Жамият | 13:27 / 25.04.2023
76967
10 дақиқада ўқилади

Қайси қаватда яшаган яхши: юқори ёки пастда?

Кўп қават уйларнинг қайси қавати хафвсизроқ, оддий аҳоли нечанчи қаватдан уй олишни маъқул кўради? 7-қаватдан юқориси нега яхши ёки нега ёмон? Бу борада Kun.uz соҳа мутахассислари ва аҳоли фикрини бир саҳифага жамлади.

Фото: KUN.UZ

Аҳоли кўпайгани сари катта шаҳарларда кўп қаватли уйларга талаб ошиб боряпти ва талабга яраша таклиф ҳам ортган. Кимдир юқори қаватдаги уйларни танлашига тeпадан кўринадиган чиройли манзара деса, кимдир зилзила вақтида чиқиб кетиш қулай деб пастки қаватни танлайди. Хўш қайси бири яхшироқ?

Ўзбекистонда неча қаватли уйлар қуриляпти?

Ўзбекистонда охирги вақтларда 7 ва 9 қаватли уйлар кўпроқ қурилмоқда. Шунингдек, 12 ва 16 қаватли уйлар ҳам кўпайяпти. Қурилиш вазирлигининг Kun.uz’га берган маълумотига кўра, энг юқори қаватли биноларнинг аксари Тошкент шаҳрида қад кўтармоқда. Шулар орасида Тошкент cити ҳудудидаги ресторан, меҳмонхона ва савдо шохобчалари жойлашган 51 қаватли иморат энг баланди ҳисобланади. Ундан ташқари, Шайхонтоҳур туманидаги И.Каримов ва Бунёдкор кўчалари кесишувида жойлашган савдо-маиший ва офис шохобчалари ва меҳмонхонани ўз ичига олган 26 қаватли турар жой бинолари ҳам бор. Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли кўчасида жойлашган кўп тармоқли IT-Парк комплекси ҳам 25 қаватли бўлиб, пойтахтнинг энг баланд биноларидан ҳисобланади.

Аҳоли қайси қаватдан уй олишни афзал билади?

Facebook ижтимоий тармоғида ўтказилган кичик сўровномада аҳоли нечанчи қаватлардан уй олишни афзал кўриши ва бунинг сабабларига тўхталиб ўтган. 400дан зиёд изоҳлар йиғган постда аксарият фойдаланувчилар 1-2-3-қаватлардан уй олишни тавсия қилишган.

– “2-3-4-қаватлар энг яхши вариант. 1-қават нам бўлади. 5-қаватдан уёғи оғир юклар учун минус”.

– “4-5-қаватдан ғиштли уй олинг. Қуёш тушиши ва шабада юриши ҳисобини олинг”.

– “25 йилдан буён кўп қаватли (маҳалламизда ўзи 2 қаватли уйлар ҳаммаси) домда яшайман. Албатта, 1-қаватда яшаганим учун ёзяпман. Ҳеч қанақа ёмон жойи йўқ. Зах ҳам эмас. Қишда иссиқ, ёзда салқин.

Балки, 2 қаватли уйлар бўлгани учундир. Подвал йўқ, пашша йўқ. Тинч, сокин”.

– “1-қават яхши максимум 2-қаватдан олинг. Сабаби шуки, оғир юкларингиз бўлса, тез олиб кирасиз, шкаф ёки шунга ўхшаш. Пастки қаватдан бўлсангиз, зилзила вақтида тез чиқишингизга қулай имкон бўлади. Яна Аллоҳ билгувчи, асрагувчи”.

– “1-қаватда турамиз. Ҳеч қанақа муаммо йўқ. Ҳовлимиз бор, орқа томондан эшик бор. Мевали дарахтлар бор, ҳовлидан фарқи йўқ”.

– “2-3-қаватлар маклерлар тилида “золотой” дейилади”

– “Зўри 2-қават деб биламан. 3 ҳам ёмонмас! 2-қават тушиб чиқишга қийинмас. 1-қаватда ижарада яшаб кўрганман, кечқурун пардангиз сал очилиб қолса, уй ичи ташқаридан кўринади”.

– “Иккинчи қаватни тавсия этаман биринчи қаватга подвалнинг захи уради, икки баландлик қилмайди, чиқиб тушишга қулай, иложи борича ўрта подъезддан олинг, бурчак бўлиб қолмасин”.

Изоҳлар орасида айнан биринчи қаватнинг салбий томонини ёзганлар ҳам бор.

– “1-қаватни умуман тавсия қилмайман. Ҳозирги уйлар қисқа вақтда қуриб битказилаётгани учун 4-5 йилдан кейин полингиз трамбовкаси кўчиб, ламинатлар кўтарилади. Зах ҳиди бўлади”.

– “Энг юқоридан 2-қават пастроқдан олинг” (томдан сув ўтса сизга тушгунча бошқалар ҳаракат қилишади).

– “Нима бўлса ҳам биринчи қаватдан олманг. Ертўлада сув тошсаям сизга ҳиди чиқади. Ҳамма мусор пастда. 15 йилдан бери 1-қаватда яшайман”.

“2-қават ҳам яхши эмас. Тагида дўкон бўлса, таракан ёки сичқон тўлиб кетади. Агар ресторан бўлса, ҳиди чиқиб туради”.

“Катта кўчанинг юзидаги (биринчи қатор)дан олманг иложи бўлса. Шовқин ва чанг зарралари, машиналардан чиқадиган газ иси бўлади”.

– “1-қаватдан олманг. Ертўла сизнинг бўйнингизда, сув канализация тошиб кетсаям ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Кўчани сиздан бошқа ҳеч ким тозаламайди, зах, қишда иситиш қийин, ёзда кўчада кеч 12гача ўтиришади, шовқин шундоқ эшитилиб туради”.

Шунингдек, кўп қават уйларнинг энг тепа қавати афзал томонларини ёзганлар ҳам талайгина.

“Уйнинг неча қаватлигига қаранг аввало. Баландроғида ҳаво ўйнайди, тоза ҳаво доимо бор, пашша бўлмайди, атроф зўр кўринади, жуда қуёшли бўлса, кондиционерсиз қийин”.

“Энг тепадан олинг. Аллоҳ асрасин, зилзила бўлса, биринчи сизни ковлаб олишади”.

– “Юқори қаватда уйга чанг анча камроқ киради. Подъезд тоза туради, тепага чиқишга қийналмасангиз, тепа ҳам яхши, лифт бўлса билинмайди”.

“Мен тўртинчи қаватда тураман. Эшигим очиқ тураверади. Ҳеч ким зинадан дўпир-дўпир қилиб тушмайди. Тинч, тепадан ҳеч кимнинг оёқ овози эшитилмайди. Доим тоза туради”.

Мутахассислар нима дейди?

Турли қаватларда яшаб кўрган уй эгалари ўз фикрларини тажрибаларини ўртоқлашганлари яхши. Изоҳларда ҳақиқатан ҳам асосли фикрлар ёзилган. Билдирилган фикрларнинг қайси бирлари асосли эканини мутахассислар фикридан ҳам билиш мумкин. Қурилиш вазирлиги мутахассислари А.Азизов ва Ф.Ахунов мавзу юзасидан Kun.uz’га ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Пастки қаватларнинг афзалликлари:

  • Фавқулодда вазиятда чиқиш учун қулай кириш.
  • Пастки шифтлар қишда камроқ иссиқлик йўқотилишини ва ёзда совитиш харажатларини камайтиради.
  • Ҳаракатланиш муаммоси бўлган одамлар учун қулайлик.

Пастки қаватларнинг камчиликлари:

  • Ташқи ҳарорат (конструкция чизиқли ўлчамларининг ўзгаришига олиб келади).
  • Атмосфера ва тупроқ намлиги таъсири (қурилиш ашёлари хусусиятларининг ўзгаришига олиб келади).
  • Биологик таъсир (микроорганизмлар ва қурт-қумурсқалар конструкцияни емиради).
  • Кучли ёмғир пайтида ёки сув сатҳи баланд бўлган жойларда сув тошқини кўпроқ мойил.
  • Юқори намлик туфайли моғор ва чириётганларга кўпроқ мойил.
  • Кўча даражасига яқинроқ бўлгани учун камроқ махфийлик.
  • Юқори қаватларга қараганда камроқ табиий ёруғлик ва кўринишга эга бўлиши мумкин.
  • Кўчадан чанг ва ифлослантирувчи моддаларга кўпроқ таъсир қилиш.

Юқори қаватларнинг афзалликлари:

  • Яхшироқ кўриниш, табиий ёруғлик ва шамоллатиш.
  • Кўча, транспорт ва очиқ ҳавода шовқин камроқ.
  • Кўпроқ махфийлик ва хавфсизлик.
  • Кўчадан чанг ва ифлослантирувчи моддаларга камроқ таъсир қилиш.

Юқори қаватларнинг камчиликлари:

  • Ҳаво оқими йўналишининг таъсири (хона ичидаги микроиқлимнинг ўзгаришига олиб келади).
  • Қуёш нури энергиясининг таъсири (қурилиш ашёси физик-техник хусусиятларининг ўзгаришига олиб келади).
  • Ҳаво таркибидаги агрессив кимёвий бирикмаларининг таъсири (конструкциянинг емирилишига ва бузилишига олиб келади.
  • Бино ичидаги ёки ташқарисидаги шовқин таъсиридан хонадаги нормал акустик режимнинг бузилиши.
  • Фавқулодда вазиятларда фойдаланиш имконияти камроқ.
  • Юқори шифтлар қишда кўпроқ иссиқлик йўқотилишини ва ёзда совитиш учун юқори харажатларни англатади.
  • Шамол шикастланишига кўпроқ мойил бўлиб, парвариш қилиш зарурати.

Зилзила вақтида нечанчи қаватлар хавфсиз?

2023 йил февал ойидаги Туркиядаги кучли зилзилалардан сўнг аҳоли қайси қаватдан уй олиш хавфсиз бўлиши ҳақида қайғура бошлади. Шу сабабдан Кun.uz бу савол билан Қурилиш вазирлиги мутахассисларига юзланди. Уларнинг жавобига кўра, зилзила содир бўлганда, бинонинг пастки қаватлари камроқ хавфли деб ҳисобланади.

“Бунинг асосий сабаби шундаки, сиз бинода қанчалик баланд бўлсангиз, у шунчалик кўп чайқалиши ва силкитиши мумкин, бу эса бинонинг потенциал шикастланиши ёки қулаши билан тугаши ҳам мумкин. Бундан ташқари, юқори қаватларда йиқилиб тушиш каби структуравий шикастланишлар кўпроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун, иложи бўлса, зилзила пайтида биринчи қаватда ёки подвалда қолиш тавсия этилади”, – дея маълумот берди вазирлик мутахассислари.

Халқаро тадқиқотлар

Америкалик олимлар 1-7-қаватларни идеал деб ҳисоблашади. Тадқиқотларга кўра, ердан узоқлашаверган сари магнит майдони пасайишни бошлайди ва бу юрак қон-томир, асаб ва иммунитет тизимларида стрессни келтириб чиқариш хавфи мавжуд.

Экологлар эса ердан 30 метр тепадаги ҳавони ифлосланган деб ҳисоблашади. Шу сабаб болалар ва қариялар учун 7-қаватдан тепароқда яшаш тавсия этилмайди. Вояга етган киши иммунитети эса ҳаводаги заҳарли моддалар билан нисбатан яхши курашади.

Бундан ташқари, юқори қаватларда электромагнит нурланиши кўплиги ҳам таъкидланади. Чунки симлар кўпроқ юқори қаватларга жойлаштирилади.

Тиббий статистикаларда тепа қаватда яшайдиган одамлар тезроқ касал бўлишлари кўрсатилади. Шифокорлар бунга сабаб қилиб юқори қаватлар тебранишга мойиллиги ва турли фаолият турлари сабаб юқори қаватлардаги тебраниш одамларда ташвиш ҳиссини шакллантиришини айтишади.

Албатта, кўринганидек пастки ва юқори қаватларнинг ҳар бирида ўзига хос плюс ва минус томонлар бор. Харидор ўзи учун қайси хусусият муҳимлиги, қандай қулайлик унга кўпроқ зарур эканлигига қараб танлайди, танлов эса ҳар кимнинг ўзида.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид