22:09 / 07.04.2023
10173

Беларус президентлигига даъвогар Цепкало сиртдан 17 йилга қамалди

Ҳозир у хорижда истиқомат қилмоқда.

Фото: DW

Минск суди Беларус Республикаси президентлигига собиқ даъвогар Валерий Цепкалони сиртдан 17 йилга озодликдан маҳрум қилди. Унга жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди. 

У йирик миқдорда пора олиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимиятни эгаллаб олишга оммавий чақириқлар, экстремистик гуруҳ тузиш, қасддан ёлғон кўрсатма бериш, экстремистик фаолиятни молиялаштириш, Беларус Республикасини обрўсизлантириш, Лукашенкога туҳмат ва оммавий ҳақорат қилишда айбдор деб топилди. 

Цепкало 2020 йилги президентлик сайловида номзодини қўймоқчи эди. Бироқ, Марказий сайлов комиссияси имзо тўплаш жараёнида йўл қўйилган камчиликларни сабаб қилиб, уни рўйхатдан ўтказмаган. Шундан сўнг, унга қарши жиноят иш очилди. Цепкало сайловлар арафасида мамлакатни тарк этди. Унинг сўзларига кўра, у ҳуқуқ-тартибот идораларидаги дўстларидан бўлажак ҳибс ва хотинининг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш олган. 

Top