Жаҳон | 22:21 / 13.04.2023
41709
8 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: РФ армияси Бахмутни эгаллашга жуда яқин

Урушнинг янги босқичида камикадзе дронлар ва россияликларнинг оғир бомбали самолётлари асосий ролни ўйнай бошлади.

Вайрон қилинган Бахмут. Фото: АР

 

 

Украинанинг кўплаб экспертлар томонидан кутилган қарши ҳужуми апрел ойининг биринчи декадасида ҳам бошланмади, россияликларнинг юриши эса тўхтамади. «Вагнер» ХҲК Бахмутда илгарилашда давом этмоқда: ёлланма жангчиларнинг сўнгги кунлардаги ҳужумлари натижасида Украина ҚК энди фақат шаҳарнинг ғарбий чеккаларини назоратида сақлаб қолмоқда. Шимолда, Креминна атрофидаги ўрмонзорда эса ҳаво-десант қўшинларининг юриши қайтадан бошланган ва улар украинларнинг бир қанча позицияларини эгаллашга муваффақ бўлган. Донецкдан шимолдаги Авдийивка шаҳри атрофида қарама-қарши жанглар давом этмоқда: Украина ҚК россияликларнинг Авдийивка истеҳкомини айланиб ўтишга уринаётган гуруҳлари қанотларига ҳужум уюштирмоқда, РФ ҚК шаҳарни қуршовга олиш учун уринишларини давом эттирмоқда. 

Россия юриши анча олдин ва бутунлайга музлагандек кўринган «ишлар пачава» бўлган участкаларда ҳам (масалан, Луҳанск областидаги Новоселовское ва Куземовка қишлоқлари атрофидаги кичик участка, бу ерда кузда олиб борилган жанглар Украина ҚКнинг кичик ғалабаси билан тугаганди), РФ қуролли кучлари яна фаоллашган. 

Бу жанглар (Бахмутдагидан ташқари) Россия армиясига катта ютуқлар олиб келмайди, аммо бу РФ ҚК қўмондонлиги ташаббусни бой беришни истамаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, жанглар табиати ўзгармоқда: икки томон ҳам техника, артиллерия, ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмалари, окоплар ва ҳатто алоҳида аскарларга зарба бериш учун камикадзе дронларни тобора кўпроқ қўлламоқда. 

Эндиликда нишонга бориб урилган дронлар телекамераларига муҳрланган видеолар фронт чизиғидан келаётган ахборот оқимининг ярмини ташкил қилмоқда. Тўғри, бунга дрон видеолари «окопда олинган видеодан ёрқинроқлиги» сабаб. Аммо бу видеолар таҳлили шуни кўрсатадики, камикадзе дронлар (қўлбола ўқ-дори ташлайдиган коптерлар ва артиллерия зарбасини йўналтирувчи дронлар билан бирга) чиндан ҳам амалиётнинг муҳим қисми бўлмоқда. Тепловизорлар билан жиҳозланган дронлар тунда ҳам ҳаракатланмоқда. Дронлар ёрдамида жанг майдони изоляция қилишга муваффақ бўлинган ҳолатлар ҳам учрамоқда — яъни қўшимча кучлар ва ўқ-дорилар олиб келиш, шунингдек ярадорларни эвакуация қилиш тўлиқ имконсиз қилинган ҳолатлар. Илгари урушларда бу масала авиация орқали ҳал этилиши керак эди.

Шундай бўлса-да, Россия авиацияси ҳам жанг майдонига қайтди, самолётлар ўтган йил баҳоридан буён ҳарбий ҳаракатларда деярли иштирок этмаётганди. Дастлабки ялпи зарбалар (жумладан, ГЛОНАСС тизимига мувофиқ кўрсатмалардан фойдаланган ҳолда юқори аниқликдаги зарбалар учун қайта жиҳозланган йирик калибрли бомбалар билан) март ойида Авдийивкада берила бошланди.

Апрел ойида РФ ҳаво-космик кучлари (ВКС) кўплаб йўналишларда зарбалар беришга киришди: Креминна атрофидаги ўрмонзорларда, Вуҳледарда, Запорижжя областида бутун фронт чизиғи бўйлаб, Херсон областида Днипронинг ўнг соҳили бўйлаб. Катта эҳтимол билан, бу нафақат авиация янги оммавий ишлаб чиқарилган аниқ йўналтириладиган ўқ-дориларга эга бўлгани, балки украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларида ракета тақчиллиги юзага келгани билан ҳам боғлиқ.

Дрон билан солиштирганда авиациянинг кучсиз томони шундаки, фронт чизиғидан ўнлаб километр масофада туриб бомбаларни учирадиган самолётлар нишонни мустақил разведка қила олмайди ва қуруқликдаги бўлинмалар нишонни белгилаб беришини талаб этади; ҳозирча ҳаракатдаги нишонларга зарба бериш ҳақида гап кетмайди. Аммо аниқ ҳаракатланувчи, арзон ва узоққа борувчи бомбаларга эга бўлган учувчи бошқарувчи авиациядан келадиган энг катта хавф — самолётлар кўп миқдорда ўқ-дори олиб юради ва фронт чизиғидан анча узоқда туриб зарба бера олади. Шундай қилиб, Россия ҳаво-космик кучлари бир неча ҳафта ичида шаҳар учун қуруқликдаги жанглар бошланмай туриб Авдийивканинг катта қисмини вайрон қилди.

