23:53 / 06.03.2023
12458

Туркия молиявий муаммолар туфайли Россия билан «газ ҳаби»ни қурмаслиги мумкин 

Зилзилалардан кейин кўп нарса ўзгарди, «газ ҳаби» бўйича музокаралар тўхтатилди. 

Фото: Getty Images

Туркия Энергетика вазирлиги Россия билан «газ ҳаби» қурилишини муҳокама қилиш бўйича 22 март кунига белгиланганИстанбул учрашуви ўтказилмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди. 

«Йўқ, 22 март куни ҳеч қандай анжуман ўтказилмайди, янги сана белгиланмади», деб агентлик ўз манбаси сўзларини келтирди. 

Олдинроқ тадбир 14 феврал кунига белгиланган, аммо зилзилалар туфайли 22 мартга кўчирилган эди. Бу сафар у номаълум муддатга қолдирилган. 

Учрашувнинг қолдирилиши Туркиядаги ҳалокатли зилзилалар ва бунинг оқибатида юзага келган молиявий муаммолар билан боғлиқ. Энди Туркия бу лойиҳани молиялаштиришни Россия зиммасига юкламоқда. 

Бу ҳақда Туркия президенти ҳузуридаги Хавфсизлик ва ташқи сиёсат кенгаши аъзоси Чағри Эрҳон гапирди. 

«Туркияда зилзилалардан кейин кўп нарса ўзгаргани учун ҳаб бўйича музокаралар тўхтатилди. Устуворликлар ўзгарди. Энди уни қуришга пулимиз йўқ. Россияда пул бўлса, марҳамат, ҳабни қуришни бошласин. Ҳаммаси инвестицияларга боғлиқ», деди Эрҳон. 

Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин Туркия билан ҳамкорликда «газ ҳаби»ни очишни таклиф қилган эди. Бу билан Россия ўз газини Туркия орқали Европага экспорт қилишни режалаштирган эди. 

Туркия газ ҳаби таклифига ижобий муносабат билдирди ва икки давлат раҳбарлари тегишли идораларга ишларни бошлаш бўйича кўрсатмалар берди. Бироқ Европа бу таклифни иштиёқсиз кутиб олди. Ғарб оммавий ахборот воситалари рус газини Европага импорт қилиш учун инфратузилмани яратиш «ҳеч қандай маънога эга эмас»лиги ҳақида ёзди. Европа комиссияси эса Европа Иттифоқи Россия газига қарамликни камайтиришга интилаётганини эслатди. 

Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Top