Ўзбекистон | 16:09 / 09.03.2023
9331
12 дақиқада ўқилади

Конституцияда давлатнинг олий мақсади белгиланади

Бу олий мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўлади.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Ўзбекистон парламентида конституцияни янгилаш ҳақида маъруза қилган депутат Жаҳонгир Ширинов асосий қонунга киритилаётган айрим ўзгаришларни санаб ўтди. Қуйида унинг маърузасидан бир қисми келтириб ўтилади.

Биринчидан, Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари уй-жой билан таъминланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги ва бошқалар белгиланмоқда. Бошқача айтганда, ижтимоий давлатга хос бўлган барча элементлар конституциямизда акс эттирилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қоидалар янада такомиллаштирилди. Жумладан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши мустаҳкамланди.

Иккинчидан, ижтимоий давлатга хос ёндашув таълим соҳаси бўйича ҳам кўпгина модда ва нормаларда ўз ифодасини топмоқда.

Хусусан, ёшларнинг олийгоҳларда давлат ҳисобидан грант асосида ўқиш ҳуқуқи Конституцияда белгиланмоқда. Яъни, бу билан иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олиш имконияти кафолатланмоқда. Бу олий таълимда ҳамиша давлат гранти учун квоталар ажратилади ва ушбу тартиб ҳеч қачон бекор бўлмайди дегани.

Шу билан бирга, ногиронлиги бор болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратиш, яъни инклюзив таълим тизимини ривожлантириш бўйича давлат ўзига мажбурият олмоқда.

Эътибор беринг. Конституциявий қонун лойиҳасида педагог ходимларга оид қоидалар қайта кўриб чиқилди ва ўқитувчи касбига нисбатан юксак ҳурматни ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини назарда тутувчи алоҳида янги модда киритилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади” деган қоида ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳақида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамланмоқда.

Учинчидан, “инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун, лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда: 1) инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир; 2) давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Бошқача айтганда, энди агар давлат бирон бир ҳаракат учун жарима, ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чорасини белгиламоқчи бўлса, мазкур принципга амал қилади, яъни арзимаган, кам аҳамиятли қоидабузарлик учун унинг жамият учун хавфлилик даражасига мутаносиб бўлмаган оғир жазо чорасини белгилай олмайди. Айтиш жоизки, ушбу қоида асосида амалдаги ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам қайта кўриб чиқилади ва ўйлайманки биринчи навбатда биз депутатлар ушбу масалада жонбозлик кўрсатамиз.

Эътибор беринг. Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши белгиланмоқда. Бу жуда катта кафолат. Масалан, айтайлик солиқ қонунчилигида бир-бирига номувофиқ бўлган нормалар вужудга келди. Бундай номувофиқликни, табиийки, солиқ органи давлат фойдасига, фуқаро эса ўз фойдасига талқин қилишни хоҳлайди. Конституцияга киритилаётган мазкур кафолат эса, бундай баҳсга нуқта қўяди ва номувофиқликлар давлатга эмас, балки инсон фойдасига ҳал этилади деб қатъий белгилайди.

Яна бир масала. Конституциямизда “шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги” белгиланмоқда. Бош Қомусимизга киритилаётган ушбу қоида заҳматкаш халқимизнинг кўп йиллар давомида бошига тушган ташвиш, яъни заррача айби йўқ шахсга нисбатан айбдор сифатида қараш каби собиқ тузумдан қолган сарқитлардан холи этишга қаратилган.

Айбсизлик презумпцияси янада кучайтирилмоқда. Жумладан, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгиланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.

Давлатнинг хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаши назарда тутилмоқда.

Тўртинчидан, ушбу конституция тўғридан тўғри ишлайдиган ҳужжат бўлмоқда. Яъни, энди барча фуқаролар ҳаттоки ўзининг кундалик ҳаётида ҳам Конституцияга мурожаат қиладилар. Ундаги барча нормалар, уларни қандай амалиётда қўллашни очиб берувчи қонунчилик ҳужжати мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, тўғридан тўғри ишлайди.

Конституция нормаларини судларда тўғридан тўғри қўллаш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида, бу масала юзасидан Олий суд Пленумининг қарорини қабул қилишни таклиф этмоқдамиз.

Бешинчидан, “Хабеас корпус” институти кўламини янада кенгайтириш мақсадида шахсни 48 соатдан ортиқ суднинг қарорисиз ушлаб туриш мумкин эмаслиги, телефон сўзлашувларини эшитиш ва тинтув ўтказиш фақат суд рухсат берсагина амалга оширилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ушланган шахсга сукут сақлаш ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда ушлаб туриш асослари содда тилда илк сонияларданоқ тушунтирилиши, шунингдек ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатма беришга мажбур эмаслиги каби “Миранда” қоидалари Конституция даражасида белгиланмоқда. Бу қоидалар инсонни ноҳақ жиноий таъқибдан, айрим тергов органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилади. Ва эътибор беринг, ушбу қоидалар фақатгина соҳавий қонунларда эмас, балки айнан энг олий ҳужжат – Конституцияда белгиланмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатларнинг ролини ошириш, уларнинг прокурорлар билан тенг тортишувчанлик принципи асосида фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган нормалар киритилмоқда. Эътибор беринг! Прокуратурага оид конституциявий нормалар қандай алоҳида бобда акс эттирилган бўлса, худди шундай Конституциямизга адвокатурага бағишланган янги боб киритилмоқда.

Олтинчидан, лойиҳада бугунги кунимизнинг энг долзарб муаммолардан бири – экология масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги аниқ ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини олмоқда.

Эндиликда, давлат аҳолига қайси ҳудудда экологик вазият ёмонлашаётганлиги, унинг сабаблари тўғрисида маълумотлар бериб боришга, уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўришга мажбур бўлади.

Еттинчидан, Конституция лойиҳасида 18 миллиондан ортиқ ёшларимиз масалаларига ҳам эътибор берилиб, уларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти эканлиги белгиланмоқда. Эътибор қилинг! Бош қомусимизда ёшлар учун алоҳида боб ажратилмоқда.

Ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга етгунига қадар нафақат боқиш ва тарбиялаш, балки уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли

ва ҳар томонлама камол топиши учун ҳам ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, ёшларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Бу эса ёш авлод ҳаётини яхшилаш, улар орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ва ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун улкан имконият яратади.

Саккизинчидан, очиқлик сиёсатини давом эттириш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ва жамоатчилик назорати институтини янада ривожлантиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Хусусан:

  • миллий қонунчилигимизда биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларининг таркиби очиб берилмоқда ҳамда улар фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамланмоқда;
  • давлат бюджетини шакллантириш ва уни ижро этиш устидан фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назорати олиб борилиши ҳақида янги модда киритилмоқда.

Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлаши, шунингдек оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мустаҳкамланмоқда. Албатта, оммавий ахборот воситалари янада фаол бўлиши учун уларга кенг имкониятлар ва кучли ҳимоя керак. Конституциямизга киритилаётган ушбу норма мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлиги янада юксалишига, жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қолаверса, ҳукуматнинг асосий ваколатларидан бири сифатида “ижро ҳокимияти органларининг ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, уларнинг фаолиятидаги коррупция кўринишларига қарши курашиш, давлат хизматларининг сифатини ва очиқлигини ошириш чораларини кўриш” белгиланмоқда.

Фуқароларга, уларнинг сони юз минг нафардан кам бўлмаса, қонунчиликка оид таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Бош Қомусимизга бундай қоиданинг киритилиши давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг иштирокини кенгайтиради. Ислоҳотларнинг ташаббускори сифатида инсонлар ўзларининг келажаги, орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш учун муҳим қарорлар қабул қилишда, жамиятдаги муаммоларни ўз вақтида ҳал этишда тўғридан тўғри иштирок этишлари учун шароит яратилади.

Тўққизинчидан, миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Жумладан:

  • нафақат банк омонатлари, балки банк амалиётлари ва ҳисобварақларнинг ҳам сир тутилиши кафолатланмоқда;
  • солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги ўрнатилмоқда;
  • давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиши мустаҳкамланмоқда;

Эътибор беринг. Тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли эканликлари кафолатланмоқда. Конституциямизга мазкур қоиданинг киритилиши эркин бозор иқтисодиётининг энг муҳим талабини ўзида ифода этиб, “қонунда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятга рухсат берилади” деган тамойилга асосланади.

Ўнинчидан, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилмоқда. Жумладан:

  • ҳеч қайси бошқа орган ёки шахс суд ҳокимиятининг ваколатини ўзлаштира олмаслигини инобатга олиб, “одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши” конституциявий мустаҳкамланмоқда;
  • судьянинг бошқа органлар ва шахслардан холи бўлишини таъминлаш мақсадида судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги қатъий ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлмаслиги белгиланмоқда;
  • суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилишини кафолатловчи янги модда киритилмоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти