Жаҳон | 09:16 / 27.04.2023
4874
2 дақиқада ўқилади

Молдова МДҲ доирасидаги келишувларнинг бир қисмидан воз кечади

МДҲ доирасида имзоланган келишувларни таҳлил қилиб, Кишинёв уларнинг бир қисмидан воз кечади, деди Майя Санду.

Фото: AP

Молдова ҳукумати Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) доирасида имзоланган келишувларни таҳлил қилмоқда, шундан сўнг улар баъзи ҳужжатлардан чиқиш бўйича таклифлар киритади, деди 26 апрел, чоршанба куни президент Майя Санду Jurnal TV'га берган интервюсида.

Ўтган 30 йил ичида “юзлаб” келишувлар имзоланган, деди Санду. “Ҳужжатлар ҳар йили имзоланар эди, уларнинг кўпчилиги керак бўлмаган. Ҳозир буларнинг барчаси таҳлил қилинмоқда”, деди у.

Шу билан бирга, президент Молдованинг стратегик вазифаси Европа интеграцияси эканлигини эслатди. “Мен Молдова шу ўн йилликнинг охиригача Европа Иттифоқига аъзо бўлиши мумкинлигига қатъий ишонаман”, деди Санду.

Аввалроқ ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазири Нику Попеску Молдова ҳукумати МДҲ доирасида имзоланган келишувларни денонсация қилиш жараёнини бошлаганини маълум қилганди. Айни пайтда Ҳамдўстликда қолишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласи кўриб чиқилмоқда.

Кишинёв Россиянинг республикадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларидан хавотирда. Москва бу айбловларни рад этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид