Ўзбекистон | 10:52 / 08.03.2023
8211
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтда Халқаро Тошкент марафони ўтказилади

Жорий йилнинг 12 март куни спортчилар учун муҳим халқаро рейтинг очколари тақдим этадиган V халқаро Тошкент марафони ҳамда мамлакат 14 та ҳудудида бир вақтда Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақалари ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Kun.uz

Ташкилотчиларнинг айтишича, V халқаро Тошкент марафонида иштирокчилар 42 км, 21 км, 10 км ва 3 км масофада ўз кучларини синаб кўришлари мумкин. World Athletics мусобақалар тақвимига киритилган  Тошкент марафони ва WА қатъий регламентига мувофиқ ҳолда ўтказилади. Марафоннинг югуриш трассаси AIMS Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси томонидан сертификатланган.

International Tashkent Marathon минтақадаги энг йирик халқаро спорт мусобақаларидан бири бўлиб, профессионал спортчиларга 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига лицензияларни қўлга киритиш имкониятини беради. Бугунги кунда 22 та хорижий давлатдан профессионал ва ҳаваскор спортчилар ушбу марафонда иштирок этиш учун ариза топширган.

Шунингдек, мамлакат 14 та шаҳрида бир вақтда ўтказиладиган Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси тафсилотлари очиқланди. Оммавий югуриш  мусобақалари Андижон, Наманган, Фарғона, Чирчиқ, Навоий, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Термиз, Урганч, Нукус, Тошкент, Қоровулбозор ва Ғузорнинг марказий кўчалари бўйлаб 3 км масофага бўлиб ўтади. Бугунги кунда ушбу оммавий югуриш мусобақасида иштирок этиш учун 75 мингдан ортиқ аризалар қабул қилинган. Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаларида 25 мингдан ортиқ талабалар иштирок этиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид