11:32 / 07.03.2023
6917

Камроқ ҳуқуқ ва маош, лекин кўпроқ муаммо. Хотин-қизларни қийнаётган масалалар ҳақида

Ҳар йили 8 март – хотин-қизлар байрами сифатида халқаро миқёсда нишонланади. Баҳор келиши билан гул ва ширинликлар билан нишонланадиган байрамимиз, аслида, хотин-қизлар муаммоларини халқаро ҳамжамият олдида яна бир эслатиб қўйиш учун тақвимда алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Фото: Kun.uz

8 март тарихи ҳақида қисқача

Халқаро хотин-қизлар кунининг нишонланиши тарихи 1908 йилга бориб тақалади. Шу йили Ню-Йоркда 15 минг аёл хотин-қизларга яхшироқ маош, қисқа иш куни ва овоз бериш ҳуқуқини талаб қилиб намойиш ўтказишган эди. Намойишлардан бир йил ўтиб Америка социалистик партияси биринчи марта миллий аёллар куни санасини эълон қилади.

Халқаро миқёсда аёллар санасини нишонлаш таклифи 1910 йилда аёллар ҳуқуқлари фаоли Клара Зеткиндан чиқади. У Копенгагенда бўлиб ўтаётган халқаро аёллар конференциясида буни таклиф қилади ва 17 давлатдан вакил бўлган 100 фаол аёл Клара Зеткиннинг таклифини маъқуллайди.

Клара Зеткин

Шундай қилиб Халқаро аёллар куни 1911 йилда биринчи марта Австрия, Дания, Германия ва Швейцарияда нишонланади. БМТ томонидан эса халқаро миқёсда расмий сана сифатида 1975 йилга келибгина эътироф этилади. 1996 йилдан бошлаб ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами алоҳида битта шиор билан нишонлана бошланади. Ўша йилги шиор “Ўтмишни нишонлаш ва келажакни режалаштириш” деб номланган эди.

Халқаро хотин-қизлар куни аёллар шу пайтгача жамиятда, сиёсат ва иқтисодда қандай ютуқларга эришганини байрам қилиш санасига айланди. Шу билан бирга ҳали-ҳануз сақланиб турган улар билан боғлиқ муаммоларни яна бир бор эслатиш ва эсдан чиқармаслик учун ҳам бу сана алоҳида ажратилади.

Бу йилги байрам шиори қандай?

БМТ бу йилги сана учун “Ҳамма нарсани рақамлаштириш: Инновация ва технологиялар гендер тенглиги учун” шиорини танлади. Мақсад: хотин-қизларнинг онлайн таълим ва технологиялар ривожига қўшаётган ҳиссасини тан олиш ва нишонлашдан иборат.

Қолаверса, шиор билан рақамли гендер тенгсизлиги муаммолари ҳам ўрганилади. Айни пайтда дунёдаги аёлларнинг 37 фоизи интернетдан фойдаланмайди. Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг 87 фоизи интернетдан фойдаланади, 23 фоизида онлайн бўлиш имкони йўқ. БМТнинг баҳолашича, аёлларда интернетда онлайн бўлиш имкони етарлича бўлмагани сабаб 2025 йилгача паст ва ўрта даромадли мамлакатлар ўз ЯИМларининг 1,5 трлн долларини йўқотишлари мумкин.

Агар аёллар интернетга кириш имконига эга бўлишмаса, улар рақамли дунёга хос малакаларини ҳам ривожлантира олишмайди. Шу сабаб улар илм-фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM фанлари) соҳасида ўз карьераларини қура олмаслиги мумкин. Ваҳоланки, STEM фанларига алоқадор касблар 2050 йилга бориб барча мавжуд касбларнинг 75 фоизини ташкил қилиши кутилмоқда. Айни пайтда хотин-қизлар фаолияти сунъий интеллект йўналишида ҳам атиги 22 фоизни ташкил қилади.

Камроқ ҳуқуқ, камроқ маош, кўпроқ муаммолар

Ўтган давр мобайнида аёллар ўз ҳуқуқлари ҳимояси учун ҳаракат қилиб келишмоқда. Лекин вазиятни ҳали яхши деб бўлмайди.

Афғонистонда “Толибон” аёлларга олий таълим олишни, турли соҳаларда ишлашни, бирор ерга ёлғиз боришни тақиқлаб қўйган.

Эронда эса рўмолни нотўғри ўрагани учун 22 ёшли Маҳса Аминий ахлоқ полицияси томонидан қўлга олиниб, касалхонада вафот этди. Шундан сўнг мамлакатда норозилик ҳаракатлари бошланди.

2022 йил 24 февралда бошланган Россия-Украина уруши сабаб Украинада озиқ-овқат хавфсизлиги хавф остида қолди, тўйиб овқат емаслик, камбағаллик ва гендер зўравонлик муаммолари кучайди. БМТ ҳисоботига кўра, уруш сабаб нархларнинг ошиши ва етишмовчиликлар юзага келиши билан худди шу муаммолар дунёнинг бошқа давлатларида ҳам юз бермоқда.

Турли уринишларга қарамай дунёда ҳануз аёллар эркак ҳамкасбларига қараганда камроқ маош олади. Халқаро Меҳнат Ташкилоти маълумотига кўра, аёллар маоши эркакларникига қараганда 20 фоиз камроқ. Таълим, тажриба, маҳорат, иш вақти, касбий сегрегация каби сабаблардан ташқари маошлар ўртасидаги фарқнинг асосий сабаби ҳануз жинсга қараб ажратилиш билан боғлиқ.

Аёллар COVID-19 пандемиясида ҳам энг кўп азият чеккан қатлам орасида бўлишди. Пандемия унгача бўлган даврда ўнлаб йиллар давомида гендер тенглиги борасида қилинган ютуқларни йўққа чиқарди. Ҳозир эса давлатлар қаршисида бу муаммоларни ҳал қилиш вазифаси турибди.

Қолаверса, аёллар репродуктив саломатлигида ҳам муаммолар етарлича. Дунё бўйлаб ҳар куни 800 аёл, 7 минг чақалоқ ҳомиладорликда олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан вафот этади, 5,5 минг чақалоқ ўлик туғилади.

Ўзбекистонда-чи?

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг муаммолари етарлича. Гарчи уларга таълим олишда турли грант, имтиёзлар берилаётган, аёлларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинаётган бўлса-да, ҳали қилинмаган ишлар ҳам етарли.

“Бизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш механизми йўқ… Энг ёмони бу ҳолатлар маиший низо деб ниқобланяпти. Бу маиший низо эмас, чунки одам ўлдириш, қотилликка етаклаяпти”, деган эди “Сукут сақлама” лойиҳаси мутахассиси Нигора Адизова Kun.uz’га берган интерьвюсида.

Масалан, 2022 йилги маълумотга кўра 568 492 нафар ўзбек аёли оиласини боқиш илинжида чет давлатларда ишламоқда.

Баъзи қишлоқ ҳудудларида яшаётган хотин-қизлар эса бирламчи шароитлардан ҳам баҳраманд эмас. Жумладан, ичимлик суви муаммоли ҳудудларда сув ташиш, асосан, аёллар ва болалар зиммасига тушади. Бу ўз ўрнида уларнинг кунига маълум вақт ва энергиясини фақатгина сув ташиш учун сарфлашларига тўғри келаётганини кўрсатади.

Санаса, турли соҳаларда хотин-қизларга оид муаммолар етарлича топилади. Уларни ҳал қилиш механизмларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқлар ҳимоясида аёлларнинг ўзлари фаол бўлиши бу муаммолар яхшироқ ва тезроқ ҳал бўлишига ёрдам бериши мумкин.

Шунинг учун 8 март арафасида гул олиш ва ширин табриклардан ташқари ўзимизнинг оғриқли муаммоларимизни яна бир эслаб қўяйлик ва ҳаракатга шошилайлик.

Байрамингиз билан, азиз аёллар!

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Top