Ўзбекистон | 18:41 / 10.03.2023
6030
2 дақиқада ўқилади

Халқаро бренд товарларини импорт қилувчилар реестри юритилади

Ўзбекистонда айрим турдаги халқаро брендлар товарларининг расмий дистрибюторлари реестри тузилади. Реестрга киритилган импортчилар 55 турдаги маҳсулотни пасайтирилган импорт божини тўлаган ҳолда олиб кириши мумкин бўлади.

Фото: Reuters

Ҳукумат қарори билан Халқаро брендлар товарларининг айрим турларини бренд эгалари ёки уларнинг ваколатли етказиб берувчилари билан тузилган тўғридан тўғри шартнома асосида импорт қилувчилар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Реестрга кириш учун ариза берувчи Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига ариза юборади. Аризага, жумладан, қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади: 

  • ариза берувчи халқаро брендлар товарларининг айрим турларининг бренд эгалари ёки уларнинг ваколатли етказиб берувчилари эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар; 
  • маҳсулот етказиб бериш бўйича тўғридан тўғри тузилган импорт шартномалари; 
  • товарларнинг сифати ёки хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • товарнинг келиб чиқиш мамлакати ва ишлаб чиқарувчиси ҳақида дастлабки маълумот.

Ариза қабул қилинган кундан бошлаб 20 иш кунида кўриб чиқилади. Ариза берувчини ва халқаро брендлар товарларининг Реестрга киритилганлиги тўғрисидаги сертификат 1 йил амал қилиш муддати билан берилади. 

Реестрга киритиш бўйича аризани кўриб чиқиш учун тўлов қиймати ҳар бир импорт шартнома суммасининг, қўшимча келишувлар бўйича – қўшимча келишув суммасининг 0,8 фоизи миқдорида ҳисобланиб, ушбу миқдорга ҚҚС алоҳида қўшилган ҳолда ундирилади. Сертификатни қайта расмийлаштириш учун БҲМнинг 5 баробари (1,5 млн сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

Реестрга киритилган импортчилар 55 турдаги маҳсулотни пасайтирилган импорт божини тўлаган ҳолда олиб кириши мумкин бўлади. Бу рўйхатдан парфюм ва атирлар, косметика ва шахсий гигиена воситалари, кийим-кечак ва пойабзаллар, заргарлик буюмлари, кўзойнаклар ва бошқалар ўрин олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид