19:58 / 22.04.2023
14701

Германия ва Россия дипломатларни ўзаро чиқариб юбормоқда

Икки давлат ўртасида дипломатик «можаро» авж олмоқда.

Фото: Valery Sharifulin/TASS/dpa/picture alliance

20 нафардан ортиқ немис дипломати Россиядан чиқариб юборилади. Бу ҳақда Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова хабар берди. Олдинроқ Германия ҳам шунча россиялик дипломатни Берлиндан чиқариб юборилишини эълон қилган эди.

Аввалроқ, Германиянинг Focus нашри сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва илмий маълумотларни қўлга киритишда гумон қилинаётган 30 дан ортиқ россиялик дипломатни қўпорувчилик ва дезинформацион операциялар учун мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида ёзган эди. Германия хавфсизлик идоралари ҳозир мамлакатда 160 га яқин россиялик разведка ходими бор, деб ҳисобламоқда. Бу Совуқ уруш давридагидан кўпроқ.

Россиялик дипломатлар жосусликда гумон қилиниб, 2022 йил бошидан бери Германиядан чиқариб юбориляпти. Шу йил январь ойида ҳам россиялик дипломат жосусликда гумон қилиб, персона нон грата деб эълон қилинди.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Австрия, Германия, Болгария, Швеция, Дания, Латвия, Литва, Эстония, Словакия, Словения, Хорватия ва Люксембург россиялик дипломатларни чиқариб юборишни эълон қилди. Шунингдек, Россиянинг турли миссияларда ишловчи 480 нафар фуқароси «персона нон грата» деб эълон қилинди.

Март ойида Нидерландия россиялик 17 нафар дипломатни чиқариб юборди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Вопке Хукстра «Россиянинг Нидерландиядаги ваколатхоналарига дипломатик ниқоб остида тайинланган разведка ходимларини» чиқариб юбораётгани ҳақида хабар берган эди.

Top