Жаҳон | 08:03 / 15.04.2023
8268
1 дақиқада ўқилади

Россиянинг Словянскка ракета зарбалари қурбонлари сони ортди

Қутқарувчилар Донецк вилояти Словянск шаҳрида ракета зарбаси берилган уй вайроналари остидан ҳалок бўлган аёлни олиб чиқди. 

Фото: Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати

Яна тўрт кишини қидириш давом этмоқда, деди Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг Донецк вилоятидаги вакили Вероника Бахал. 

Шундай қилиб, Россия Қуролли кучлари ракета зарбалари қурбонларининг умумий сони тўққиз нафарга етди, деб ёзади "РБК-Украина" агентлиги. 

Донецк вилояти давлат маъмурияти раҳбари Павел Кириленко телемарафон эфирида маълум қилишича, соат 21:00 ҳолатига кўра (Москва вақтига тўғри келади) ракета зарбалари пайтида 21 киши жароҳатланган. 

Полиция маълумотларига кўра, 34 та кўп қаватли уй, 20 та хусусий уй, фуқаролик инфратузилмаси объектлари вайрон бўлган, 12 та автомобиль зарар кўрган.

Мавзуга оид