Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жонидан бўлак йўқотадиган бошқа ҳеч вақоси йўқ – Платоновнинг “Жон” асари ҳақида
Бугунги давр кишиси руҳий оламининг турфа хил оғриқлари, қалбининг ўзига яраша инжа қайғулари мавжуд. Муаммолар, кўргуликлар, тақдирлар ҳар кимнинг тоқат косасига сингадиган даражада ёки бошқача айтадиган бўлсак, муаммосининг кўлами яшаш даражасини белгиловчи бир мезондир.
Инсонлар руҳий бузилишлардан азият чекадиган бир даврда “Жон” халқи бир қултум сув ва бир бурда нонгагина муҳтож экани сизни ҳайрат остонасидан олиб ўтиши муқаррар. Инсоният пайдо бўлган дастлабки даврларда ҳам илк эҳтиёж бу овқат ёки унинг ўрнини боса оладиган бирор емиш эди. Кейингиси — айш. Андрей Платонов гарчи бир аср олдинги ҳаётини тасвирласа ҳам “Жон” қавмининг “яшаш” тарзини ўқиганингизда бугун депрессиядан, турли хил асаббузарликлар, тушкунликлардан тинка мадори қуриган одам авлодларининг аллақайси аждодининг бор-йўқ дарди фақат емиш бўлганини англайсиз.
Умуман қачон инсон “бошқача” қайғулар ҳақида, қайғуни ҳис қилиши мумкин бўлган қалб ҳақида, ботиний дунёси, руҳий олами ҳақида ўйлаши мумкин? Қачонки моддий оламини нисбатан тўла-тўкис бутлаганида, жисми талаб қилиши мумкин бўлган эҳтиёжларни қондира олганда. “Жон” халқи бўлса асар ниҳоясига борибгина ўзини “қорин” ғамидан нисбатан таъминлашни ўрганди. Асар қаҳрамонларидан бир Ойдинни бошқача оғриқлар исканжасига олди, халқ ҳайвон дарди билан яшашдан безди.
“Жон”ни ўқиш орқали англайсизки, биргина очлик — кишининг ичидаги кибрини ўлдириб қолмай, инсонларни ҳайвондан баттар яшаш тарзига олиб келиши мумкин. Жон ташвиши сизни жондан безишга, руҳ жонини ўлдиришга мажбур қилиши мумкин. Уйғоқликда туш кўрсатиши мумкин, фақат тундаги уйқуда ором бериши мумкин. Асар мутолааси ниҳоясининг энг ёқимли томони нима учун китобга бундай ном берилганини англаш бахти бўлса керак. Ахир сенга берилган жумбоққа жавоб топасан; “Жон”дагиларнинг жисмидаги уриб турадиган бир парча этидан бўлак ҳеч вақоси йўқ. Биргина топгани шу жон, қизиғи у ҳам омонат. Жон халқидан бўлган эрнинг хотинидан, аёлнинг эса эрдан бошқа бисоти йўқ. Кўзи юмуқ яшаган бандаларнинг юмуши ейиш бўлган кечмиши, яшамиши бунча оғир бўлмаса?
“Шўро ҳукумати серфарзанд бевага ўхшайди, ташландиқ ва кераксиз ҳамма есирларни этагига жамлаб юради — яна битта шўртумшуқни бағрига олиш чикора?” Совет ҳокимияти учун асли юз жон ҳам чиқмайдиган “Жон” элатини оталиққа олишдан нима фойда? Ҳоли забун, мумсик бу элатни маълум жиҳатлардан таъминлаш орқали бутун совет ҳокимияти остида бирлаштирилган халқ ва элатларга ўзининг нақадар “халқпарвар” эканини хўжакўрсинга исботлашни, Ўрта Осиёда юритган номақбул сиёсатини хаспўслашни истаган бўлса, эҳтимол. Битта қолмай қирилиб кетса ҳам майли, аммо советларга қарши бўлмаса бас.
Башарият XXI асрнинг бошидан бугунги кунга қадар жуда мислсиз ютуқларга эришди, дунё тезлашиб бораётган бундай пайтда “Жон” асари бироз тўхташга, бир асргина ортга қараб, бутун бошли ҳаракатлар нима асосга қурилганини кўришга ундайди. Яна шуни илғаш мумкинки, фақат қорни тўқ, ижтимоий муаммолардан холи бўлган инсонларгина жамият ҳақида, онг-шуур, фалсафа, сиёсат, умуман ўйлаш ҳақида ўйлаши мумкин. Йўқса унинг муаммоси нафсидан ортмайди.
Хонлар хунини адо қилган бу абгор халқнинг емоқдан бўлак ҳеч ташвиши йўқ. Қайсидир замонларда улар ҳам ўлимдан қўрққани, яшашни истагани ҳақиқат, аммо ўлимни писанда қилмаган бу халқни Ажал ҳам унутгандек. Одам авлодлари учун “Яшаш” эса биргина нафас олиш ва овқат тановул қилиш билан ўлчанмай қўйган. Чунки тонгда туриш-у, овқат еб эҳтиёжини қондиргач, уйқуга ётишни ақли ноқис ҳайвон ҳам уддалай олади.
Роман сюжет тузилиш жиҳатдан ретроспектив сюжет услубига хос. Яъни сюжет хронологик тартибда кетмасдан, узоқ йиллар ортга қайтишлар кузатилади. Асарда саҳро, дашт умуман пейзаж тасвирига кенг урғу берилган. Тасвир маҳорати ҳам бетакрорлигини хаёлингизда ўша замон ва заминни худди кино лентасидек тафаккурингизга жойлаб қўйганида ҳис қиласиз. Портрет тасвирини нафақат инсон ташқи кўриниши таърифларида, балки дашт аҳолисининг руҳий дунёсини очиб берганда ҳам кузатишингиз мумкин. Умуман, асар давомида ҳар бир қаҳрамон устида ишланганини ҳис қиласиз: Чиғатоев ва унинг онаси, Ойдин, Нурмуҳаммад. Саҳрода яшашга маҳкум авомнинг умумий руҳий ҳолати сокин аммо юракни эзувчи жумлаларга сингдириб юборилган.
Романни ўқиркансиз, унинг бадииятида, тилида шарқона руҳ борлигини ҳис қиласиз. Фақат гап қурилиши, мураккаб иборалардагина эмас, жумлаларда Шарқ бадииятига дахлдор бўлган ийҳом, тажнис сингари унсурларни ҳам кўришингиз мумкин. Тилининг бу қадар самимий равон эканида таржимоннинг ўрни ҳам беқиёс.
Онаизор узоқ айрилиқдан сўнг ҳам нима учун фарзанди дийдорига муштоқ бўлмаслиги мумкин, нима инсонни бу қадар абгор ҳолатга отиб ҳайвон қонини ичишга, хом гўштини ейишга ва бундан лаззатланишга ундаши мумкин? Буларни билишни истасангиз, ушбу романни, албатта, ўқиб чиқинг. Менимча, ҳар бир китобхон ўқиши керак бўлган асарлардан бири айни — “Жон” романи.
Нодира Тошалиева, китобхон
Мавзуга оид
10:00 / 15.06.2026
Ўқиган ҳар бир китоб учун уч кун: маҳкумлар учун янги тартиб тасдиқланди
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
17:39 / 22.05.2026
Шавкат Мирзиёев Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди
18:07 / 07.03.2026