Жаҳон | 14:18 / 18.04.2023
11377
2 дақиқада ўқилади

Германиядан бошпана сўраган россияликлар сони кескин ошди

2023 йилнинг январь-март ойларида россияликлар Германияда 2,4 минг ҳолатда бошпана сўраб мурожаат қилган бўлса, ўтган йил давомида бу кўрсаткич деярли 2,9 мингни ташкил этди.

Фото: AP

Германияда Россия фуқароларидан бошпана масаласида йўлланган мурожаатлар сони кескин ошди. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида россияликлар томонидан 2381 та дастлабки ариза топширилган бўлса, ўтган йил давомида бу кўрсаткич 2851 тани ташкил этган, деб хабар берди Table.Media ахборот хизмати 18 апрель, сешанба куни Қочқинлар ва миграция бўйича федерал идора маълумотларига таяниб. 

Шу билан бирга, Россиядан бошпана изловчилар орасида эркаклар улуши ортди: 2022 йилда улар 59 фоизни, 2023 йил январь-март ойларида эса 64 фоизни ташкил этди. Идора ходимлари бу ўсишни ўтган йил сентябр ойида Украинага давом этаётган босқин муносабати билан Россияда эълон қилинган сафарбарлик билан боғлади. Бундан ташқари, федерал идора 19-30 ёшдаги россияликларнинг аризалари сони сезиларли даражада ошганини қайд этди. 

2022 йил учун Германиядан бошпана сўраш бўйича дастлабки аризалар сони умумий статистикасида россияликлар Сурия, Афғонистон, Туркия, Эрон, Ироқ ва Грузия фуқароларидан кейин еттинчи ўринда туради. 

Қочқинлар ва миграция бўйича федерал идора вакилининг Table.Media нашрига таъкидлашича, россиялик дезертирлар ҳам Германиядан бошпана сўраши мумкин. «Қоидага кўра, улар халқаро ҳимояга эга», деди у. Шу билан бирга, ҳарбий хизматдан бош тортган Россия фуқароларидан Германияда бошпана олиш учун қанча ариза берилгани ҳали ҳисоблаб чиқилмади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид