Ўзбекистон | 12:16 / 17.04.2023
22510
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида талончилар гуруҳи қўлга олинди

Тошкент вилоятида талончилик билан шуғулланган гуруҳ ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

2023 йил 10 апрель куни соат тахминан 20:00 ларда 26 ёшли А.А., 25 ёшли Р.А. ва 24 ёшли Э.С. олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб бир гуруҳга бирлашиб, Чирчиқ шаҳар Шарқ маҳалласи ҳудудидан ўтган Бўзсув канали олдида 30 ёшли Х.Х.нинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатган.

Қайд этилишича, улар фуқаронинг ёнида бўлган 2 000 000 сўмлик VIVO 23 русумли телефон аппарати, 250 000 сўмлик бир дона никоҳ узуги ва 270 000 сўмлик бир дона кумушдан ишланган эркаклар узугини талончилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган.

Бундан ташқари, юқоридаги шахслар ўз жиноий қилмишларини давом эттириб, шу куни соат тахминан 22:00 ларда Қибрай тумани Туркистон маҳалласи ҳудудида 33 ёшли Д.З.нинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш билан қўрқитган.

Улар фуқаронинг юз ва қорин қисмига уриб тан жароҳати етказиб, унга тегишли бўлган 2 000 000 сўм нақд пулларни, 1 800 000 сўмлик Samsung A20 русумли телефон аппарати ва 12 200 000 сўмлик эркаклар кумуш ҳамда тилла тақинчоқларини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.А., Р.А. ва Э.С.га нисбатан Жиноят кодекснинг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, барча гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид