Ўзбекистон | 09:07 / 07.03.2023
9367
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолиси эҳтиёжи учун Украинада чиқарилаётган дорилар етказилади

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси томонидан фармацевтика соҳасида Украина билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида йирик дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “Кусум фарм” компанияси раҳбарлари Раджив Гупта ва Шейх Имран билан учрашув уюштирилди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Суҳбат давомида компания раҳбарияти билан Ўзбекистонга қўшимча инвестициялар киритиш ҳамда барпо этилаётган заводда Европа стандартларини татбиқ қилиш масалалари билан бирга мамлакат аҳолиси эҳтиёжи учун Украинада ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли дори воситаларини етказиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

“Кусум” компаниялар гуруҳи ҳозирги пайтда Ўзбекистонга 5 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдорда инвестиция киритган бўлиб, GMP стандартлари асосида дори воситаларини ишлаб чиқарадиган завод қурмоқда.

Украинанинг мазкур компанияси “Кусум” компаниялар гуруҳининг таркибидаги ширкат бўлиб, у Украинанинг Суми вилоятида Европа стандартлари асосида дори воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Ушбу компаниялар гуруҳи Ҳиндистонда учта, Украинада битта ишлаб чиқариш заводига ҳамда 2 та илмий-тадқиқот марказига эга. Унда икки минг нафардан зиёд юқори малакали ходим фаолият кўрсатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид