Жаҳон | 08:05 / 25.03.2023
8227
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Суриядаги базаларга ҳужум учун жавоб қайтариши мумкин

Пентагон ҳужумда ИИМК билан алоқадор гуруҳларни айблади. Қўшма Штатлар минтақадаги кучларига таҳдид қилинса, «тегишли жавоб бериш» ҳуқуқини сақлаб қолишини билдирди.

Фото: AP

АҚШ Суриядаги ўз қўшинларини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ишга солади. Бу ҳақда 24 март, жума куни Пентагон ўз базаларидан бирига навбатдаги ҳужумга жавобан маълум қилди. Қўшма Штатлар ҳужумда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)га қарашли ҳарбийлаштирилган гуруҳларни айблади ва минтақадаги АҚШ кучларига таҳдид қилинса, «тегишли жавоб бериш» ҳуқуқини сақлаб қолишини билдирди.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар Америка базасига 10 та ракета учирди, дея таъкидлаб ўтди Мудофаа вазирлиги. Бунинг оқибатида ҳеч ким жабрланмади, ерусти иншоотлари ва жиҳозларига зарар етмади, деди АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Патрик Райдер.

АҚШ президенти Жозеф Байден ҳам воқеаларни ҳисобга олиб, ўз мамлакати қатъий ҳаракат қилишга тайёрлигини маълум қилди. «Қўшма Штатлар Эрон билан зиддиятга интилмаяпти, таъкидлайман, лекин биз халқимизни ҳимоя қилиш учун қатъий ҳаракат қилишимизга тайёр туринг», деди Оқ уй раҳбари Канададаги матбуот анжуманида.

Бу охирги икки кун ичида Суриядаги халқаро коалиция объектларига иккинчи ҳужумдир. 23 март куни мамлакат шимоли-шарқидаги АҚШнинг яна бир базасига учувчисиз учиш аппарати ҳужум қилди. Натижада бир аскар ҳалок бўлди, яна олти нафари яраланди. Пентагон Суриядаги эронпараст гуруҳларни ҳужум учун жавобгар деб ҳисоблаяпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид