Жаҳон | 09:27 / 13.03.2023
5329
3 дақиқада ўқилади

Молдова провокациялар эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди

Кишинёвда мухолифат намойиши бўлиб ўтди. Полиция Россия махсус хизматлари томонидан провокациялар тайёрланаётганини эълон қилди, шу муносабат билан 7 нафар гумонланувчи қўлга олинди.

Фото: Reuters

Молдова полиция бош комиссарлиги раҳбари Виорел Чернэуцану Россия махсус хизматларини мухолифат намойишлари пайтида беқарорлик ҳаракатларига тайёргарлик кўрганликда айблади. «Полицияга Россия махсус хизматлари томонидан Молдовада мухолифат намойишлари пайтида, шу жумладан бугун ҳам вазиятни беқарорлаштириш бўйича режаланган ҳаракатларга тайёргарлик кўрилгани ҳақида тезкор маълумотлар келиб тушди», — деди у 12 март, якшанба куни «Шор» партияси митинги олдидан брифингда.

Чернэуцану, шунингдек, Россия вакили раҳбарлигида ушбу мақсадлар учун махсус тайёргарликдан ўтаётган 7 кишининг қўлга олингани ҳақида ҳам маълум қилди. Полицияга жами 25 нафар гумондор келтирилди.

Айни пайтда, Кишинёв марказида «Шор» партияси уюштирган оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Молдовада иситиш мавсуми учун коммунал тўловлар тўлашни ва урушнинг олдини олишни талаб қилган митинг иштирокчилари ҳукумат биносига қараб юриб, полиция ҳалқаларини ёриб ўтишга уринди, деб ёзади Publika.md.

Акция иштирокчилари ҳукуматдан қиш ойларида коммунал тўловларни сўндириш бўйича 24 соат ичида жавоб беришни талаб қилиб, қарор қабул қилди, деди «Шор» партияси раиси ўринбосари Марина Таубер. Бундан ташқари, фаоллар бош вазир Майя Сандуни истеъфога чақиришди. «Интерфакс» хабарига кўра, митингда 50 га яқин одам ҳибсга олинган.

Бир кун аввал Молдова полицияси эҳтимолий провокациялар ҳақида огоҳлантирган эди. Баёнотда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тартибни сақлашга чақирган. «Миллий полицияда эртага акция давомида беқарорлик ва тартибсизликлар уюштириш режалаштирилгани ҳақида маълумот бор. Шу муносабат билан ташкилотчилар ва иштирокчилардан қонун талабларига риоя этишларини ҳамда инсон ҳаётига хавф туғдирувчи ҳаракатларга йўл қўймасликларини сўраймиз», - дейилади баёнотда. Бошқа нарсалар қатори, иштирокчилардан юзларини беркитмаслик ва ноқонуний хатти-ҳаракатлардан воз кечиш талаб қилинди.

12 март куни Молдова чегара полицияси Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси вакилини мамлакатга киритмагани маълум бўлди. «Ахборот алмашиш бизга Кишинёв аэропортидаги йўловчилар оқимида Россиядан келган ХҲК вакили шахсини аниқлаш имконини берди», — дейилади полиция хабарида. Эркак Молдовага самолётда келган. У самолётда учган давлатга қайтарилган.

Февраль ойида Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг Молдовада ҳокимиятни қўлга киритиш режаси борлигини эълон қилган эди. Шундан сўнг, ушбу мамлакат президенти Майя Санду бу маълумотни Киевдан олганини тасдиқлади ва Молдовада барқарорликни бузиш таҳдиди ҳамда Россия томонидан давлат муассасаларига ҳужум қилиш ва гаровга олиш учун дунёнинг бир қанча давлатларидан диверсантлар жалб этилиши мумкинлигини билдирди.

Мавзуга оид