Жаҳон | 12:04 / 14.04.2023
4180
2 дақиқада ўқилади

Норвегия 15 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборяпти

Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонасининг «яширин разведка фаолияти билан шуғулланган» 15 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юборади. Бошқа разведкачиларга визалар берилмайди.

Анникен Хюитфельд / Фото: reddit

Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонасининг «дипломатик мақомга тўғри келмайдиган фаолият» билан шуғулланаётган 15 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юборади. Бу ҳақда 13 апрель, пайшанба куни ташқи ишлар вазири Анникен Хюитфельд маълум қилди.

«Россия Норвегияда энг катта разведка таҳдидини келтириб чиқармоқда. Буни жиддий қабул қилган ҳолда, биз бугун Россия разведкасининг мамлакатимиздаги фаолиятига тўсқинлик қилувчи қадам ташламоқдамиз. Биз рус разведкачиларининг Норвегияда дипломатик ниқоб остида ишлашига йўл қўймаймиз», - деди у.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ушбу разведка ходимларининг фаолияти бирмунча вақтдан бери кузатилгани ва улар тез орада мамлакатни тарк этиши кераклиги айтилган. Норвегия бошқа разведка ходимларига виза бермайди.

«Мен Норвегия Россия билан нормал дипломатик муносабатларни давом эттиришни исташини ва россиялик дипломатларга қарши эмаслигини таъкидлайман. Бизнинг ҳаракатларимиз фақат исталмаган разведка фаолиятига қарши қаратилган. Биз дипломатик миссия фаолиятини сақлаб қолишни истаймиз, аммо дипломатик миссиянинг яширин разведка фаолияти мақсадида суиистеъмол қилинишини маъқуллай олмаймиз», деди Анникен Хюитфельд.

Мавзуга оид