Ўзбекистон | 12:20 / 02.03.2023
3995
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда Сенат томонидан 8 та қонун рад этилган

Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Ялпи мажлис Сенатнинг 2022 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган масалани кўриб чиқиш билан бошланди. 

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Таъкидланишича, 2022 йилда Сенат томонидан 79 та қонун кўриб чиқилган ҳамда уларнинг 8 таси рад этилган. Қонунларни тизимли таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти давом эттирилиб, 20 дан ортиқ қонун ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини мониторинг қилиш якунлари бўйича ҳукумат олдига тегишли вазифалар қўйилган.

Парламент назорати доирасида Сенат ялпи мажлисларида ҳукумат, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимларнинг ҳисобот ва ахборотлари юзасидан 27 та эшитув ўтказди.

Ҳар чоракда ҳукуматнинг ҳамда молия вазирининг Давлат дастури ижросининг бориши ва Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама этилди.

Сенаторлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни ўрганишга алоҳида эътибор берган ҳолда, ўрганиш якунлари бўйича мингга яқин масала ҳал этиш учун ҳукуматга киритилди. Мазкур таклифлар асосида 2023 йилги Давлат бюджети параметрлари ва инвестиция дастурлари доирасида 1,2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилишига эришилди”, — дейилади Сенат хабарида.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

"8 та қонун рад этилди. Айтиш лозимки, бу рақам ортида шунчаки қайтарилган қонунлар сони эмас, балки қонунларнинг аввало аҳоли ва ҳудудлар манфаатларига қай даражада мослиги нуқтаи назаридан ўтказилган чуқур таҳлиллар ётибди. 

Бу жараёнда маҳаллий Кенгашлар, қўмиталар ҳузуридаги салоҳиятли эксперт гуруҳлари ҳам фаол иштирок этаётгани, қолаверса кенг жамоатчилик фикри инобатга олинаётганини алоҳида таъкидлаш лозим" дейди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Қайд этилишича, ўтган йилда ҳукумат аъзоларига 5 та парламент сўрови юборилган. Жисмоний ва юридик шахсларнинг 17,1 минг мурожаати кўриб чиқилиб, 6,5 мингга яқин мурожаат алоҳида назоратга олинган. 

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид