Жаҳон | 07:33 / 20.03.2023
8499
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон парламентига 6 та партия киряпти

Қозоғистонда ҳукмрон «Аманат» партияси парламент сайловларида етакчилик қилмоқда. Экзит-полл натижаларига кўра, у 53 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган. «Ауыл» партияси 10 фоиздан кўпроқ овозга эга, «Республика» партияси учинчи ўринни эгаллади.

Фото: kazinform

Экзит-полл натижаларига кўра, Қозоғистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида ҳукмрон «Аманат» партияси (илгари – собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг «Нур Отан» партияси) етакчилик қилмоқда. 19 март, якшанба куни кечқурун Евросиё интеграцияси институти маълум қилишича, у 53,46 фоиз овоз тўплаган. Экзит-полл натижаларига кўра, иккинчи ўринни 10,52 фоиз овоз билан «Ауыл» ватанпарварлар партияси, учинчи ўринни 8,90 фоиз овоз олган «Республика» партияси эгаллади, деб хабар берди институт вакили Айгерим Ергинболат республика телеканали эфирида.

Бундан ташқари, «Ақ Жол» партияси (7,87 фоиз овоз), Қозоғистон Халқ партияси (6,25 фоиз овоз) ва Умумхалқ социал-демократик партияси (УСДП, 5,31 фоиз овоз) беш фоизлик тўсиқдан ўтди.

Ўз навбатида, «Демократия институти» тадқиқот бирлашмаси ўзининг экзит-полл маълумотларини шундай овоз тақсимоти билан маълум қилди: «Аманат» – 53,33 фоиз, «Ауыл» – 11,26 фоиз, «Ақ Жол» – 8,87 фоиз, «Республика» - 8,33 фоиз, «Қозоғистон Халқ партияси» - 6,93 фоиз, УСДП - 5,12 фоиз.

Шу тариқа, парламентга олти партия кириши кутилмоқда, ҳозирча парламентда фақат учта ҳукуматпараст партиялар вакиллик қилган. Сайловда овоз берувчиларнинг 54 фоиздан ортиғи иштирок этди.

Қозоғистондаги сайловларда мухолифатчилар қарийб 20 йил ичида биринчи марта мустақил номзод сифатида қатнашди. Уларда мамлакатдаги расмий рўйхатдан ўтган еттита сиёсий партиянинг барчаси иштирок этди. Пойгада шу пайтгача вакиллик қилган «Аманат», «Ақ Жол» ва Қозоғистон Халқ партияси (ҚХП) партияларидан ташқари «Ауыл» ва УСДП, шунингдек, яқинда рўйхатдан ўтган «Байтак» ва «Республика» партиялари ҳам иштирок этишди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2022 йил бошида ҳукуматга қарши оммавий намойишлар ва тартибсизликлардан сўнг бошлаган модернизация жараёнининг бир қисми сифатида январь ойида навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди.

Мавзуга оид