Ўзбекистон | 14:32 / 24.03.2023
6705
4 дақиқада ўқилади

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ягона ахборот тизими жорий этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ички ишлар вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланади:

  • замонавий рақамли технологиялар ҳисобига тарқоқ тизимларни бирлаштириш орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг самарадорлигини ошириш, аҳолига муносиб хизмат кўрсатиш мақсадида, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизимини яратиш;
  • маълумотларни агрегация қилиш, самарали бошқарув ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати – Ягона ахборот тизимининг интегратори этиб белгилаш.

Қуйидагилар:

  • Ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва уни кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш бўйича буюртмачи функцияси Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юкланади;
  • Ягона ахборот тизимини ишлаб чиқувчиси ва тизим интегратори этиб – “Ўзбектелеком” АК;
  • Ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш, уни тўлиқ жорий этиш ҳамда уни кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбаси этиб – Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг бюджетдан ташқари маблағлари белгиланади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

  • Ягона ахборот тизим Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг барча амалдаги ахборот тизимларини ягона платформага ўзаро интеграция қиладиган платформа ҳисобланади ва республика ижро этувчи ҳокимият ҳамда прокуратура ва суд органларининг фаолиятига жорий этилган ахборот тизимларига интеграция қилинади;
  • маълумотларни мақсадли алмашиш учун Ягона ахборот тизими хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига жорий этилган ахборот тизимларига амалдаги қонунчиликка мувофиқ шартнома асосида интеграция қилинади;
  • йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишлар Ягона ахборот тизимининг Ma’muriy amaliyot модули орқали ўзаро интеграция қилинган Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими (E-ma’muriy ish ахборот тизими) тартиб-таомилига мувофиқ юритилади;
  • Ягона ахборот тизимидаги ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ҳамда маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорлар E-ma’muriy ish ахборот тизими орқали шакллантирилувчи ягона хос (уникал) рақам орқали рўйхатга олинади;
  • Ягона ахборот тизимининг Ma’muriy amaliyot модули Олий суд ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли ахборот тизимларига интеграция қилинган ҳолда фаолият юритади;
  • Солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини аниқлаш ҳамда солиқ хавфини таҳлил қилиш учун Ички ишлар вазирлигининг ягона автоматлаштирилган ахборот-таҳлил тизими билан интеграция қилинади;
  • Реал вақт режимида солиқ органларига ахборот тизими орқали қўлланилган жарималар тўғрисидаги қўшимча маълумотлар (юридик шахс номи ҳамда унинг номида бўлган автотранспорт воситаси русуми ва давлат рақами, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ФИШ ва ЖШШИР рақами) тақдим этиб борилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳаси билан ўзаро боғлиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилган барча ахборот тизимларини бирлаштириш учун Ягона ахборот тизимига интеграция қилинади.

Мавзуга оид