23:30 / 09.03.2023
7908

Мирзиёев Қирғизистон ҳукумати раиси билан учрашди 

Президент Қирғизистон билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади. 

Президент Шавкат Мирзиёев 9 март куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси, президент администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаровни қабул қилди. 

Учрашувда 2023 йил январ ойида Бишкек шаҳрида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Бунда Ўзбекистон-Қирғизистон кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, иқтисодиёт, савдо, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. 

Автомобилсозликда, пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш, электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, фойдали қазилмалар конларини биргаликда ўзлаштириш бўйича кооперация лойиҳаларини жадал суръатда амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. 

Учрашувда Қамбарота-1 ГЭС қурилишининг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли лойиҳасини фаол тайёрлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. 

Жорий йилда парламентлар, ҳукуматлар, экспертлар, жамоатчилик ва ёшлар даражасида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қўшма тадбирларни ўтказиш мўлжаллангани таъкидланди. 

Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. 

Top