Бахмут

«Вагнер» ХҲК, РФ мудофаа вазирлиги ва компания хўжайини Евгений Пригожин хабар қилганидек, Бахмутдан шимоли-шарқи ва жануби-ғарбида қанотлардаги позицияларини мунтазам қўшинларга, жумладан, ҳаво-десант бўлинмаларига топширган. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, бу ХҲКга ёлланма жангчилар отрядлари эгаллаб турган фронт чизиғи масофасини 40 километрдан 20 километргача қисқартириш, бўшаган қўшинларни Бахмутни штурм қилиш ва қуршаб олиш учун юбориш имконини беради.

РФ мудофаа вазирлиги ва Пригожиннинг баёноти тўғрилигини текширишнинг ҳозирча имкони йўқ, аммо шаҳарнинг штурм қилиниши чиндан кучайган. Ёлланма жангчилар Бахмут темирйўл вокзалига (Бахмут-2) ва элеваторга етиб келиб, Украина бўлинмаларини шаҳарнинг ғарбий кварталларига суриб чиқарган.

Шу билан бир вақтда, ХҲК Бахмутдан жануби-ғарбдаги чиқиш йўлига ҳужумларни тиклаган. Шаҳар аҳолиси бу ҳудудни „бугор“ (тепалик) деб атайди, бежиз эмас — бу чеккадаги бир қанча кўп қаватли уйлар тепаликда жойлашган. Агар бу ҳудуд ёлланма жангчилар томонидан эгалланса (ва ҳарбий ҳаракатлар чоғида буткул вайрон қилинмаса), ХҲК бу уйлар деразалари ва томларидан туриб Бахмутнинг ғарбий қисмидаги барча йўлларни танкка қарши ракеталар билан ўққа тутиш имконига эга бўлади.

Шимоли-ғарбда ҳам ёлланма жангчилар шаҳардан бошқа чиқиш йўлига — Хромово томонда Бахмутни Украинанинг «катта ери» билан боғловчи «ҳаёт йўли»га юриш қилишда давом этмоқда.

Украинадаги манбалар хабар қилишича, «Вагнер» Хромовонинг ўзига ҳам шимолдан ҳужумларни қайтадан бошлаган, бу юриш март ойи охирида тўхтаб қолганди.

Авдийивка

Авдийивкада кўп қаватли уйга зарба оқибати. 2023 йил 17 март
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Март ойида Авдийивкадан шимолда муҳим позицияларини (Красногоровка ва Новобахмутское посёлкалари) бой берган Украина қуролли кучлари бу йўналишда ҳужум қилаётган Россия гуруҳи қанотларига Новоселовка қишлоғи яқинида зарба беришга ҳаракат қилди. Аммо, афтидан, РФ қуролли кучларининг юришини тўлиқ тўхтатишга муваффақ бўлинмаган. Россия қўшини Авдийивкадан шимолга кетадиган темирйўлнинг (ҳозирда ундан фойдаланилмаяпти, аммо муҳим мудофаа чизиғи бўлиб қолмоқда) ғарбига ўтиш учун ҳаракат қилмоқда.

Авдийивкадан жануби-ғарбда Россиянинг юриши у қадар муваффақиятли кечмаяпти. РФ ҚК юриш бошлаган Водяний ва Украина ҚК мудофаани ушлаб турган Северний ўртасидаги далалар ва ўрмонзорлардаги жанг майдони „пирог қатлами“ни эслатади: ягона фронта йўқ, позицияларнинг қайсисида Украина қўшини, қайсисида — россияликлар тургани тушунарсиз. Бу йўналишдаги РФ қуролли кучлари ўз юришининг энг биринчи мақсади ҳисобланган Севернийга ўта олмаяпти.

Ҳозирча барчаси шуни кўрсатмоқдаки, Авдийивка учун жанг Бахмут учун жангнинг такрорига айланади — узоқ вақт чўзилиши бўйича ҳам, шиддатлилик борасида ҳам.

Креминна

Қисқа жимликдан кейин Россиянинг Креминна ва Торское ўртасидаги ўрмонзорлардаги юриши давом эттирилмоқда. Катта эҳтимол билан бу ҳудудга РФ ҚК захира кучлари келтирилган, хусусан, десант бўлинмалари ҳам. Улар бошқа қуроллар қаторида илгари фақат ҳарбий округлар қўмондонлиги ихтиёрида мавжуд бўлган ТОС-1 оғир ўқотар тизимларига ҳам эга бўлишган.

Россия қўшинлари Украина қуролли кучларини ўрмоннинг марказий қисмига чекинтириб, бир қанча ўрмон йўллари устидан назоратни қўлга киритган. Шунга қарамай, украин қўшини мудофаани ушлаб турибди. Ўрмонда жанг қилаётган Россия қўшини тезкорлик билан Шимолий Донни кечиб ўтиб, Ямпилга ёриб кирган ҳолда Украина қуролли кучларини қуршов хавфи остида қолдириши даргумон.

Мавзуга оид