Жаҳон | 08:07 / 19.04.2023
5175
2 дақиқада ўқилади

АҚШда бир неча россияликка қарши айбловлар қўйилди

Уч россиялик АҚШ сиёсий гуруҳларини россияпараст ташвиқотни ёйиш учун молиялаштирганлик ва уларга раҳбарлик қилганликда айбланмоқда. РФ манфаатлари йўлида америкаликларни ёллаган Россия фуқароси ҳам айбланмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ Адлия вазирлиги 18 апрель, сешанба куни тўрт нафар америкалик ва уч нафар россияликка нисбатан янги айбловларни эълон қилди. Тегишли хабар идора матбуот хизмати томонидан тақдим этилди.

Уларнинг барчаси Россия ҳукумати номидан ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») билан ҳамкорликда ишлаганликда айбланмоқда. Уларнинг фаолияти Америка Қўшма Штатларида зарарли хорижий таъсир ўтказиш мақсадидаги кўп йиллик кампания экани айтилади. Бошқа нарсалар қаторида, қўшимча айблов хулосасида россияликлар «Америка сиёсий гуруҳларини Россия ҳукуматининг рўйхатдан ўтмаган ноқонуний агентлари сифатида фаолият юритиш, жанжал кўтариш ва россияпараст ташвиқотни тарқатиш учун ёллаган, молиялаштирган ва йўналтирган».

Айбловлар Москвада яшовчи Александр Ионов ҳамда «ФСБ»ходимлари Алексей Суходолов ва Егор Поповга қўйилган, дейилади вазирлик баёнотида. «Россия Ташқи разведка хизмати бизнинг Биринчи тузатишга киритилган ҳуқуқларимиздан – Россия ўз фуқароларига рад этаётган эркинликлардан – америкаликларни бўлиш ва АҚШ сайловларига аралашиш учун фойдаланган», деди бош прокурор ёрдамчиси Метю Г. Олсен.

Бундан ташқари, хабарда айтилишича, Ионовнинг вазифаларидан бири Америка аҳолиси томонидан Россиянинг Украинадаги ҳудудларни қўшиб олишини қўллаб-қувватлаш кўринишини яратиш эди.

Мавзуга оид