Жамият | 16:03 / 22.03.2023
34131
7 дақиқада ўқилади

Қарийб 1 асрлик армон: Замонавий уйда яшаш орзусидаги онахон кечинмалари

Қумри Зарипова 90 ёшга яқинлашган онахон. У шу ёшида ҳам қўлидан кетмони тушмайди, ерларни чопиқ қилади. Пахта мавсумида 120 килогача пахта теради. Kun.uz мухбири Бухоро вилояти Пешкў тумани Боғумисо қишлоғида бўлиб, онахон билан суҳбат қилди.

У туғилиб ерни кўрди, пахтани боласидай севди. 90 ёшга яқинлашибди ҳамки, уни тупроқдан, кетмон-у ўроқдан биров ажратолмайди. Бу аёл Бухоро вилояти Пешкў туманида яшовчи Қумри Зарипова. 12 фарзандни туғиб катта қилган аёлнинг бошидан ўтганлари битта катта китобга сиғгулик бўлади.

Қумри Зарипова асли Бухоронинг Шофиркон туманида туғилган. Ўзи мактабга қатнаган 40-50 йиллар ҳақида шундай дейди.

“Оёғимизга битта калиш ололмасдик, пайпоқ деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Устимизга кийишга на чит ва на сатин материал топиларди. Бўз тўқишарди. Ўшани рангга бўяб, кўйлак қилиб кийгизишса, кайфимиз чоғ бўлиб мактабга кетардик. У пайтлар қишда 1 метргача қор ёғарди. Машина йўл очарди, орқасидан биз юрамиз, оёғимизда этик ҳам бўлмаган”, деб кўзига ёш олди аёл.

Ўзининг ҳикоя қилишича, мактабни жуда яхши баҳоларда ўқиган. Ҳозир ҳам тўйларга чиқиб, ёдида қолган шеър, қўшиқ ва мухаммасларни айтиб, давраларга файз олиб киради.

“Агар ҳозир туғилган бўлганимда президент Шавкат Мирзиёевнинг ёнида ишлаб юрган бўлардим. Чунки билим кучли, зеҳним ўткир эди”, дейди у.

Бироқ ўша пайтдаги бошқа қизлар қатори у ҳам мактабни охиригача ўқиёлмай, 7-синфни битира олган, холос. Кейин тақдир тақозоси билан 17 ёшли қизни Пешкў тумани Боғумисо қишлоғига келин қилиб олиб келишади. Шундан кейин ҳаётининг қолган қисми шу ер билан боғланиб кетади. Қишлоқда уни “Гагарин буви” дейишади. Айтишларича, Гагарин дейишларига сабаб у 7 апрелда келин бўлиб тушган бўлса, орадан 5 кун ўтиб, Гагарин космосга учган. Шу-шу олдин “Гагарин келин” кейин “Гагарин хола”, ҳозир “Гагарин буви” деб чақириш одатга айланади.

Ўзи келин бўлиб Боғумисо қишлоғининг ўша пайтдаги ҳолатини шундай таърифлайди.

“Мен келганда бу ерлар жуда хароб аҳволда, уйлар атрофи жангал билан ўралганди. 15 кунлик келин бўлганимда, белимда фартук боғлаб қолипга ғишт қуйиб, ташиганман. Ўша ғиштлар билан атрофга девор тутиб ўраб олганмиз, одам яшайдиган ҳолга келтирганмиз”, дейди онахон.

Шундан кейин турмуш ўртоғи билан 6 ўғил, 6 қизни оқ ювиб, оқ тараб катта қилган. Ўғилларининг барчасига қора меҳнат орқасидан иморат қилиб берган. Турмуши давомида ҳаётнинг барча заҳматлари ва меҳнатларини тотганини айтади. 

“Менда “Москвич”, бобода “Жигули” бор эди. Қилмаган ишим қолмаган, бир мурдашўйлик билан гўрковлик қолган. Битта оёқ машинам бор эди, уни олиб, кечқурун қишлоқдагиларнинг кийимини тикардим. 60-70 сотих ерга сабзи экиб, ичида бир ўзим юрардим”, дейди у.

Аёл ерни, далани кўп севган, фарзандидан кам кўрмаган. Кечасидан эрталабгача ухламай далага сув берган, ҳосил етиштирган. 350 килогача пахта терган. Шунча кўп терганидан пахтасини ташиб тугатиш қийин бўлганини ҳам айтади.

“Ҳатто қорнимда 8 ойлик бола билан ҳам пахта терганман. Даладаги қизлар бу хотин бўлса ҳам пахтани биздан кўп теради, деб ҳазил қилишарди”,  дейди Зарипова.

Онахон ҳозир ерга чиқиб, жўякларни тортиб, сабзавот экиб келади. Бир айби кўзи яхши кўрмайди. Акс ҳолда меҳнатдан чарчамаслигини айтади.

“Кун бўйи нон ёп дейишса ҳам ёпавераман. Меҳнатни яхши кўраман. Пахта далага карaвот қўйиб берса-ю, далада ётиб терсам дейман. Пилла боқишни ҳам яхши кўраман. Рўзғор ишларини-ку, ҳаммасини қилавераман. Ишга уриниб кетсам, чарчамайман. 50 минутда қайиш (таҳр.– бешбармоқ ҳам дейишади)нинг хамирини олиб, пишириб, сузиб келаман. Томорқада ўроқ, кетмон, эговим бўлса, уйда ўтирсам, игнам, ўрмагим, қатимим бўлса менга етади”, дейди у.

Ҳозир ҳам Қумри холанинг қиладиган кунлик юмуши олдингидан кам эмас. Чунки 3 невараси билан яшайди. Ўғли ва келини эса пул топиш учун Россияга кетган. Шу 3 бола оғзига ош-овқат тутиш, уларга кийим-кечак қилиш ҳам 86 ёшли бувининг зиммасида.

 “Ҳозир ҳам пахта мавсумида 112 килогача пахта тераман. Ўтган йил болаларим пахта терманг, одамлар нима дейди деб, далага чиқишга қўймади. Шунда ҳам Афшонада яшайдиган қизимникига бориб, ўша ердан пахта териб келардим. Пулига ҳар ҳафта бир халта ун, 10 кг гуруч, ёғ олиб, шу невараларимга келтириб турдим”, дейди у. 

Онахон билан суҳбатлашар эканмиз, унинг сиймосида ўзбекнинг меҳнатда улғайган қаҳрамон аёлини кўрдик. Бироқ шунча заҳмат чеккан, меҳнаткаш аёлга ҳокимият ҳам, маҳалласи ҳам кўрсатмаган эҳтиром кўнгилни хира қилади.

“Афсуски, шунча қилган меҳнатларим зое кетди — пенсиямни кам чиқаришди. Эндигина 700 мингга кўтарилди. Ҳеч кўтаришмайди”, дейди у.

Бундан ташқари, ўғли ва куёви хорижда бўлгани сабаб, уларнинг болаларига чиқадиган бола пулини ҳам беришмаётганидан норози бўлди. Онахоннинг айтишича, у билан бирга ҳужжат топширганлар аллақачон бола пулини олган.

“Лекин бир неча ойдан бери менинг невараларимга беришмайди. Уйдан чиқолмаганим, идорасига боролмаганим учун шундай қилишяпти”, дейди Зарипова.

Суҳбат якунида аёлнинг энг катта орзуси нима эканини сўрадик.

“Менинг ҳам замонавий уйларим бўлса дейман. Ўшандай уйимда бир кун яшасам ҳам, орзум ушалган бўлади. Лекин шунча меҳнат қилган одамнинг уйини қаранг. Кучли шамол ошхонамнинг томини бузиб кетди. Раис рўйхатга олиб, кўриб кетди, лекин бир дона шифер ҳам бергани йўқ”, деб норози ҳолда сўзини тугатди онахон.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид