08:21 / 17.03.2023
7336

АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида маълум қилди

Америка Қўшма Штатлари Россия агрессиясига қарши кураш доирасида Украинага янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилди. У «яқин кунларда» эълон қилинади, деди Оқ уй ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК) стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби. 

Фото: Reuters

У ушбу пакетга айнан нималар киритилишига аниқлик киритмади, бироқ АҚШнинг Украинани қўллаб-қувватлаши имкониятлар ва миқдорлар бўйича «бутун дунёда тенгсиз» эканини таъкидлади.

Аввалроқ, 15 март куни видео-конференция орқали Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг «Рамштайн» форматидаги 10-йиғилишда 40 дан ортиқ давлат иштирок этганди. 

Унинг якунида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Швеция Киевга ўнта Leopard 2 танки ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари топширишини маълум қилди. У қайси комплекслар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади. Февраль ойида Стокҳолм Hawk ва IRIS-T тизимлари Украинага ўтказилиши ҳақида хабар берган эди.

Испания Украинани қурол-яроғ, гуманитар ёрдам ва украиналик ҳарбий хизматчиларни ўқитиш орқали қўллаб-қувватлаш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлади. Яқин келажакда Мадрид Киевга Leopard 2А 4 русумли олтита жанговар танкни, кейинроқ эса яна тўрттасини жўнатади, деди мудофаа вазири Маргарита Роблес. 

Канада ҳукумати Киевга 8000 та артиллерия ўқлари, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар юборади, деб хабар берди Оттавадаги Мудофаа вазирлиги. Бундан ташқари, Дания, Германия ва Нидерландия томонидан Украинага топширилган Leopard 1 жанговар танклари учун 105 мм калибрли 1800 дан ортиқ ўқув снарядлари тақдим этилади.

Дания ҳукумати жорий йилда Украинага ҳарбий ва ҳуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича махсус жамғарма ташкил этишини маълум қилди.Қироллик ҳукумати парламентнинг кенг қўллаб-қувватлаши билан Украина учун жамғарма яратиш қарорига келишиб олди. Унинг умумий суммаси 7 миллиард Дания кронини (тахминан 940 миллион евро) ташкил этади. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top