Ўзбекистон | 07:55 / 12.04.2023
2650
2 дақиқада ўқилади

Айрим спорт объектларини қуриш жойлари овоз бериш орқали аниқланади

Фото: Norma.uz

Президент томонидан “Маъмурий ислоҳотлар доирасида ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Ҳужжат билан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги фаолиятининг 9 та устувор йўналиши тасдиқланмоқда. Шунингдек, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг хусусий секторга ўтказилаётган вазифалари рўйхати белгиланмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ҳар йили 1 февралга қадар ўз тизимларида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган йиллик “Ёшлар дастури”ни Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди.

2024 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида ўтказиладиган ёшлар фестиваллари, форумлар, лойиҳалар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар Ёшларга оид тадбирларнинг йиллик календарь режаси асосида амалга оширилиши йўлга қўйилади. Бунда тадбирлар ҳақида маълумот yoshlarportali.uz ягона электрон платформасида эълон қилинади.

2024 йил 1 январга қадар спорт соҳасини рақамлаштириш бўйича 24 та йўналишдаги ахборот тизимларини ўз ичига олган ERP Sport ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилади ҳамда УзАСБО дастуридаги маълумотлар билан интеграция қилинади. Бунда жойларда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги маблағлари ҳисобидан барпо этиладиган спорт объектлари ва иншоотларининг камида 30 фоизи электрон тизим орқали ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади.

Мавзуга оид