орасидан саралаб олинмоқда.

Панеллар имкон қадар энг муҳтож оилаларга ўрнатиб берилган. Ҳар бир хонадонга қуёш панели ўрнатиб бериш 2022 йилда ўртача беш миллион сўмдан тушган.

Биз Нарпайдаги қуёш панеллари тарқатилган хонадонларда бўлдик ва қуёш панелига қўшиб аккумулятор ҳам берилганини кўрдик. Бу қурилма иккита электр лампа ҳамда битта телевизорни ишлата олади, ундан ортиғига қуввати етмайди. Уни қандай ишлатиш ва фойдаланиш ҳақида аҳолига тушунча берилган. Хонадон эгалари қуёш панеллари ёрдамида гарчи уйини иситиш ёки музлаткични ишлатиш имкони бўлмаса-да, шу йилги қиш мавсумида анча наф берганини таъкидлашди.

«Ҳамма ерда «свет» йўқ вақтда ҳам уйимиз ёруғ эди, телевизор кўра олдик. Қурилмани бепул ўрнатиб, йигирма йил кафолат беришди. Электр энергияси учун сарфлайдиган маблағимизни анча тежаяпмиз», деди туманнинг Бахт маҳалласида яшовчи Гулзода Сапарова.

Мазкур қуёш панеллари 2023 йилда ўртача ҳар бир хонадонга 6 миллион сўмдан ўрнатиб берилмоқда. Маблағ эса «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан тўланмоқда. Ушбу йилда Нарпай туманидаги 130 та эҳтиёжманд оилага худди шундай қурилмалар ўрнатиб берилиши режа қилинган.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид