Ўзбекистон | 13:38 / 05.04.2023
12607
3 дақиқада ўқилади

ДХХ Чегара қўшинларининг ваколати кенгайтирилади

Фото: Олий Мажлис Сенати

Жорий йил 5 апрел куни Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Сенат навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон Давлат чегараси тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Қонун билан Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат хавфсизлик хизматига мос равишда чегара зонасида ва ўтказиш пунктларида чегара режимини ўрнатиш, ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига уларнинг ваколатлари доирасида режимга риоя қилинишини таъминлаш юзасидан вазифалар юкланмоқда, ўтказиш пунктларида шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мулк ва ҳайвонларга нисбатан чегара назорати тартиблари қонуний мустаҳкамланмоқда.

Қонун 9 та боб ва 73 та моддадан иборат бўлиб, унинг қабул қилиниши Ўзбекистон Давлат чегарасини ишончли қўриқлаш ва ҳимоя қилишга, вазирлик ва идораларнинг Давлат чегарасидаги ваколатларини тизимли равишда белгилашга, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда қурол-яроғ, ҳарбий техника, махсус воситалар, жисмоний куч ва хизмат ҳайвонларини қўллаш тартиби ҳуқуқий асосларини яратишга хизмат қилади.

Қўмита мажлисида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тегишли моддасида ички ишлар органлари ва Миллий гвардия билан бир қаторда Давлат хавфсизлик хизматининг ҳам ҳуқуқбузарликни содир этиш сабаблари ҳамда шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан ёзма тақдимномаларини бажариш чораларини кўрмаганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонундаги ўзгаришга мувофиқ чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистонда бўлиш қоидалари ёки муддатларини бузиши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш, шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳамда транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш ваколати ички ишлар органлари билан бир қаторда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига ҳам берилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид