08:47 / 25.04.2023
9941

WSJ: Эрон Россияга юз минглаб ўқ-дорилар юборди

Эрон сўнгги 6 ой ичида Россияга 300 мингдан ортиқ артиллерия снарядлари ва миллион дона патронлар етказиб берди, деб ёзади The Wall Street Journal (WSJ) исми ошкор этилмаган расмийлар ва журналистлар кўрган ҳужжатларга таяниб. 

Фото: def

Нашрнинг таъкидлашича, Эрон қуроллари Россия Федерациясига Каспий денгизидаги юк кемаларида келган.

Аввалроқ Америка урушни ўрганиш институти (ISW) Россия қўшинлари Украинага яқинда берилган зарбаларда Shahed-136/131 типидаги Эрон дронларининг янги партиясидан фойдаланганини билдирганди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, россияликлар 25 кун ичида биринчи марта Киевга яна ҳужум қилиб, 20 апрелда жами 26 та, 21 апрелда эса 12 та учувчисиз учоқдан фойдаланган. Украина ҳарбийлари мос равишда 21 ва 8 та дронни уриб туширди, дейилади ҳисоботда.

Бундан олдин Жанубий мудофаа кучларининг бирлашган мувофиқлаштирувчи матбуот маркази раҳбари Наталя Гуменюк Эроннинг камикадзе учувчисиз учоқлари янги партиясини қабул қилиб олган Россия яқиндаги сукунатдан кейин Украинага ҳаво ҳужумларини кучайтирганини айтганди.

Унинг сўзларига кўра, янги белгиларга эга «Шаҳед-136» дронларидан фойдаланиш Миколайив ва Одесса вилоятларида қайд этилган. 

Гуменюкнинг таъкидлашича, россияликлар камикадзе дронлардан тинч аҳоли ўртасида кескинликни сақлаш, шунингдек, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва муҳим инфратузилма объектларини излаб топиш учун фойдаланмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top