Жаҳон | 07:34 / 19.04.2023
5059
2 дақиқада ўқилади

Украина ғалласи Полша орқали конвой билан ташилади

Полша тараққиёт ва технологиялар вазири Валдемар Буда Украина ғалласининг ўз мамлакати орқали транзити 21 апрель куни ярим тунда қайта тикланишини айтди.

Фото: Shutterstock

Киев ва Варшава Украина ғалласини Полша бозорида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларникидан кўра арзонроқ нархларда сотиш бўйича можарода муросага келишди. Бу ҳақда Украина қишлоқ хўжалиги вазири Микола Солски ва ҳукумат бошқа вакиллари билан учрашувидан сўнг, сешанба, 18 апрель куни эълон қилинган Полша қишлоқ хўжалиги вазири Роберт Телус баёнотида айтилади.

«Биз Украина томони билан маҳсулотларни Украинадан Полша орқали транзит қилиш бўйича музокараларни муваффақиятли якунладик», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради dpa агентлиги. Телус тушунтиришича, Украина ғалласининг Полша орқали ҳар қандай ташилиши энди конвой билан амалга оширилади. Бундан ташқари, ҳозирда фойдаланилаётган кузатув тизими, хусусан, чиқинди ва ёқилғининг транзит ҳаракатини назорат қилиш, Украинадан ғалла ҳаракатини кузатиш учун ҳам қўлланилади, дея қўшимча қилди Телус.

Шунингдек, Полша орқали транзит ўтаётган Украина ғалласи юклари GPS билан таъминланади.

Ўз навбатида, Полша тараққиёт ва технологиялар вазири Валдемар Буда Украина ғалласининг ўз мамлакати орқали транзити 21 апрель куни ярим тунда қайта тикланишини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид