Жаҳон | 10:46 / 20.03.2023
4621
2 дақиқада ўқилади

Исроил Фаластинга 6 ой давомида форпостлар қурмасликка ваъда берди

Мисрдаги музокараларда Исроил ва Фаластин 3-6 ойга бир томонлама ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олди.

Фото: AP

Исроил Фаластин ҳудудида янги турар жойлар қуриш бўйича муҳокамаларни тўрт ойга ва форпостлар қуриш учун рухсатнома беришни олти ойга тўхтатишга рози бўлди. Бу ҳақда 19 март куни Исроил, Фаластин, Миср, Иордания ва АҚШнинг қўшма баёнотига таяниб, The Times of Israel нашри хабар берди.

Ҳужжатда айтилишича, томонлар Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар чоғида кескинликни пасайтириш ва «кейинчалик зўравонликларнинг олдини олиш» йўлида ишлашга келишиб олдилар ҳамда «ҳам исроилликлар, ҳам фаластинликлар учун хавфсизлик, барқарорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш» мажбуриятини олдилар.

«Исроил ҳукумати ва Фаластин миллий маъмурияти уч ойдан олти ойгача бўлган муддатга бир томонлама чораларни зудлик билан тўхтатишга тайёрлигини ва биргаликдаги мажбуриятини тасдиқлади», — дейилади баёнотда. Томонлар, шунингдек, «зўравонлик, фитна ва вазиятни кескинлаштириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни камайтириш ва уларга қарши курашиш механизмини ишлаб чиқишга» келишиб олдилар», дейилади коммюникеда.

Исроил ва Фаластин делегациялари Миср, Иордания ва Қўшма Штатлар воситачилигида сўнгги ойларда авж олган инқирозни юмшатиш учун бир ойдан камроқ вақт ичида иккинчи марта учрашди, дея таъкидлайди AP.

Бу вақт ичида Исроил армиясининг ҳаракатлари натижасида 200 дан ортиқ фаластинлик, фаластинликларнинг ҳужумлари пайтида эса 40 дан ортиқ исроиллик ҳалок бўлган, дея эслатади агентлик. Навбатдаги йиғилиш апрель ойига мўлжалланган, у ҳам Мисрда бўлиб ўтади.

Февраль ойидаги олдинги учрашувдан сўнг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Исроил ҳукумати Ғарбий Соҳилдаги аҳоли пунктларида янги уй-жой қуриш бўйича тасдиқланган режаларни бекор қилмаслигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид