Жаҳон | 09:02 / 08.04.2023
11094
2 дақиқада ўқилади

Украина Полшага ғалла экспортини камайтиради

Полша бозорида арзон Украина ғалласининг кўплиги полшалик фермерлар норозилигига сабаб бўлди. Норозилик намойишлари фонида Полша қишлоқ хўжалиги вазири Хенрик Ковалчик истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

Фото: gruz-servis.com

Полша бозорида арзон Украина ғалласининг ҳаддан ташқари кўплиги атрофидаги можарода ечим топилди. «Украина бирмунча вақтга Полшага ғалла экспортини кескин чеклашни таклиф қилди ва ҳозирда уни бутунлай тўхтатишни таклиф этди», деди Полшанинг янги қишлоқ хўжалиги вазири Роберт Телус Украина қишлоқ хўжалиги вазири Николай Солский билан 7 апрель, жума куни Дороҳуск чегарадош шаҳарчада учрашганидан кейин. 

Телуснинг сўзларига кўра, Солский уни Украина янги ҳосил бошланишидан олдин Полшага буғдой, маккажўхори ва кунгабоқар уруғларини экспорт қилишни тўхтатишига ишонтирган.

Полша бош вазири Матеуш Моравецкий ва Украина президенти Володимир Зеленский 5 апрель куни Варшавадаги музокаралардан сўнг ҳам томонлар муаммони ҳал қилиш устида ишлаётганини очиқ айтишди. Россия ҳарбий ҳаракатлари туфайли чекланган Украинадан ғалла экспорти нафақат Қора денгиз ва Дунай бўйлаб, балки Полша орқали қуруқлик орқали ҳам амалга оширилади. Бироқ, Полшадан ғаллани ташиш тўхтаб қолди, Полша портлари ҳаддан ташқари юкланган.

Полша деҳқонлари бир неча кундан бери қўшни Украинадан келаётган арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қарши норозилик билдириб, йўқотишлардан шикоят қилмоқда. Натижада Полша Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошлиғи лавозимида ишлаган Хенрик Ковалчик истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

Варшава Украина ғалласи билан боғлиқ муаммони ҳал қилишда Европа Иттифоқидан ҳам ёрдам умид қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид