Поликлиникаларда навбатлар: вазирлик президент топшириғини қачон бажаради?
Ўзбекистонда беморларнинг масофадан туриб, ўзи учун қулай вақтда шифохонада навбатга ёзилиш имкони яратилиши, бу тизим 2022 йил март ойигача ишга тушиши керак эди. Kun.uz'нинг кузатувлари эса Тошкентда ҳомиладор ва болали аёллар ҳамон поликлиникаларда соатлаб навбат кутаётганини кўрсатди. Расмий рақамларга кўра, охирги йилларда поликлиникалар сони 32 фоизга қисқарган.
Поликлиникалардаги навбатлар – аксарият ўзбекистонликлар учун жуда таниш манзара. Айниқса, ёш болали ва ҳомиладор аёллар, кексалар – поликлиникаларда навбатда турувчи асосий қатламдир.
Kun.uz мухбири муаммони ўрганар экан, Тошкентдаги бир нечта оилавий поликлиникаларда бўлиб, беморлар ва шифокорлар билан суҳбатлашди. Ижтимоий тармоқлар орқали фикрлар йиғди. Нега ҳамон аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда қулайлик масаласи ечилмаганини ўрганишга ҳаракат қилди.
“Навбатлар бўлиши табиий ҳол, лекин...”
Пойтахтдаги поликлиникалардан бирида ишлайдиган шифокорнинг айтишича, навбатлар кун давомида эмас, асосан эрталаб кузатилади.
“Тошкент шаҳридаги поликлиникалардан бирида 2022 йилдан бери ишлайман. Навбатлар бўлади, чунки одам жуда кўп, ҳудуддаги кўп маҳалла, боғча ва мактаблар бизга қарайди. Навбат бўлиши табиий ҳол. Рўйхатдан ўтказиш бўлимида кўпчилик ишлашни хоҳламайди, чунки жуда бошоғриқ жой. Ўтган ҳафта бир бемор роса жанжал қилди. Навбатлар асосан эрталаб 8дан 10гача бўлади. Эрталабдан ҳамма докторга кўриниб, ишини битириб кетгиси келади. Масалан, менинг қабулимга келган беморлар ҳам кўп ҳолларда бетоқатлик қилади. “Тезроқ кўринг, кетишим керак” дейишади. Сабр нималигини билмайди.
Мана бугун (14 апрел) вазирликдан текширув бор. Кейинги пайтлар текширувлар жуда кўпайди. Касал қолиб, ҳужжат тайёрлаймиз. Бу ҳисоботлар тизимни ривожлантирмайди, ишимизми қийинлаштиради”.

Kun.uz суҳбатлашган яна бир поликлиника ходими навбатлар поликлиниканинг оғриқли нуқтаси экани, шу сабабли келган беморларни рўйхатдан ўтказувчи бўлимда ишлаш қийинлигини айтади.
“Оилавий поликлиникада патронаж эдим, соғлиғим туфайли регистратурага ўтдим. Лекин регистратуранинг иши осон эмас экан. Ҳаммага муомала қилавериб, тинкам қуриб қоляпти. Навбат кутолмай, сабри чидамай бақириб кетадиган беморлар борлиги учун кўпчилик бу бўлимда ишлашни хоҳламайди. Навбат кутиб турганларга ёш боласи бор аёлларни ўтказиб юборишларини сўраб, чиройли муомала қилиб ўтказиб юбораман. Навбатлар асосан қон топшириш ва лабораторияга. Поликлиникамизда “живой” навбатда туришади. Компютерлар энди олиб келинди. Ким келса, анкетасини олиб бераман, ўзидан олдин келган одамдан кейин навбатга тураверади”.
Унинг гапларидан тушуниш мумкинки, навбатлар юзага келишининг яна бир сабаби – шифокорлар зиммасидаги оғир юклама. Улар беморларни кўришдан ташқари, бир нечта рўйхатларни шакллантириб беришга ҳам мажбур.
“Шифокорларга ҳам осон эмас. Тепадан уларга катта юклама берилган. Беморларни текширишдан ташқари ёзув-чизув, мажлислар ҳам бор. Беморлар буни тушунмайди, “бизни кўрмай, қаерга кетяпсан?” дейди. Шифокор ҳам беморларни кўриб, ҳам ёзув-чизувини қилиб, яна одамлардан гап эшитса… Наҳотки шуни тепадагилар ўйламайди? Масалан, ҳар куни “онконазорат”да турадиганлар рўйхати йиғиб берилади, кейин ҳар бир беморга телефон қилиб, анализ топшириб кетиши айтилади. Беморни доктор кўрикдан ўтказгач, рўйхат тузиш керак, рўйхатни ҳам доктор, ҳам ҳамшира бериши керак. Агар бир хил рўйхат бермаса, яна гап эшитади. Нечта аҳоли “Д” назоратида, нечтаси ногиронлик, нечтаси кўр-соқов, нечтаси темир дафтарда, нечтаси аёллар дафтарида туради – ҳаммасининг рўйхатини қилиб бериш талаб қилинади. Яна арзимас ойликка ишлаймиз, тепадагилар “ойлик оляпсан”, деб бақиради. Бир шифокор 1 млн 400 минг сўм ойлик олади, лекин унинг иши 4-5гача. Шахсан мен 1 млн 200 минг сўм оламан. Ўзингиз ўйланг, шу пулга ишласа бўладими? Лекин буни одамлар тушунмайди”.
Навбатда турган аёллар...
Тошкент шаҳридаги бир нечта оилавий поликлиникаларда бўлиб, навбатлар асосан гинеколог-шифокор хонаси олдида юзага келганига гувоҳ бўлдик.
Бир нечта аёл биз билан суҳбатда гинекологга навбати келишини камида 1-2 соат кутишга тўғри келишини айтади. Тошкент шаҳридаги ўзига яқин поликлиникага фарзандини эмлашга олиб борадиган Лобар эса эмлашга навбат кутиш катта машаққатлигини таъкидлайди.
“Фарзандимни эмлаш учун ёнимиздаги оилавий поликлиникага 5 марта чиққанман. Камида бир соат, кўпи билан 3-4 соат навбат кутаман”, – дейди у.
Яна бир аёл поликлиникага борганида, бир кун учун умуман навбат йўқлиги сабабли хусусий шифохонага боришга мажбур бўлганини айтади.
“Янгиҳаёт туманида яшайман. Скрининг мақсадида поликлиникага эрталаб соат 8:30да борганимда, навбат аллақачон тўлиб бўлган экан. Чунки бир кунда кўпи билан 20 нафар аёлни скрининг қила олишар экан, шу сабабли навбат рақамлари 20 тагача. Бу рақамлар эса тонг саҳардаёқ тугаб бўлар экан. Биз-ку хусусий клиникага бориб қўя қолдик, лекин бунга имкони бўлмаганлар-чи? Давлат тиббиётда ҳамма учун бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда ҳомиладор аёллар ва болалар учун нормал шароит яратиши керак-ку?”
Facebook'ка жойлаган сўровномамизга ҳам аҳоли вакиллари бу борада фикрларини билдирди.
Шаҳноза:
“Ўзимдан мисол келтирсам. Поликлиникамизда битта гинеколог бор. У ҳам 9дан 14гача ишлайди. Хонада УЗИ аппарати йўқ. УЗИга тушиб келганингиздан кейин яна навбат кутишингизга тўғри келади. Менимча, гинекологлар сонини кўпайтириш керак. УЗИ аппарати ҳам хонада бўлгани яхши”.
Фарҳод қизи:
“Ҳомиладор вақтимда соат 9да клиникага навбат олиб кетардим. Тушдан кейин 2-3ларда борсам ҳам навбатим келишига 2-3 соат бўларди. Лекин мутахассис ўз ишининг устаси эди. Шундай мутахассислар кўпаймас экан, бошқа қилинган чоралар бари бекор”.
Шоҳжаҳон Акбар:
“Ҳамма ҳомиладор аёлларни бир кунда чақиришади. Эрталаб бориб пешинда қайтардим. Тик оёқда туришга тўғри келарди, стул етмасди. Туғиш вақти яқинлашган ёки ёши катта ҳомиладор аёллар ўтирарди. Чақирган кунининг эртасига борсам, навбат деярли бўлмасди”.
Чарос:
“Фақат гинеколог эмас, бошқа шифокорларга ҳам навбат бўлади. Лор, болалар шифокори, тиш доктори, хуллас... Навбатсиз шифокор қабули йўқ. Навбатга қўйишни тўғри ташкил қилиш керак”.
Ситора:
“Поликлиникага чиқсак, ҳудудий врачлар фақат обедгача ёки обеддан кейин ишларди. Унда ҳам қоғозбозликдан бўшашмас эди”.
Ойша:
“Ҳақиқатан ҳам шундай турнақатор навбат. Келес туман Нурҳаёт маҳалласи 22-оилавий поликлиникага эрталаб соат 7:00дан навбат олиш бошланади. 6:30 бошланадиган пайтни ҳам кўрдим. Ҳомиладор бўлиб докторга бунақа навбатни биринчи кўришим. Бизда аёллар кўпми ёки гинеколог камми, билмайман.
Ҳомилам 7 ойлик бўлгунича Исроилда яшаганман. Бирор марта гинекологга навбатни кўрмадим. Бир кун олдин навбатга ёзиласиз ва ўша вақтда сизни қабул қилишади. Яна гинекологнинг ўзида УЗИ аппарати бор: ҳам кўриб қўяди, ҳам УЗИ қилади. Бизда УЗИга кетсангиз, навбатингиз ўтиб кетади, кейин яна келиб навбат оласиз. Навбатингиз келганида доктор “иш вақтим тугади”, дейди. 22-поликлиникадаги гинеколог бир вақтнинг ўзида 2 ёки 3 та беморга қарайди. Яна шошилганидан унга айтадиган шикоятларингиз ёдингиздан чиқиб кетади. Яна 20 та бемор кўраман деб номер берилади, ундан ортиғини кўришга улгурмайман дейди”.
Вазирлик изоҳи
Поликлиникаларда навбат кутишга мажбур бўлаётган аёллар ҳақидаги саволимизга Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Барно Турсунова жавоб берди.
“Жуда тўғри, акушер-гинеколог хонаси олдида аёллар кўп навбатда туриб қоляпти. Сабаблари бор. Биринчиси, ҳомиладор аёллар тез-тез амбулатор кўрикдан ўтиб туради. Иккинчиси, кўп тармоқли поликлиникаларда аёллар маслаҳатхонасига ҳомиладор аёлларимиз перинатал скринингдан ўтиш учун келишади. Учинчиси, фертил ёшидаги аёлларимиз туғуруқ ёши оптимал бўлиши ва соғлом оила яратиш учун контроцептив воситалардан олиш учун келишади. Шундай ҳолатларда тирбандлик ҳолатлари юзага келиши мумкин”, – дейди у.
Турсунова навбатлар узун деб гинекологлар сонини кўпайтириб бўлмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, шундоқ ҳам гинекологлар сони 2021 йилда тасдиқланган штат меъёрларига асосан 1,5 баробар оширилган.
“Ҳар битта поликлиникада аёллар маслаҳатхонаси ташкил қилинди. Аввал у ҳам йўқ эди. 8,5 мингта доя штатлари жорий қилинди. 2022 йил январдан 4900та, 2023 йилдан 3600та доя штати берилди. Тирбандлик масаласига келсак, бунинг олдини олиш учун бизда универсал патронаж тизим жорий қилинган. Яъни аёллар ҳомиладор бўлганда қандай овқатланиш рациони ва гигиена қоидаларига риоя қилиши кераклиги ҳақида 8900 нафар доямизни ўқитяпмиз. Улар келгусида ҳозирда шифокор қилаётган ишларнинг бир қисмини қилишади. Аёлларнинг уйида маслаҳат бериш тизими жорий қилинади. Ҳозир дояларни ўқитиш жараёнидамиз, у тизим ҳам юришиб кетади”.
2017 йилдан поликлиникалар сони кескин қисқарган
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистонда бугунги кунда 2300 тадан зиёд амбулатор-поликлиника муассасалари бор (поликлиника ва оилавий шифокор пунктлари).
2017 йил 1 январь ҳолатига уларнинг сони 3361 та бўлган. Рақамлар поликлиникалар сони янги ҳукумат даврида 31,6 фоизга қисқарганини кўрсатяпти.
Давлат статистика агентлиги маълумотларига таянсак, поликлиникалар сони камайиши 2017 йилга тўғри келади. Вазирликнинг тушунтиришича, бу – 2017 йилдаги президент фармони асосида самарасиз фаолият юритаётган қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилгани билан боғлиқ.
“6110-сонли фармонга мувофиқ, уларнинг сонини кўпайтириш мақсадида янги оилавий поликлиникалар ташкил қилиш режалаштирилди. 2021 йилда 128та, 2022 йилда 136та оилавий поликлиника ва оила шифокорлик пунктлари ташкил қилинди. 2023 йилда яна 140тасини ташкил қилиш режалаштирилган.
Олис ҳудудларда жойлашган маҳаллаларда 1002та ихчам контейнерлар ташкил қилинди, бу йил яна 500та ташкил қилиниши режа қилинган”, – дейди ССВ бўлим бошлиғи Барно Турсунова.
Электрон навбат қачон йўлга қўйилади?
Ресурслар чекланган шароитда улардан фойдаланишни тартибга солишга рақамлаштириш ёрдам бериши мумкин. Беморлар уйида ўтириб, ягона портал ва мобил телефони орқали шифокор ҳузурига навбатга ёзилиб қўйилиши, навбати келган вақтда поликлиникага бориши асаббузарликларни камайтиради.
Аслида, бу тизим жорий этилиши ҳақидаги ваъдаларга анча бўлди. 2020 йилдаги қарорга мувофиқ, 2022 йил март ойига қадар “Электрон поликлиника” ахборот тизими жорий этилиши керак эди.
“Электрон поликлиника” тизими рўйхат ва маълумотларни автоматлаштириш, ягона электрон амбулатория тиббий картасини юритиш каби афзалликларга эга. Бунда беморлар масофадан туриб, ўзи учун қулай вақтда шифокор кўригига навбат олиши мумкин бўлади.
Бироқ Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги поликлиникаларда одамлар ҳамон жонли навбатда турганига гувоҳ бўлди. Бемор поликлиникага келганда “Рўйхатга олиш” бўлимидан анкетасини олади ва кўп ҳолларда шифокор ҳузурига кириш учун жонли навбатда туради. Айрим поликлиникаларда рўйхатга олиш бўлими ходимлари беморларнинг қўлига қоғозга ёзилган навбат рақамини беришади.
Нима сабабдан ўтган йил йўлга қўйилиши керак бўлган тизим ҳамон оқсаяпти? Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Барно Турсунованинг сўзларига кўра, “Электрон навбат” тизимини йўлга қўйиш учун айрим муаммолар бор.
“Биринчиси – бизда мавжуд бўлган айтимед тизими. У “Электрон навбат” тизимини жорий қилиб бериши керак.
Иккинчиси – муассасалардаги тайёргарлик масаласи. Яъни локал тармоқлар ўрнатилгани, компютер техникаси борлиги.
Учинчиси – меъёрдаги интернет тезлиги.
Энг муҳими, тиббиёт ходимлари шу тизимдан фойдаланиш кўникмасини ҳосил қилган бўлиши керак.
Бугунги кунда ҳар хил компаниялар томонидан электрон навбат тизими жорий қилинган, лекин бу электрон навбат соғлиқни сақлаш тизимининг талабларига жавоб бермайди. Чунки ҳозирги ҳолатда аҳоли келиб навбатга ёзилиши керак, хоҳлаган электрон тизим онлайн ишлайди – аҳоли уйидан туриб, смартфонидан фойдаланган ҳолда навбатга ёзилиши ва навбати келган вақтда мурожаат қилиши керак. Вазирнинг талабига асосан, бу тизим ишлаб чиқилди. Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида қисман жорий қилинди. Бу тизим босқичма-босқич бошқа ҳудудларга ҳам жорий қилинади”, – дейди Барно Турсунова.
Кўриб турганингдек, президент қарорида белгилаб қўйилган талаб ўз вақтида бажарилмаяпти, уни ижро этишдаги масъулиятсизлик учун эса жавобгарлик масаласи кун тартибида эмас. Қолаверса, электрон навбатга ёзилиш қачондан жорий этилиши борасида ҳам аниқ муддатлар борга ўхшамаяпти.
Мадина Очилова тайёрлади
Оператор ва монтажчи – Нуриддин Нурсаидов
Тавсия этамиз
Зеленскийдан мамнун, Россия зарбаларидан ҳафсаласи пир бўлган. Трампнинг охирги баёнотларидан асосий гаплар
Жаҳон | 16:21 / 28.04.2025
Туркиялик эркак операциядан кейин она тилини унутиб, бошқа тилда гапиришни бошлади
Жаҳон | 19:42 / 27.04.2025
Ҳаво исиб кетиши ва қурғоқчиликка тайёр туришимиз керак – Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 15:55 / 26.04.2025
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Солиқ кодексига тадбиркорларни қўллашга қаратилган қўшимчалар киритилмоқда
Ўзбекистон | 14:26
-
Тошкентда юз берган ЙТҲда мотоцикл ҳайдовчиси вафот этди
Жамият | 14:22
-
Мишустин Россия иқтисодиёти дунёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири эканини маълум қилди
Жаҳон | 14:06
-
Хоразмда мактаб директори сочини ўрмаган ўқувчи қизни калтаклади
Ўзбекистон | 13:58
Мавзуга оид

10:56 / 24.04.2025
Стоматология поликлиникалари хусусийлаштирилади

14:13 / 06.04.2025
Дунё парламентларида аёл сиёсатчиларнинг сони ва нуфузи ортмоқда — Мартин Чунгонг

11:40 / 22.02.2025
Оилавий поликлиникаларда тиббий хизматлар пулли бўладими?

10:10 / 22.02.2025