Жаҳон | 21:48 / 13.03.2023
16903
2 дақиқада ўқилади

Молдова ҳукумати қатл этилган Украина жангчисини ўз фуқароси деб атади 

Александр Мациевский «Украинага шон-шуҳрат» дегани учун отиб ўлдирилган эди. 

Фото: СБУ

«Украинага шон-шуҳрат» дегани учун отиб ўлдирилган Украина Қуролли кучлари аскари Александр Мациевский аслида Молдова фуқароси эди. Бу ҳақда Молдова Ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазирлиги хабар берди. 

Идора фикрига кўра, Мациевскийнинг қатл этилишини ҳарбий жиноят сифатида баҳолаш мумкин. 

«Украина томони Россия ҳарбийлари томонидан қатл этилган украиналик аскар Александр Мациевский эканини тасдиқлаганидан сўнг, Молдова ТИВ ўз фуқаросининг ўлдирилишини кескин қоралайди. Бу ҳарбий жиноят ва халқаро гуманитар қонунларнинг қўпол бузилиши сифатида баҳоланиши мумкин», дейилади ТИВ баёнотида. 

Март ойи бошида ижтимоий тармоқларда «Украинага шон-шуҳрат» деган ҳарбий асирнинг қатл этилиши акс этган видео тарқалди. Дастлаб бу шахс Тимофей Шадура экани айтилди. 

Кейинроқ Украина Қуролли Кучлари ва Хавфсизлик хизмати вакиллари марҳумнинг Чернигов вилояти ҳудудий мудофааси жангчиси Александр Мациевский эканини маълум қилди. 

ОАВ маълумотларига кўра, Мациевский Кишинёвда туғилган. 2008 йилда у оиласи билан Украинанинг Чернигов вилоятига кўчиб ўтган. Уруш бошланиши билан кўнгилли сифатида ҳарбий хизматга ёзилган. 

12 март куни Украина президенти Володимир Зеленский жангчи Александр Мациевскийга Украина Қаҳрамони унвони берилганини маълум қилди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид