Жаҳон | 18:38 / 27.04.2023
15449
20 дақиқада ўқилади

Байден яна сайланмоқчи. Унинг имкониятлари қандай?

Унинг биринчи муддати қандай ўтди? Украинани қўллаш сиёсати Жонинг рейтингига қандай таъсир қилди? У бу сафар ҳам Трампни енга оладими?

Patrick Semansky / AP / Scanpix / LETA

25 апрел куни эрта тонгда АҚШ президенти Жо Байден иккинчи президентлик муддатига номзодини қўйишини маълум қилди. Жо ҳозир 80 ёшда, унинг рейтинги жуда пастлигича қолмоқда. Байденнинг президент сифатидаги дастлабки икки йили турли муваффақиятсизликларга бой бўлди. Шунга қарамай, Байден бир нечта кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди ва улар келгуси сайлов кампаниясининг муҳим қисми бўлиши мумкин. «Медуза» нашри Байденнинг биринчи президентлик муддатининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилди ва унинг қайта сайланиш эҳтимоли қанчалик юқори эканини ўрганди.

Байденнинг иккинчи муддатга ҳам сайланиш учун ҳаракат қилиш қарори кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Президентнинг ўзи ҳам, унинг рафиқаси Жилл ҳам бу ҳақда эълон қилиш вақт масаласи эканини бир неча бор таъкидлаганди. 25 апрел куни эрталаб эълон қилинган видеода Байден 2024 йилги сайловларда иштирок этиши айтилган. Видео «ишни тугатиб қўйиш» ибораси атрофига қурилган — Байден сўнгги ойларда бу иборани доимий равишда такрорлаб келмоқда (биргина феврал ойидаги Конгрессга йиллик мурожаатида, у 13 марта бу гапни тилга олди).

Амалдаги президетнинг иккинчи муддатга номзодини қўйиши ғайриоддий ҳодиса эмас: АҚШнинг 45 президентидан фақат олти нафари ўз ихтиёри билан қайта сайланишдан воз кечган. Бу охирги марта 1968 йилда содир бўлганди: Виетнам уруши туфайли машҳурлигини йўқотган Линдон Жонсон партия праймеризларида ғалаба қозонган бўлса-да, иккинчи муддатга ўз номзодини қўймасликка қарор қилган эди.

Шарҳловчилар Байденнинг қайта сайланиш қарорига фақатгина унинг ёши туфайли шубҳа билдиришмоқда: Жо ҳозир 80 ёшда, иккинчи муддати охирига бориб 86 ёшга тўлади, бу АҚШдаги эркакларнинг ўртача умр кўриш ёшидан тўққиз йилга кўпроқ. Шу билан бирга, президент мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтиб туради. 2023 йил февралида унинг шахсий шифокори Байден соғломлиги ва президент лавозимини эгаллашга тайёрлигини маълум қилди.

Нега Байденнинг рейтинги паст?

Байден бошқарувини маъқуллаш рейтинги 2021 йил кузидан бери салбий бўлиб қолмоқда. Бу Байден маъмурияти сўнгги икки йил ичида бошдан кечирган бир қатор инқирозлар билан боғлиқ.

Байден Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирганидан икки ҳафта ўтиб президент лавозимига киришганди. Тартибсизликлардан сўнг Адлия вазирлиги мингдан ортиқ одамга турли жиноий айбловлар қўйди. 607 нафар айбланувчининг 58 фоизи етти кундан 10 йилгача, ўртача икки ойдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бироқ тергов ишлари ҳали ҳам давом этмоқда: ҳозир Адлия вазирлиги Трамп ва унинг маъмурияти вакилларининг тартибсизликлардаги ролини ўрганмоқда. Аввалроқ Вакиллар палатасининг ўз текширувини ўтказган қўмитаси уларга нисбатан айблов қўйишни тавсия қилган эди. Байденнинг ўзи бу терговдан имкон қадар узоқлашди. Бош прокурор Меррик Гарланд эса мустақил махсус прокурор Жек Смитни, Капитолий иши билан бирга Трампнинг уйидаги махфий ҳужжатларни сақлаш ишини тергов қилиш учун ҳам тайинлади.

Бироқ, Байден президентлигининг дастлабки ойларидаги асосий муаммо коронавирус эпидемияси эди: унинг инаугурацияси кунларида АҚШда ҳар куни бир неча минг киши ушбу касалликдан ҳалок бўлаётганди. Уч йил ичида АҚШда касаллик ва унинг оқибатлари сабаб бир миллиондан ортиқ одам вафот этди, бу ривожланган мамлакатлар орасида ҳам мутлақ, ҳам нисбий жиҳатдан энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

Шу билан бирга, Байден маъмурияти тест тизимини кенг миқёсда жорий этишга, шунингдек, вакцина ишлаб чиқаришни бир неча баробарга оширишга эришди. Бунинг шарофати билан эпидемиянинг биргина биринчи йилида 500 миллион дозадан ортиқ вакцина тарқатилди ва аҳолининг қарийб 75 фоизи эмланди. Аммо, Байден маъмурияти коронавирус мавзусини сиёсатдан узоқлаштира олмади: мамлакатнинг чекка ҳудудларида эмлаш даражаси паст, ўлим даражаси эса юқори эди.

Ҳатто вакцинация билан боғлиқ қийинчиликлар фонида ҳам, Байденнинг маъқулланиш рейтинги биринчи олти ойда юқорилигича қолганди — бу деярли ҳар янги президент даврида такрорланади.

Байден маъмурияти АҚШ қўшинлари Доналд Трамп даврида «Толибон» билан эришилган келишувга мувофиқ Афғонистонни тарк этишига ваъда берди. Аммо бу келишув жангларни давом эттирган афғон ҳукумати иштирокисиз амалга оширилганди. Натижада, 2021 йил 11 сентябрга белгиланган эвакуация «Толибон»нинг тезкор ҳужуми сабабли август ойига кўчирилди. Эвакуация шошилинч ўтказилди. Америка элчихонаси ходимлари мамлакатни тарк этишга уринаётган минглаб афғонлар томонидан қуршаб олинган Кобул аэропортига шошилинч тарзда етказилди. 26 август куни эса аэропортга кираверишда портлаш рўй берди, 160 га яқин киши қурбон бўлди, улар орасида 13 нафар америкалик аскар ҳам бор эди.

Бундай эвакуация Байденнинг обрўсига жиддий зарба берди, унинг рейтинги 42-44 фоизга тушиб кетди ва ҳануз шу даражада сақланиб қолмоқда.

Ташқи сиёсатдаги яна бир тенденция Хитой билан муносабатлар ёмонлашуви бўлди. Икки мамлакат ўртасидаги рақобат анча вақтдан бери давом этмоқда, Трамп даврида ҳатто тўлиқ савдо уруши ҳам бошланганди. Лекин сўнгги йилларда вазият оғирлашди. 2022 йил 2 август куни Вакиллар палатасининг ўша вақтдаги спикери Нэнси Пелосининг Тайванга режадан ташқари ташрифи амалга оширилди, 2023 йил январ-феврал ойларида эса Монтана ва Канзасдаги АҚШ ҳарбий базалари устидан Хитойнинг жосуслик шарлари учиб ўтди.

Бундан ташқари, Байден маъмурияти Хитой компанияларга нисбатан санкциялар жорий қилди. Муносабатлар ёмонлашуви АҚШда Tik-Tok’ни тақиқлаш ва Хитой билан рақобат бўйича Вакиллар палатасининг алоҳида қўмитасини яратиш таклифи билан тезлашди.

Инфляциянинг сўнгги йил 40 йил ичидаги рекорд даражада ўсишига ташқи сиёсий кескинлик ҳам таъсир қилди. 2022 йилда инфляция энг юқори чўққига чиқди ва 9,1 фоизга ташкил этди. Коронавирус инқирозидан чиқишдаги иқтисодиётнинг кескин пасайиши таъминот занжирлари узилиши ва компютер чипларидан тортиб энергия ташувчиларигача бўлган кенг турдаги товарлар етишмаслиги билан боғлиқ эди.

Россиянинг Украинага қарши босқини бошланиши эса глобал озиқ-овқат, ўғит, газ ва нефт бозорларига беқарорлик олиб келди. Федерал захира томонидан асосий ставка бир неча бор оширилганидан сўнг инфляция даражаси 5 фоизгача тушди, аммо юқори нархлар ҳали ҳам жиддий муаммо бўлиб қолмоқда (буни ижтимоий сўровномалар ҳам тасдиқлайди).

Республикачиларнинг Байденни танқид қилишига яна бир сабаб Мексика билан чегарадаги миграция инқирози бўлди. 2022 йил май ойида мигрантлар сони рекорд даражага етиб, 224 минг кишини ташкил этди. 2023 йилда бу кўрсаткич пасайишни бошлади, аммо ҳали ҳам анча юқори даражада қолмоқда.

Шу билан бирга, Байден маъмурияти Трампнинг мигратия ислоҳотини бирданига бекор қилмади. Мисол учун, мигрантларни тезлаштирилган депортация қилиш дастури, шунингдек, бошпана сўраш аризасини чегарани кесиб ўтишдан олдин кўриб чиқиш қоидаси сақланиб қолди. Баъзи чора-тадбирлар 2023 йил май ойида ўз фаолиятини тўхтатади, уларнинг ўрнига Оқ уй аллақачон миграция режимини кучайтириш бўйича янги чораларни тайёрламоқда. Аммо бу чекловлар либерал фаоллар танқидига сабаб бўлмоқда ва улар бу чековларга судда эътироз билдирмоқчи.

Чегара патрул хизмати ходими ва Ҳаитидан келган мигрантлар Америка-Мексика чегарасида. 2021 йил 10 сентябр
Paul Ratje / AFP / Scanpix / LETA

Ниҳоят, демократлар Вакиллар палатаси устидан назоратни йўқотиши туфайли ҳам Байденнинг позицияси заифлашди. Республикачилар ноябр ойида, Конгресснинг қуйи палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритгач, Байден ва унинг оиласи, Афғонистондан қўшинларнинг олиб чиқилиши ва Мексика билан чегарадаги вазият юзасидан бир қанча текширувлар бошлади. Бундан ташқари, консерваторлар дефолт таҳдиди остида бюджет тақчиллигини кенг кўламда қисқартиришни талаб қилиб, давлат қарзи лимитини оширишдан бош тортмоқда. Афтидан, Байденнинг барча ташаббуслари энди мунтазам Конгрессда қолиб кетади.

Кўринишидан ҳаммаси жуда ёмон. Аммо Байден нимадир яхши иш қилишга улгурдими?

Конгресс қуйи палатасидаги йўқотишларга қарамай, оралиқ сайловлар натижаси Байденнинг ҳақиқий ғалабаси бўлди. Ҳукмрон партия учун одатий мағлубият ўрнига демократлар Сенатдаги фракцияни кўпайтиришга ва бир неча губернаторлик постини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Ушбу муваффақият кўп жиҳатдан президент томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар оммавийлиги билан боғлиқ ва бу ислоҳотлар Байденнинг янги сайлов кампанияси асосига айланиши мумкин.

Байден икки йил ичида ижтимоий таъминот тизимини янгилашга улгурди. У корпорациялар ва энг бой америкаликлар учун солиқларни оширди, мамлакатни тенгсизликни камайтириш ва кам углеродли иқтисодиёт йўлига ўтказди. Барча лойиҳалар қисқартирилган шаклда қабул қилинди, аммо шунинг ўзини ҳам Оқ уй учун муваффақият деб ҳисобланиши мумкин.

Биринчи ислоҳот америкаликлар ва корона-инқирозидан чиққан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган 1,9 триллион долларлик Америка қутқарув режаси (American Rescue Plan) эди. У кўпчилик америкаликлар учун бир қатор нақд тўловлар, ишсизлик бўйича юқори нафақалар, кичик бизнес кредитлари ва болалар нафақаларини жорий қилишни ўз ичига олган. Ушбу режа шарофати билан АҚШда қашшоқлик даражаси тахминан учдан бирга, болалар қашшоқлиги эса ярмидан кўпроққа камайди.

Бундан ташқари, ушбу ёрдам кўплаб америкаликлар учун «молиявий ёстиқ» яратди, улар бу орқали ўзларига мос иш қидиришга кўпроқ вақт сарфлашлари ёки ҳатто эскисини ташлаб кетишлари мумкин бўлди. 2022 йилда АҚШда рекорд даражада — 50,5 миллион киши ишдан бўшаган. Қисқа муддатли келажакда бу меҳнат бозорида танқислик келтириб чиқарди, иш берувчиларни иш ҳақини оширишга мажбур қилди.

Энг кам маош оладиган ишчиларнинг маоши сезиларли даражада ошди: агар 2019 йилда барча ишчиларнинг деярли ярми соатига 20 доллардан кам маош олган бўлса, ҳозир уларнинг учдан бир қисми шунча маош олади. Кўп йиллардан бери биринчи марта олий маълумотга эга бўлмаган ишчиларнинг иш ҳақи университет битирувчилариникига қараганда тезроқ ўсиб бормоқда. Охирги 40 йил давомида кучайиб бораётган иш ҳақи тенгсизлиги эса тахминан тўртдан бирга камайди. Шунингдек, ишсизлик даражаси 3,4 фоизга тушди — бу сўнгги ярим асрдаги рекорд даража.

Байденнинг навбатдаги қадами АҚШда доимий равишда кам молиялаштириладиган инфратузилмани кенг кўламда ислоҳ қилиш бўлди. Трамп ҳам буни ваъда қилганди, лекин унинг маъмуриятининг устувор йўналиши корпорациялар ва миллионерлар учун солиқларни камайтириш эди — ҳукуматнинг барча тармоқлари тўлиқ назоратга олинганига қарамай, инфратузилмага сармоя киритиш режаси мемга айланди ва Конгрессгача етиб бормади. Байденнинг режаси каттароқ эди: унинг ислоҳоти нафақат техник иншоотларга инвестициялар киритишни, балки мактаблар ва қариялар уйлари каби ижтимоий инфратузилмани янгилашни ҳам ўз ичига олганди.

Республикачилар қаршилиги Оқ уйни харажатлар пакетини иккига бўлишга мажбур қилди. Биринчи пакет инфратузилманинг ўзига инвестициялар киритишни ўз ичига олди: автомобил йўллари, темирйўллар ҳамда кўприклар қуриш ва таъмирлаш, жамоат транспорти, портлар ва аэропортларни модернизация қилиш, кенг тармоқли интернет ва электр транспортини қувватлантириш станциялари тармоғини ривожлантириш учун ўнлаб миллиард доллар маблағ ажратилди.

Ислоҳотнинг бу қисми шу қадар оммабоп бўлдики, Сенатдаги 50 республикачидан 19 нафари демократларга қўшилди. Лойиҳа бюджети 550 миллиард долларга қисқартирилди (яна 650 миллиард доллар мавжуд дастурларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади), бироқ шунда ҳам ушбу қонун лойиҳаси барибир 70 йилдаги энг йирик инфратузилма инвестициялари пакети бўлиб қолмоқда. Бироқ, 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларигача бор-йўғи 145 миллиард сарфланади (ва улардан фойдани янада узоқроқ кутиш керак).

Лойиҳанинг иккинчи қисми дастлаб Сенатдаги консерватив демократлар билан келишмовчиликлар туфайли тўхтаб қолди. Қийин ўтган музокаралардан сўнг сенаторлар баъзи солиқ бўшлиқларини ёпиш ва корпоратив солиқларни ошириш, шунингдек, миллионлаб америкаликлар учун дори-дармон нархини пасайтиришга келишиб олди. Ислоҳот, шунингдек, иқлим ва энергетика соҳасига рекорд даражадаги сармоя киритишни назарда тутади: уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун солиқ имтиёзлари бериш, электр транспорт воситаларини сотиб олиш, қуёш панеллари ва шамол турбиналарини ўрнатиш. Бу иссиқхона газлари чиқиндилари улушини 2005 йилдаги энг юқори чўққига нисбатан 40 фоизга камайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда.

Шу билан бирга, ушбу қонун лойиҳаси янги «Инфляцияни пасайтириш тўғрисида қонун» номи билан қабул қилинди ва музокаралар давомида харажатлар икки триллиондан 737 миллиард долларга камайтирилди. Бундан ташқари, ундан кўплаб янгиликлар, масалан, доимий болалар нафақасини жорий этиш олиб ташланди.

2022 йил август ойида Байден томонидан фаол илгари сурилган CHIPS қонуни қабул қилинди. Унга кўра, илмий тадқиқотлар учун 280 миллиард доллар, шу жумладан, АҚШда яримўтказгич чиплари ишлаб чиқарадиган заводлар қуриш учун 53 миллиард доллар ажратилди. Бу ташаббус билан Байден Трампнинг АҚШда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олишга чақирувчи «иқтисодий миллатчилиги»га тақлид қилади. Ва афтидан, бу стратегия ишламоқда: 2022 йилда янги саноат корхоналарини қуришга киритилган сармоя 108 миллиард долларга етган.

Ўшанда Байден таълим кредитлари бўйича қарзлар бекор қилинишини эълон қилди. Бу қадам узоқ вақтдан бери кутилаётганди: Америка талабалари кредити қарзининг умумий миқдори деярли 1,6 триллион долларни ташкил этади. Бироқ, кредитни ҳисобдан чиқариш дастури суд томонидан вақтинча блокланган. Ҳозирда унинг конституцияга мувофиқлиги Олий судда кўриб чиқилмоқда.

Байденнинг яна бир эски ваъдаси – қурол назоратини кучайтириш эди. Президентлигининг икки йили давомида у ўзининг қўллови билан қабул қилинган ва 1994 йилдан 2004 йилгача амалда бўлган автоматларни сотишга қўйилган тақиқни тиклашга фаол равишда даъват қилди. Аммо Миллий ўқчилар ташкилоти ва республикачи сенаторларнинг қаршиликлари туфайли бу тақиқ тикланмади. Шунга қарамай, Техас ва Нью-Йоркдаги оммавий қотилликлардан сўнг, Конгресс барибир қурол сотиб олишга янги чекловлар киритувчи қонун лойиҳасига овоз берди.

Ташқи сиёсатда Байденнинг асосий муваффақияти – Россия билан урушда Украинани қўллаб-қувватловчи ички ва халқаро коалицияларни сақлаб қолиш бўлди. Байденнинг позицияси республикачилар ва сўл қанот демократлар томонидан фаол танқид қилинади — ҳар икки томоннинг популистлари президент мамлакат ичидаги муаммоларга эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайди. Аммо Оқ уй консенсусни сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Президентнинг ўзи ҳам унинг маъмурияти Киевни қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашини бир неча бор таъкидлади.

Умуман олганда, уруш бошланганидан бери Байден маъмурияти Киев учун ҳарбий, моддий ва молиявий ёрдам кўринишида 35 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган. Шунингдек, президент таклифи билан Россия, унинг мансабдор шахслари, Россия Федерацияси билан алоқадор шахслар ва компанияларга нисбатан кўплаб санкциялар жорий этилди.

Байден Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатувчи АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчилари бирлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. 2022 йилда Европа давлатларининг мудофаа соҳасига сарфлаган харажатлари жами 13 фоизга ошди, бу 1989 йилдан буён энг сезиларли ўсиш бўлди. Трампнинг НАТО давлатларига қўйган мудофаа харажатларини ошириш ҳақидаги талаблари Байден даврида амалга оширилгани эса ўзига хос истеҳзоли ҳолат.

Байден ўзининг севимли «авиатор» кўзойнагида. 2022 йил 6 октябр
Drew Angerer / Getty Images

Умумий фон қандай? Байден сайловларда ғалаб қозона оладими?

Президентлик сайловлари 2024 йил 5 ноябрида бўлиб ўтади. Республикачилар партияси ва Демократлар партияси келаси йил ёзига қадар ўз номзодлари тўғрисида якуний қарор қабул қилиши керак. Президент партиясининг нуфузли сиёсатчилари амалдаги президентнинг иккинчи муддатга сайланиш ҳуқуқини деярли ҳар доим ҳурмат қилади ва одатда унга қарши чиқмайди – масалан, 2020 йилги праймеризда (партиянинг ички сайлови) иккинчи ўринни эгаллаган Берни Сандерс аллақачон Байден номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бироқ бу праймеризда президентнинг умуман рақиблари бўлмайди, дегани эмас.

Фақат иккита таниқли демократ сайловда иштирок этишини расман эълон қилди: Марианне Уилямсон ва кичик Роберт Кеннеди.

Уилямсон мотивацион маърузачи ва шахсий ўсиш бўйича бир қанча бестселлер китоблар муаллифи, у телебошловчи Опра Уинфрининг «маънавий устози» сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Марианне 2020 йилдаёқ демократларнинг президентлик праймеризида қатнашишга уриниб кўрган, бироқ рейтинги пастлиги сабабли биринчи штатдаги овоз беришдан олдин пойгадан чиқиб кетган.

Кичик Роберт Кеннеди — АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг жияни ва унинг укаси, собиқ бош прокурор Роберт Кеннедининг ўғли (иккиси ҳам суиқасд оқибатида ўлдирилган). У ўзини ашаддий анти-вакцинатор сифатида кўрсатади ва кўп йиллардан бери очиқдан очиқ фанга қарши позицияни эгаллаб келади: масалан, сиёсатчи вакциналар болаларда аутизм спектри бузилишига олиб келишини бир неча бор таъкидлаган. Айнан шу сабабли, бир вақтлар нуфузли сиёсий клан вакили бўлган кўплаб қариндошлари ундан узоқлашди ва унинг ижтимоий тармоқлардаги блоглари ҳамда аккаунтлари блокланди. Бундан ташқари, кичик Кеннеди Украинага ёрдам беришга қарши.

Иккала рақобатчининг ҳам имкониятлари паст, бироқ Байден улар билан дебатларда қатнашиш ёки қатнашмаслигини ҳал қилиши керак.

Республикачиларнинг праймеризлари эса анча рақобатбардош: олти нафар сиёсатчи аллақачон ўз номзодини расман илгари сурган. Иштирокчилар сони кўп бўлишига қарамай, экспертлар кўп йиллик фаворитларни ғалаба учун асосий даъвогарлар деб ҳисобламоқда: Доналд Трамп ва Флорида губернатори Рон Десантис. Губернатор ҳали праймеризда иштирок этишини расман эълон қилмаган, аммо сайловолди кампаниясини аниқ бошлаган.

Рон Десантис. Фото: The New York Times 

Рон Десантис — Республикачилар партиясидаги донг таратаётган юлдуз бўлиб, 2022 йилда губернаторлик учун сайловда деярли 20 фоиз фарқ билан иккинчи муддатга қайта сайланди. Унинг раҳбарлиги остида Флорида иқтисодиёти ҳақиқий юксалишга эришди. Бундан ташқари, 44 ёшли сиёсатчи 80 ёшли Байден ва 76 ёшли Трамп билан солиштирганда айниқса ёрқинроқ кўринади.

Шу билан бирга, Десантис абортни чеклаш, қурол олиб юришни осонлаштириш ва трансгендер ўтиш операцияларини тақиқлаш каби АҚШ жамоатчилиги учун номақбул қонун лойиҳаларини имзолади. Губернатор штат мактаблари ва университетларида ҳам «гендер мафкураси»га қарши фаол кураш олиб бормоқда.

Сўровномаларга кўра, Десантис Байден учун жуда ноқулай рақиб бўлади — аммо праймеризда мағлуб бўлган Трамп бошқа республикачини қўллаб-қувватлашдан бош тортиши мумкин. Десантис ва Трамп консерватив электоратни ўзаро иккига бўлиш орқали, Байденга ғалабани ўзлари совға қилади — бундай воқеа АҚШ тарихида аввал ҳам содир бўлган.

Лекин, Трампнинг Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиши эҳтимоли анча юқори — бу сайловда мағлуб бўлган, аммо қасос олишдан умидини узмаган собиқ президентнинг жуда кам учрайдиган намунаси. Трамп расман жиноий ишда айбланганига қарамай, пойга пешқадами бўлиб қолмоқда. Ва бу ҳатто унинг республикачилар орасида машҳурлигини ҳам оширди.

Бироқ Байденнинг Трампга қарши пойгаси антирейтинглар рақобатига айланиб қолиш хавфи бор: яқинда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, америкаликларнинг 70 фоизи Байденнинг сайловда қатнашишини истамайди, 60 фоизи эса Трампнинг сайловларга боришига қарши.

Мавзуга оид