13:44 / 13.04.2023
9574

ISW: Эгаллаб олинган ҳудудларни руслаштириш Россиянинг ўзига зарба беряпти

Фото: AP

Кремлнинг Украина эгаллаб олинган ҳудудларида руслаштириш кампанияси Россия Федерациясининг ўзига зарба бериб, унда радикал миллатчилар позициясини мустаҳкамламоқда, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (ISW) ўзининг навбатдаги таҳлилий шарҳида

Институт таҳлилчиларига кўра, россиялик миллатчилар Украинани, шунингдек, Россиядаги этник озчиликларни ҳам руслаштиришга қаратилган ксенофобик мафкурани лойиҳалаштирмоқда. 

Ушбу тезисни қўллаб-қувватлаш учун ISW бир нечта мисолларни келтирди. 

Улардан бири «ДХР» собиқ «мудофаа вазири» Игор Гиркиннинг (Стрелков) Telegram’да россиялик блогернинг Тива Республикаси 104 та маъмурий-ҳудудий бирликларига тува топонимияси қоидаларига мос келадиган асл номлар қайтарилиши ҳақидаги танқидий постининг репост қилинишидир. Постда бу «рухсат этилган нарсанинг чегараларини текшириш» деб баҳоланган. 

Институт ҳисоботидан яна бир мисол - 12 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бир гуруҳ эркаклар қўлларини фашистлар саломига ўхшаш ҳолда кўтариб, «Россия руслар учун» дея ҳайқириб, Уфадаги маъмурий бинолар ёнидан ўтаётгани акс этган. 

«Уруш давом этар экан, бу динамика кучайиб боради ва ундан кейин ҳам давом этади, келгуси йиллар давомида Россиянинг ички қисмига кириб боради», деб ҳисоблайди ISW таҳлилчилари. 

Бундан олдин ISW Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ўртасидаги оммавий баҳс-мунозара Кремлнинг тадбиркорни обрўсизлантириш ҳаракатларининг давоми экани ҳақида ёзганди.

Таҳлилчиларга кўра, Россия ҳукумат идоралари Пригожиннинг жамоатчилик ёки сиёсий қўллаб-қувватловга эга бўлиш борасидаги ҳар қандай уринишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. 

Тадбиркорнинг ўзи «ўзини ташқи сиёсатга таъсир ўтказа оладиган давлат арбоби сифатида кўрсатишга» уринмоқда, шунингдек, Россиянинг Украинадаги ҳаракатларида «Вагнер гуруҳи» кучларининг ролини бўрттириб кўрсатмоқда, дейди ISW экспертлари.

Top