Ўзбекистон | 12:14 / 04.03.2023
3246
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон транспорт парки модернизациясига Япония сармояси жалб қилинади

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир маслаҳатчиси Абдулла Ҳошимов ва Япония Савдо ассоциациясининг МДҲ бўйича Иқтисодий тадқиқотлар институти (РОТОБО) бош директори Такафуми Накай раҳбарлигидаги делегация ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Суҳбат чоғида халқаро юк ташиш, транзит, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, “Осиё – Марказий Осиё – Европа” йўналишида янги транспорт йўлакларидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Япония ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларини Марказий Осиё билан боғлайдиган янги муқобил транспорт йўлакларини ўрганиш ва ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакат транспорт паркини модернизациялаш, халқаро юк ташиш жараёнларини рақамлаштириш ва республикада янги логистика марказларини яратишга Япониянинг етакчи компаниялари сармояларини жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Такафуми Накай икки томонлама инвестициявий, савдо-иқтисодий шерикликнинг барқарор ўсишини кўзлаб икки давлатнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича янги амалий таклифларни амалга ошириш доирасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканлигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид