Жамият | 14:48 / 08.04.2023
31465
8 дақиқада ўқилади

“Онам ажрашса бўлмасмикан, деб кўп ўйлардим” – олиманинг онаси ҳақидаги ўйлари

Ҳаёт доим ҳам бир текисда ўтмайди. Гоҳи шодлик, гоҳи қийинчиликни бошдан кечирамиз. Бахт келганда ҳам, ғам келганда ҳам ўзини йўқотиб қўймай, қўлга ола биладиганлар камчиликни ташкил этади.“Ҳаётий ҳикоялар”нинг бу галги суҳбатдоши фан доктори даражасини олган аёл. У аввалига биз билан суҳбатлашишни рад этиб юрди. Шахси сир қолишини айтсам-да, болалигини эслашни, ҳаёт йўлини достон қилишни хоҳламаслигини билдирди. Бироқ она ва болалар ўлими ҳақидаги сўнгги хабарлардан кейин олиманинг ўзи алоқага чиқиб, ҳаётини сўзлаб бермоқчи эканини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

“Бу ҳикоя менинг эмас, онамнинг ҳаёти ҳақида бўлади. Шукур, ота-онам ҳаёт. Суҳбатлашишни рад этганимнинг сабаби, улар мақолангизни ўқиб ранжишларидан қўрққан эдим. Лекин уч гўдак ва онанинг фожиаси мени сизга қўнғироқ қилишга мажбур қилди”, – дея гап бошлади у.

“Отанинг фарзанд олдидаги масъулияти онаникидан кам эмас. Ҳаттоки, кўп ҳам. Эр-хотин фарзандли бўлганидан сўнг ўзгаради – ота-она бўлишади. Бежиз ота-она сўзи бирга қўлланмайди. Уларнинг болалари олдидаги бурчи ҳам тенгма-тенг келади.

Афсуски, жамиятимизда кўпчилик ота-оналикка тайёр бўлмай туриб фарзандли бўлади. Иккисидан бири бу жараёнга тайёр бўлса яхши, иккиси ҳам тайёр бўлмаса, боланинг шўри деяверинг.

Менинг отам ҳам тайёр бўлмай туриб бу номга сазовор бўлганлардан эди. Отам чойхонада ишлар, онам тикувчи эди. Уч нафар ёш боласи ва қўлидаги бир гўдаги билан онам ишга чиқолмасди. Отам уйга тайинли пул олиб келмасди.

Пахса билан уриб кўтарилган икки хона шох-шаббалар устидан қилинган лойшувоқ том. Эшик ўрнига тутиб қўйилган қалин одёл. Уйимизнинг кўриниши шундай эди. Ёмғир ёғса беш жойдан чакка ўтарди. Тоғора борми, каттароқ идишми, онам нима топса чакка ўтаётган жойларга қўйиб чиқарди. Уйнинг бир бурчагида тўрт фарзандини қуш болаларини қанотлари остига олгандек бағрига босиб, қунишиб тонг оттирарди.

Туни билан уйга келмаган отам тушга яқин ҳеч нарсасиз кириб келарди. Кеча нега келмадингиз, хавотир олдим, деган сўроққа иссиқ печканинг олдида ухлаб қолибман, деб жавоб берарди.

Отам чойхонада арзимаган пулга қорни тўйгани ва иссиқ жойда ухлаётганига хурсанд бўлиб ишлаб юраверарди. Онам эса ёмғир ёғганда сизиб ўтган сувлар тошиб кетмаслиги учун тўлган идишларни туни билан бўшатиб, бизни иссиқ қилиш пайида бўлса, қолган тунлари лампа чироқ ёруғида тўқиш қилиб чиқарди.

Отам қимор ўйнар, ютқизиб қўйиб, ичиб келарди. Уйимизда қўлга илинадиган нима бўлса, қарзига бериб келар ёки сотиб пулини берарди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, уйимизда битта катта эски телевизор бўларди. Отам қиморга ўшани тикиб юборган экан.

Онамнинг ухламай кутиб ўтирадиган одати бор эди. Ярим кечаси ичиб келганида биз ухлаб ётган бўлганмиз. Отам ютқазгани аламидан онамни роса уради. Бақир-чақир, нарсаларнинг синган овозидан уйғониб кетдим. Отам онамни шунақанги урарди, кўтариб отиб ҳам юборди. Бечора онам... нима жони бор. Учиб кетди. Югуриб бориб қучоқлаб олдим.

Онам ўлиб қолади деб роса қўрққанман. Букчайиб ўрнидан туриб, менга жойингга бориб ёт, деди. Биз отамни ёмон кўриб қолишимизни истамас эди. Нега калтак еяётганини ўзи ҳам билмасди. Отамга сабаб керак эмасди. Ичиб олса бўлди, онамдан аламини оларди. Хотини гапирадими, гапирмайдими, нега ичдинг дейдими, демайдими, фарқи йўқ. Онам аламини олиш воситаси эди. Ваҳоланки, улар севишиб оила қуришган... 

Эртаси куни уйимизга машинада бир амаки келди. Отам телевизорни олиб чиқиб берди. Биз қўлга илинадиган биттагина матоҳимизга мўлтиллаб қараб қолдик. Ҳалиги киши бизга қаради-ю, телевизорни қайтариб берди. “Болаларингни қара туришини. Эпласанг қимор ўйна-да, нима қиласан эпламасанг”, деди-да, машинасига миниб кетди.

Олиб кетса ҳам бизга у қадар билинмасди. Боиси телевизор кўришга вақтимиз бўлмасди. Куни билан ишлардик. Ҳар куни соат 16:00 да болалар вақти бўларди. Ўшани кўриш орзу эди. Лекин нолимайман. Онам бизга иш қилдирар экан, шеър, эртаклар айтиб берарди. Ўзи ҳам тинмасди, бизни ҳам тиндирмасди.

Кийимлар тикиб, тўқиб сотган пулларига рўзғор қилиб келарди. Туғилган кунимизга китоб совға қиларди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, 5-синфлигимда Худойберди Тўхтабоевнинг “Беш болали йигитча” асарини совға қилди.

Асар бош қаҳрамони Орифжон енгиб ўтган қийинчиликлар ортида меники ҳеч нарса эмас экан-ку, деганман. Ўша асарни ўқиганимдан сўнг таассуротларимни онамга сўзлаб бердим, фикрлашдик, жараён эса менга жуда ёқди. Энди туғилган кунимни кутмасдан мактаб кутубхонасидан китоб олиб, таассуротларимни онамга гапириб берадиган бўлдим. Қайси асарни ўқимай, онам уни болалигида ўқиганини айтиб, мен билан фикрлашар, тушунмаганларимни тушунтириб берарди.

Онам ўқишга киришни истагани, лекин ота-оналари рухсат бермагани катта армони эди. Ўзимга ўзим онам учун ҳам ўқишга киришим керак, дердим. Лекин коллежга ўз кучим билан кира олмадим – пул сўрашди. Онам рўзғордан орттириб тийинлаб йиғиб юрган пулларини ўқишим учун берди. Шу билан ўқишга кирдим, лекин бу онамнинг ўзига қимматга тушди.

Онам ўқишимга пул берганини билиб, яқинда жўрам тўй қилади, пулинг бор экан айтмайсанми, тўйига каттароқ тўёна қилардим, деб онамни роса калтаклади. Шу жанжалда онамнинг қўли синди. Ҳозиргача совуқ тушиши билан ўша қўли оғриб қолади.

Айбдорлик ҳисси билан уч йил коллежда ўқидим. Шу ҳис сабаб ўқишга қаттиқ тайёрландим. Талабаликка ўз кучим билан эришдим, аммо контрактга киргандим. Сўраб келаётган совчиларга рад жавобини бериб, қийналсам ҳам ўқитаман, менга армон бўлди, қизимга армон бўлмасин, деб онамнинг қўллаши билан ўқий бошладим.

Ортимдан кетма-кет сингилларим ҳам талаба бўлишди. Онам йиллар давомида отамни қимор ўйнамасликка, ичиш-чекишни ташлашга, намоз ўқишга ўргатди, бироқ ўз соғлиғини йўқотди, асабларини, ёшлигини қурбон қилди. Онам нега калтакларга чидаб яшашига тушунмасдим. Қийналиб яшагандан ажрашиб кетсалар бўлмайдими, деб кўп ўйлардим.

Биз учун чидаб яшаётганларини билардим, аммо ҳамма ўз ҳаётини яшашга ҳақли деб ўйлардим. Вақти-соати билан бизни турмушга узатишди. Оилали бўлганимдан сўнг онамни тушуна бошладим. Келинга нафақат ўзининг, балки оиласининг қандай эканлигига қараб ҳам муомала қилинар экан.

Отамнинг бир замонлар қандай инсон бўлганини қудалари билишмайди. Ҳурмат билан муносабатда бўлишади, онамга ҳавас қилишади. Аммо бу кунларга эришиш осон бўлмаганини билишмайди.

Онам бугун ўзи ҳам бахтли, отам ҳам анча қадрлаб қолган. Фарзандлари ардоғида, набиралар қуршовида. Бу бахтнинг барчаси онамнинг сабри, бардошига берилган мукофот бўлса керак.

Менинг ўқиганим, илмий фаолиятим, ҳаёт йўлим, бошқа мавзу. Бугун олима аёлларни кўплаб учратишингиз мумкин, лекин бардошли аёллар кам. Сиз улар ҳақида ёзинг. Эрига аччиқ қилиб, болаларининг ҳам жонига қасд қилмоқчи бўлганлар учун ибрат бўлсин.

Агар ўшанда онам ўзи ва бизни ўлдирганда шу кунларга етармиди? Ўлим чора эмас, ўлим қўрқоқнинг иши. Жасур одам эса курашади. Бу ҳаёт – машаққат. Унинг синовларини енгиб ўтмай, бахтга етолмайсиз. Курашинг, курашинг, курашинг! Ўзингиз учун, фарзандларингиз учун, бахтли келажак учун. Токи ҳаёт экансиз, бундан бошқа иложингиз йўқ”.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид