Жамият | 17:28 / 19.04.2023
19003
8 дақиқада ўқилади

Урушда ғолиблар бўлмайди — китобхон “Уруш одамлари” қиссаси ҳақида

Ҳеч қачон кимнингдир жони, кимнингдир қони эвазига ғалабага эришиб бўлмайди. Эришилса-да у ғалаба эмас, мағлубият аслида. Худди шу каби урушларда ҳам ғолиблар йўқ. Қанча инсоннинг ёстиғи қуриши, қанча болаларнинг етим бўлиши, қанча аёлларнинг қон йиғлаши эвазига эришилган ғалаба ўз моҳиятини йўқотади.

Инсоният икки йирик урушни бошдан кечирди. Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши кулфатларидан азоб чекмаган халқ қолмади. Барча халқлар адабиёти ва тарихида ўзининг лаънатли изини қолдирган бу урушлар ўзбек адабиётида ҳам етарлича ёритилган. Кўплаб асарларда инсониятга уруш келтирган психологик, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маиший зарарлар батафсил қаламга олинган.

Шундай асарларнинг бири Назар Эшонқулнинг “Уруш одамлари” қиссаси бўлиб, унда урушнинг аянчли оқибатлари бир оила мисолида кўрсатиб берилган. Аммо бундай оилалар қанчани ташкил этишини тасаввур қилиш қийин.

Сюжет:

Оила раҳбари Нормат – полвон барваста, ориятли, ҳалол йигит. Унинг Анзират исмли кўркам аёли ва икки – Холмат ва Хожар – фарзанди бор. Нима бўлади-ю, шу уруш бошланиб қолади ва Нормат полвонни ҳам хизмат сафига қўшиб қўяди. У бир неча йил қон кечади ва ниҳоят жони омон ҳолатда уйига қайтади. Аммо бир оёғини урушда қолдириб келади. Норматнинг оёғидаги жароҳат унинг руҳидаги жароҳат олдида ҳеч нарса эмасди. Уруш асорати унинг паҳлавон келбатини нимжонгина жуссага; йигит ҳолини кексайган башарага алмаштириб қўйганди.

Қишлоғига қайтгач бир муддат гарангсиб юргач унинг руҳида бирмунча яхши ўзгаришлар содир бўла бошлайди. Яшашга, меҳнат қилишга иштиёқ уйғонади. Урушда тўккан қонларини энди меҳнати билан тозалашга, ювишга аҳд қилади. Аммо тез орада урушнинг яна бир зарбаси уни эсанкиратиб қўяди. Хотини Анзиратнинг ҳомиладорлиги, яъни Нормат урушдалигида эрига хиёнат қилганлиги аён бўлади.

Нормат бутун қишлоқ олдида хотинини ўласи қилиб дўппослайди, осмоқчи бўлади, ўзи эса телба ҳолатига бориб етади. Оқибатда Анзиратнинг ҳомиласи нобуд бўлади, ўзи эса кўп қон йўқотиши натижасида анча вақтгача ҳолсиз ётиб қолади.

Аслида воқеа шундай бўлганди: Нормат урушга кетгач, маълум муддатдан сўнг ундан қорахат келади. Анзират эрини севарди. Кўп қайғурди. Лекин энди унинг гарданида икки болани боқиш, ҳам оталик, ҳам оналик қилиш масъулияти турарди. Уруш оқибатида қишлоқларда йўқчилик, танқислик ва очлик ҳукм сурарди. Куни бўйи меҳнат қилган халқ кечалари оч ётишга мажбур бўларди. Анзиратнинг ҳолатини айтмаса ҳам бўлади.

Бир куни Хожар қаттиқ бетоб бўлиб қолади. Иситмалаб ҳуш-беҳуш алахсий бошлайди. Табиб унга товуқ шўрва ичириш кераклигини айтади. Аммо Анзиратга товуқ топиш катта муаммо эди. Уларга унда-бунда меҳрибонлик қилиб юрган, ўзининг узоқ қариндошлик мақомини қойиллатиб бажараётган қишлоқ раиси Мирзақулдан ёрдам сўраб боради. Мирзақул дарров битта товуқ топтириб келади ва эртасига Ҳалил отбоқарнинг уйига борса, яна битта товуқ беришини айтади.

Товуқ шўрвадан кейин Хожар ўзига кела бошлайди. Кўнглида ҳеч қандай хавотири йўқ Анзират отбоқарнинг кимсасиз ва ташландиқ уйига боради. У ерда уни Мирзақул кутиб олади ва Анзиратга зўрлик йўли билан эришади. Бу ҳол кўп марта такрорланади. Орадан бироз вақт ўтгач Нормат полвон тирик қайтиб келади...

Нормат хотинини калтаклагач уйдан чиқиб кетади ва икки ўғлидан ҳам қорахат олган, икки келини билан қолган оркаш Бийди аммасиникида яшай бошлайди. Кундузлари тоғга чиқиб кетиб ов қилади, баъзан кунлаб тоғда қолиб кетади. Шундай вақтларнинг бирида у Маллабойнинг хонадонига бориб қолади. Маллабой ҳам урушга борган, қайтса хотини замона зайли билан бошқа эр қилиб кетган ва шу орқали болаларини очликдан сақлаб қолган бўлади.

Маллабой бу ҳолатдан аввалига довдираб қолади, аммо барчасига урушни айбдор қилиб оиласини қайтаради, хотинини ҳам кечиради. Аммо хотини ўзини кечиролмай, ҳасратда ёниб-куйиб вафот этган бўлади. Маллабойнинг ҳаёт йўлини эшитган Нормат ҳам болалари учун аёлини кечиришга, янги ҳаёт бошлашга аҳд қилади. Ҳамма кўнгилсизликларга урушни сабабчи деб билади. Буни эшитган аммаси жазавага тушади. Аммо Нормат аҳдида собит туради.

Бу орада Мирзақул раислик отидан тушган, урушга юбориладиган бўлади. Бутун умр аёлларни эрмак учун деб билиб келган Мирзақулнинг фикрларида ўзгариш содир бўлади. У Анзиратга боғланиб қолганини тушуниб етади. Анзират шунча калтакланса-да, Мирзақулни сотмаганини эшитиб таъсирланади. Анзират ҳам анча ўзига келиб, оёққа туриб қолади. Аммо қўни-қўшни фарзандларини “бузуқнинг боласи” дея турткилашларидан ерпарчин ҳолатга тушади.

Мирзақул урушга кетишидан бир кун олдин Анзиратни кўрмоқчи, ундан кечирим сўрамоқчи бўлади. Нормат йўқлигида фойдаланиб, кечаси Анзиратнинг ёнига киради ва ундан кечирим сўрайди. Узоқ суҳбатдан сўнг уйдан чиқаётиб Норматга дуч келади. Нормат Анзират ва Мирзақулни отиб ташлайди ва ўзи ҳам тоғ-у тошлардан сакраб, вафот этади. Икки бола етим қолади...

Таҳлил:

Ёзувчи ҳар бир қаҳрамоннинг ўй-фикри билан ҳисоблашган ҳолда, ўқувчига ҳар томоннинг ҳақиқатини етказиб берган. Китобхон Анзиратни бузуққа чиқариб қўёлмайди. Уни чорасизлик, алдов, зўравонлик шу ҳолатга солди. Она фарзанди учун ҳар нарсага тайёр зотлиги, қолаверса, товуққа бораётганда Мирзақулнинг шум ниятини хаёлига ҳам келтирмаганлиги, соддалиги Анзиратни қайсидир маънода оқлайди. У айрим аёллар сингари ўзи бориб Мирзақулнинг қучоғига отилмади, ўз хоҳиши билан этак кўтармади...

Анзиратнинг характерини эри олдида ўзини айбдор ҳис қилиб, виждон азобида қоврулишидан ҳам билсак бўлади. У виждонли, кўнгли бўш, иродали ва таъсирчан аёл, меҳрибон она. Унинг бошига келган фожиа эса тентак тақдирнинг дайди ўқидек эди. Мирзақул кечирим сўраб келганда уни таънасиз кечириши ҳолати унда инсонийлик кучли эканини кўрсатади.

Баъзан инсон инсонга бўри. Шундай бўрилардан бири Мирзақул эди. Уруш эса бундай йиртқичларнинг ови бароридан келиши учун қулай шароит яратиб берди. Анзират унинг ўлжасига айланди. Мирзақул ўз қилмиши билан фақат Анзиратни емади, балки бутун оилани, қолаверса ўз бошини еди.

Нормат ориятли инсон. Тинч замонда хотини шаънига Мирзақул томонидан айтилган ноўрин гап учун Мирзақулни ер тишлатганлигидан ҳам буни билса бўлади. Хотинининг хиёнатини оғир қабул қилиши ҳам табиий ҳодиса эди. Аммо унинг фикрларида катта бурилиш ҳосил бўлгани, вазиятни тўғри баҳолай бошлагани, ҳатто хотинини кечиришга, болаларини етим қилмасликка аҳд қилгани унинг мулоҳазали инсон ва меҳрибон оталигини ҳам кўрсатади.

Бийди момо асарда халқнинг анъана ва қадриятлари, орияти тимсолида келган. Бу мағрур аёл иродасиз, бўшанг, енгил-елпилардан, умуман ожизлардан нафратланади. У ўзини қадриятларни маҳкам тутган, халқнинг анъаналарини келажак авлодга учун етказиб борадиган занжир сифатида кўради. Унга бошқа нарсанинг қизиғи йўқ. Лекин уруш аталмиш бало шундай иродали аёлни ҳам синдиради. Ўғилларидан келган қорахат уни букиб қўяди. Бийди момо келинлари орқали аёл зотининг характери очиб берилади. Ҳар бир аёлнинг ўзига яраша характери мавжуд. Тутадиган йўллари ҳам турличадир.

Уруш расман тугаса-да, унинг совуқ нафаси қанчалаб инсонларни томиригача қуритиб ташлади. Хулоса қилиб айтганда, асарда одамлар жувонмарг бўлиш учун урушга бориши шартмаслиги, уруш кўланкаси миллионлаб километргача етиб боролиши ва ўз қурбонларини топиши кўрсатиб берилган. 

Мавзуга оид