Ўзбекистон | 20:28 / 21.04.2023
25216
1 дақиқада ўқилади

Сурхондарёлик тадбиркор 40 та эҳтиёжманд оилага уй ҳадя қилди

Хонадонлар тўлиқ жиҳозланган ҳолда боқувчисини йўқотган, уй-жойсиз хотин-қизларга топширилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани, «Тароқли» маҳалласида Рамазон ҳайити байрамига туҳфа сифатида 2 та кўп қаватли, 40 та хонадонли турар-жой қуриб битказилди ҳамда тўлиқ жиҳозланган ҳолда боқувчисини йўқотган, уй-жойсиз хотин-қизларга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, уй-жойлар шерободлик тадбиркор томонидан қурилган ва беғараз тақдим этилган. Унинг исми-шарифи хабарда келтирилмаган. UzA хабарига кўра, тадбиркор ўз исми-шарифини очиқламасликни сўраган.

Иккита кўп қаватли уйдаги хонадонлар икки ва уч хонали бўлиб, уларнинг ҳар бири замонавий усулда жиҳозлангани, барча шароит яратилгани айтилмоқда.

Уйларнинг калитини тантанали топшириш тадбирида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этган.

Хабарда таъкидланишича, саховатпеша тадбиркор ўтган йили ҳам тумандаги 27 та кам таъминланган оилага коттеж уй қуриб, ҳадя қилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид