Жаҳон | 15:26 / 15.04.2023
15441
2 дақиқада ўқилади

Макрон пенсия ёшини ошириш ҳақидаги қонунни имзолади

Францияда пенсия ёши 62 дан 64 га кўтарилмоқда. Французларнинг аксарияти парламентни четлаб ўтиб қабул қилинган ушбу қонунни рад этяпти ва оммавий норозилик намойишларини давом эттириш ниятида.

Фото: AP

Франция президенти Эммануэл Макрон пенсия ёшини ошириш бўйича баҳсли қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда Франция ҳукумати 15 апрель, шанба куни хабар берди. Пенсия ёшини 62 дан 64 га кўтарувчи ислоҳот бир неча ойлик шиддатли оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Франция Конституциявий суди бир кун аввал Макрон ташаббуси бўлган пенсия ислоҳоти, қонуннинг бир қатор моддаларидаги ҳуқуқий хатоларга қарамай, қонуний эканлигини эълон қилди. Пенсия ёшини икки йилга ошириш тўғрисидаги банднинг ўзи ҳам судьялар шикоятига сабаб бўлмади. Конституциявий суд мухолифатнинг пенсия ислоҳоти бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги илтимосини рад этди. 

Франция бош вазири Элизабет Борн конституциядаги бўшлиқдан фойдаланиб, мунозарали пенсия ислоҳоти лойиҳасини парламентда овоз беришсиз қабул қилди. Миллий ассамблеяда унинг ҳукумати ишончсизлик вотумига бардош бера олди. 

Сўровларга кўра, французларнинг аксарияти ҳали ҳам пенсия ислоҳотини рад этяпти. Рейтинги тушиб кетган Макрон вазиятни ўнгламоқчи, бироқ касаба уюшмалари унинг 18 апрель куни Елисей саройидаги музокаралар таклифини рад этишди. Бунинг ўрнига касаба уюшмаси раҳбари Жан-Люк Меланшон янги оммавий норозиликларни эълон қилди. «Жанг давом этмоқда», дея маълум қилди у. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид