Жаҳон | 08:43 / 12.04.2023
5356
2 дақиқада ўқилади

Италия муҳожирлар оқими туфайли фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди

Италия мигрантлар оқими туфайли олти ой муддатга фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди. Энг кўп жабрланган жанубий ҳудудларга 5 миллион евро миқдорида ёрдам кўрсатилади. Мамлакат ҳукумати Европа Иттифоқидан аралашувни сўрамоқда.

Фото: independent

Италия ҳукумати муҳожирлар оқими кўплиги сабабли мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди. Мамлакатнинг энг кўп жабрланган жанубий ҳудудларига 5 миллион евро миқдорида ёрдам кўрсатилади. Бу ҳақда 11 апрель, сешанба куни Италиянинг ANSA агентлиги томонидан тарқатилган маълумот бош вазир Жоржа Мелони идорасида тасдиқланди. Бу маблағлар, жумладан, янги қочқинларни қабул қилиш марказларини очишга сарфланади. Фавқулодда ҳолат даврида бундай марказларни очиш осонроқ бўлади - аммо ноқонуний мигрантларни депортация қилиш тартиби ҳам соддалаштирилади.

Бироқ, Италия фуқаролик мудофааси ва денгиз сиёсати вазири Нелло Мусумечи кўрилган чоралар етарли эмаслигини айтди. У мамлакатдаги миграция инқирозини ҳал қилиш учун Европа Иттифоқининг «масъулиятли аралашуви»га чақирди.

Расмий маълумотларга кўра, йил бошидан бери Италияга 31 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожир келган. Ўтган йилнинг шу даврида улар бор-йўғи 7900 га яқин эди. Қочқинлар Тунис ва Ливиядан Ўрта Ер денгизи орқали жанубий Италия ва Малтага ўтишга ҳаракат қилмоқда, шу жумладан яроқсиз қайиқларда - бунинг натижасида уларнинг сезиларли қисми ҳалок бўляпти.

Италия бош вазири Жоржа Мелони февраль ойида ҳукумат кейинги фалокатларнинг олдини олиш учун ноқонуний миграцияни тўхтатишга қарор қилганини айтди.

Мавзуга оид