Жамият | 15:25 / 01.04.2023
57025
9 дақиқада ўқилади

Бола нега ухламайди: инжиқликми, касаллик?

Ёш оналарни энг кўп қийнайдиган муаммолардан бири — чақалоқнинг тунда ухламаслиги. Айрим чақалоқларда бу ҳолат камдан кам учраса, баъзиларида тез-тез, айримларида эса муттасил кузатилади.

Фото: KUN.UZ

Уларнинг ичида ухламай ўйнаб юрадиганлари ҳам, тинимсиз йиғлайдиганлари ҳам бор. Тунги бедорликлар ота-онани, айниқса, оналарни ҳолдан тойдиради. Асаб тизимига салбий таъсир қилади.

Кun.uz мутахассислар билан боланинг ухламаслиги сабаблари, бундай вазиятда оналарнинг қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида суҳбатлашди.

“Болалар невропатологи сифатида менга болалар уйқусизлиги масаласида жуда кўп мурожаат қилишади. Деярли 99 фоиз оналаримизнинг сўроғи шу: болам кечаси билан чириллаб йиғлаб чиқади, “черепнойи” ошиб кетмадимикан…” дейди болалар невропатологи Зоҳиджон Исмоилов.

“Қайнона-келин келишмовчиликлари, оиладаги ҳар хил психологик муаммолар ҳомилага салбий таъсир қилади. Ҳомиладорлик вақтида онанинг психологиясида бўлган ўзгаришлар, қўрқув ҳисси болага ҳам ўтади. Биринчи омил мана шу.

Кейинги асосий сабаблардан бири, гўдакка мобиль алоқа воситаларини бериб қўйиш. Баъзи оналар ўзининг юмушларини бажариб олиш мақсадида боласи тинч ўтириши учун телефон беришади. Бола куни билан телефонда ўтиради.

Ҳар хил югурадиган, бақирадиган мултфильм қаҳрамонларини кўради. Куни билан мия чарчайди. Нерв толалари таранглашади ва ўз-ўзидан тунда уйқу ҳолати бузилади.

Кўкрак сути билан озиқланадиган болаларнинг ухламай туни билан йиғлаб чиқишига онаси истеъмол қилган егуликлар ҳам таъсир қилади. Болам ухламаяпти, деб келган оналардан сўрайман, бошингиз оғриса ёки қорнингиз санчиб турса, сиз ўзингиз ухлоласизми?

Катта одам айта олади, лекин чақалоқ тушунтириб беролмайди-ку. Болаларда қорин оғриши ҳам уйқу бузилишининг асосий сабабларидан бири. Яна бир жиҳати, бугунги кунда табиий маҳсулотларни топиш амримаҳол. Ҳар бир озуқамизда кимёвий моддалар бор”, дейди Зоҳиджон Исмоилов.

Ҳомиладор аёллар ва эмизикли оналарга витамин бўлади, деб кўпроқ мева истеъмол қилиш тавсия этилади. Аммо невропатолог таъкидлаганидек, ҳозирги меваларга кимёвий ишлов берилади. Бу эса болада табиий ривожланишнинг бузилишига олиб келади.

Моддалар алмашинув жараёни издан чиқади. Организмда уйқуни бошқарадиган гормонлар иши ҳам бузилади. Бу ҳам болаларнинг ухламаслигига сабаб бўлади. Мутахассис юқорида санаб ўтган ҳолатлар табиий турмуш тарзида уйқу бузилишига олиб келадиган сабаблар эди. Бундан ташқари уйқу бузилишининг патологик ҳолатлари ҳам мавжуд.

Баъзи болалар ухламай ўйнаб юради, баъзилари инжиқлик қилиб йиғлайди. Бу иккаласи икки хил ҳолат бўлиб, шифокор боланинг ўзини кўриб, онаси билан суҳбатлашиб, асл сабабини аниқлаши мумкин.

Она руҳиятидаги бузилишлар болага бевосита таъсир қилади. Психолог Шаҳноза Жумақулованинг сўзларига кўра, бундай ҳолатлар жуда кўп кузатилади.

“Уйқу бу ҳаётий циклдир. Уйқу вақтида инсон мияси кун давомидаги олинган маълумотларни қайта ишлайди. Миядаги нейронлар фаолияти янгиланади.

Болаларда эса бу ҳолатда, асосий ақлий функционал жараён ривожланади. Яъни бунда, фикрлаши, хотираси, нутқи, ўсиш фаолиятига катта таъсири бўлади.

Яхши, тўлақонли уйқудан кейин, инсон ўзини тетик ва хотиржам ҳис қилади. Болажонларимизга ҳам эьтибор берсак, тўйиб ўз вақтида битта режимда ухлаб турган бола, ҳушчақчақ, ўйинқароқ, шодон ва хотиржам кайфиятда бўлади. Уйқуга тўйиб турган болажонлар жилмайиб уйғонишади. Айниқса яқинларини кўришганида.

Тўйинган уйқуга организмдаги мия, гўёки янги маьлумотларни атрофдан олишга сайқаллашга тайёр бўлади.

Уйқунинг ўз вақтида организмга етишмаслиги ва уйқу циклининг бузилиши “когнитив” фаолликни пасайтиради. Бу ҳолат, боланинг руҳий ва жисмоний ривожланишига салбий таъсир қилади.

Натижада эса бола, янги кўникмаларни эгаллашга тайёр бўлмайди. Уйқу бузилишидаги сабабларни икки тоифага бўлишимиз мумкин: физиологик ҳамда психологик.

Физиологик, яъни органик касалликларнинг сабабчи бўлиши ва ҳаракатланувчанликнинг бузилиши.

Психологик, бунда стресс, депрессия ҳолатлари ҳамда кучли руҳий зўриқиш оқибатларининг таъсири.

Агар болада ҳеч қандай касалликлар аломати бўлмаса, овқатланиши ва ошқозон ҳазм қилиш функцияси нормада бўлиб, ҳаракатларида ўта сустлик ёки жуда тезлик бўлса, демак уйқу бузилиши сабаблари психикаси билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Чунки болалар катталарга нисбатан, уйқуси бузилишига мойилроқ бўлишади. Уларда атрофдаги воқеа ҳодисаларга таъсирчанлик кучли бўлади. Катталар вазиятга босиқлик ва факт билан реал қарайдиган бўлса, бола бўлаётган ҳодисаларни тўғридан тўғри, ҳаяжон, қўрқув, хавотир ва ҳиссиёт билан қабул қилади.

Бола психикасида ҳали ҳимоя механизмлари тўлиқ шаклланмаган бўлади.

Боладаги уйқу бузилиши ундаги руҳий ўзгаришларнинг аломатлари ҳам бўлиши мумкин. Онанинг руҳияти хотиржам бўлмаса, уйқу бузилиши, стресс, жаҳлдор ҳолатда бўлса, ўз-ўзидан болага таъсир қилади. Мисол учун, асабий келинларнинг эмизикли боласи ҳам асабий бўлади.

Чунки болага сутдан ўтади. Она қандай ҳолатда бўлса, бола ҳам шундай бўлади. Ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг психологик ҳолатини яхшилаш учун психологлар, албатта, боланинг онаси билан ишлайди. Негаки онанинг психологик, руҳий ҳолати болада намоён бўлади.

Агар бу бола ҳақиқатан физиологик соғлом бола бўлса, руҳий кечинмаси она орқали ўтади. Ёки оилавий ҳолатлар, катталарнинг келишмовчилиги... Бола ухлаганда кун давомида бошидан ўтказган, кўрган-кечирган воқеалари миясида акс этади. Салбий кечинмалар, руҳий зўриқиш боланинг уйқуси бузилишига олиб келади”, дейди психолог Жумақулова.

Онанинг боласига бўлган эътиборсизлиги ҳам руҳий зўриқишга олиб келиши мумкин. Мисол учун, ишга эрта кетиб, кеч қайтадиган, кун давомида фарзанди билан суҳбатлашмайдиган, боласини “ходинокка” солиб қўйиб, уй юмушларини бажариб юрадиган оналарнинг фарзандлари ҳам онаси билан етарлича бирга бўлмагани, меҳрига тўймагани сабаб руҳий зўриқишга учрайди.

Тўққиз фарзандни вояга етказган Мастон аянинг сўзларига кўра, онахон фарзандлари бирор марта кечаси ухламай йиғлаганини, ухлатиш учун дори берганини эслай олмас экан.

“Бизнинг давримизда докторлар ҳам дорилар ҳам бугунгидек кўп эмасди. Бола кўтариб шифохонага борганимни ҳам эслолмайман. Она қорнидан ташқарига чиққанидан сўнг, боланинг кўникишига, мослашишига вақт кетади. Қорни дам бўлади, йиғлайди, уйқуси бузилади. Мой суркаб, массаж қилиб турсанглар ичи яхши юришади, болаям безовта бўлмайди, дерди биздан катталар. Қирқ кун чилламда яхши қарардим. Ҳар кун қоринчаларини авайлабгина массаж қилиб, кўп-кўп эмизардим. Шу билан катта фарзандларим қўлма-қўл қилиб, болаларим катта бўлиб кетаверишган”, дейди онахон.

Албатта, тўқсон ёшли онахон яшаган вақт билан ҳозирни солиштириб бўлмайди. Экология ҳам, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам аввалгидек эмас. Бугунги одамларнинг ҳам асаблари аввалгиларникидек мустаҳкам эмас. Бироқ уларнинг тажрибасидан фойдаланиш, болаларни имкон қадар табиий йўллар билан ухлатиш мақсадга мувофиқ.

Тинч ухлаши учун мутахассислар бола уйқусини тартибга солишни (бир вақтда ухлатиб, бир вақтда уйғотиш), уйқу олди актив ўйинлардан узоқлаштириб, сокин, стол ўйинлари ўйнатишни, телефон гаджетлардан фойдалантирмасликни, қўрқинчли кино ва мултфильмлар кўрсатмасликни маслаҳат беришади.

Шунингдек, болангизни ухлатишга алоҳида вақт ажратинг. Уйқу олдидан пешона, бош қисмини енгилгина силаш болани тинчлантиради. Ҳали чақалоқ бўлса ҳам, унга эртак, алла айтиб беринг. Болангиз сизнинг руҳий ҳолатингиз сокин эканлигини, меҳрингизни ҳис этсин. Тушунмайди деб ўйламанг, у сизни ҳис қила олишини унутманг!

                                                                       Чарос Маннонова, журналист 

Мавзуга оид