11:23 / 28.04.2023
5564

АҚШ "ФСБ"га қарши янги санкциялар киритди

Россия Федерал хавфсизлик хизматига нисбатан чекловлар киритилишига "АҚШ фуқароларининг хорижда ноқонуний ҳибсга олиниши" сабаб бўлди, дейилади АҚШ молия вазирлиги баёнотида.

Фото: Getty Images

Қўшма Штатлар Россия Федерал хавфсизлик хизмати ("ФСБ")га "АҚШ фуқароларини хорижда ноқонуний ҳибсга олгани" учун янги санкциялар киритди. Чекловлар ҳақидаги маълумот 27 апрел, пайшанба куни АҚШ молия вазирлиги сайтида эълон қилинган.

Шу билан бирга, вазирлик ахборот технологиялари маҳсулотларини импорт қилиш, тарқатиш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ "ФСБ" иштирокидаги молиявий операциялар учун санкциялар режимида бир нечта истиснолар қилди. Бироқ, бундай операциялар учун махсус хизматларга тўланадиган тўловлар миқдори йилига 5000 АҚШ долларидан ошмаслиги керак.

Худди шундай санкциялар Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси разведка бошқармасига, жумладан, унинг қўмондонлиги тўрт нафар вакилига нисбатан ҳам жорий қилинган. Чекловлар Давлат департаменти қарори билан АҚШ молия вазирлиги томонидан киритилган. "ФСБ" ҳам, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳам аллақачон АҚШнинг санкциялар рўйхатида бор.

Top