Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ВКонтакте, ФСБ ва Telegram. Павел Дуровнинг ҳаёт йўли
Telegram шунчаки мессенжер эмас, балки миллионлаб одамларнинг кундалик ҳаётига чуқур кириб борган ахборот майдонига айланиб улгурган. Масалан, Ўзбекистондаги янгиликлар, давлат идоралари хабарлари, рекламалар ва ҳатто ижтимоий-сиёсий муҳокамаларнинг асосий қисми айнан шу ерда бўлади. Ушбу платформа қандай пайдо бўлган? Павел Дуров ким? Унинг Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилиши ҳақидаги иддаолар қанчалик асосли?
Kun.uz “Бизнес вақти” рукнида замонавий техно оламнинг энг сирли ва баҳсли шахсларидан бири — Павел Дуров ва фойдаланувчилари сони миллиарддан ошган Telegram ҳамда ВКонтакте’нинг яратилиши ҳақида ҳикоя қилади.
Италияда ўтган болалик
Дуров 1984 йилда Санкт-Петербург шаҳрида туғилган. Ёш Павел 4 ёшга тўлар-тўлмас оиласи билан бирга Италияга кўчиб кетади. Шу сабабли болалигининг бир қисми Турин шаҳрида ўтган. Кейинчалик Дуровлар оиласи Россияга қайтгач, Павел академик гимназияга ўқишга кирди ва айнан шу ерда дастурлашга меҳр қўяди. У ўсмирлик чоғидаёқ ўта иқтидорли, аммо исёнкор ўқувчи сифатида танилади. Бир куни мактаб компьютерлари тармоғини бузиб кириб, барча экранларга информатика ўқитувчисининг суратини жойлаштиради ва “Must die” яъни “Ўлиши керак” деган ёзувни ўрнатиб қўяди. Бу иши учун Павелга маълум муддат компьютердан фойдаланишга тақиқ ҳам қўйилади.
2001 йилда бўлажак мултимиллиардер Санкт-Петербург давлат университетининг филология факультетига ўқишга киради. Талабалик йилларида у Durov.com деган илк онлайн лойиҳаси — талабалар учун электрон кутубхона яратади. Айнан ушбу лойиҳа одамларни кенгроқ масштабда бирлаштирувчи йирикроқ платформа яратиш ғоясининг пайдо бўлишига туртки беради.
ВКонтакте: ҳаммаси қандай бошланган?
2006 йил. Павел университетни тамомлаш арафасида бир неча кун олдин АҚШдан қайтган мактабдош дўсти — Вячеслав Мирилашвили билан кўришиб қолади. У Дуровга Ғарбда кун сайин оммавийлашиб бораётган Марк Цукербергнинг Facebook ижтимоий тармоғи ҳақида сўзлаб беради. Павел одамлар ўзларининг исми, қиёфаси ва ўқиш жойини кўрсатган ҳолда мулоқот қиладиган ушбу очиқ концептнинг Россия ва МДҲ бозори учун қанчалик катта потенциалга эга эканлигини дарҳол англаб етади. Ғояни амалга ошириш учун уч нарса талаб этиларди: ишончли жамоа, пул ва кучли дастурчилар. Вячеславнинг отасидан 30 минг доллар қарз олинади. Лойиҳанинг асосий техник юкини кўтариш учун Павелнинг акаси, математик ва дастурлаш даҳоси дея таърифланадиган Николай Дуров жалб қилинади. Айнан Николай яратган мукаммал архитектура ва маълумотлар базаси кейинчалик платформага миллионлаб фойдаланувчилар кирганда ҳам сайтнинг қотиб қолмасдан тез ишлашини таъминлайди. Лойиҳа дастлаб талабаларни жалб қилиш учун “Студент.ру” деб номланиши режалаштирилганди. Аммо, Павел бу ном келажакда уларнинг аудиториясини ёш чегараси билан чеклаб қўйишини тушунади. У барча қатламларга мос келадиган, кенгроқ ва ҳар қандай вазиятда ишлатиладиган сўз қидириб, ВКонтакте номини танлайди.
2006 йил 10 октябр — Дуров ўзининг 22 ёшга тўлган кунида сайтнинг илк версиясини ишга туширади. Бошланғич босқичда платформага фақатгина махсус таклифнома орқали аъзо бўлиш мумкин эди. Бу “элитанинг ёпиқ клуби” эффектини яратиб, ёшлар орасида сайтга кириш ва таклифнома олиш истагини кескин ошириб юборади. Кейинги йилларда интернетда давлат назоратининг деярли йўқлиги ва қулай интерфейс сабабли ВК ақлбовар қилмас даражада тез оммавийлашади. Шу тариқа ВКонтакте нафақат мулоқот майдони, балки миллионлаб одамлар фикр алмашадиган, гуруҳларга бирлашадиган улкан ижтимоий-сиёсий платформага айланди. Айнан мана шу нуқтада Павел Дуров ва Россия ҳукумати ўртасида жиддий тўқнашувлар бошланди.
2011 йил декабрда Давлат Думасига ўтказилган сайловлардан кейин Россияда оммавий норозилик намойишлари бошланди. Мухолифат вакиллари намойишларни ташкил этиш учун асосан ВКдаги гуруҳлардан фойдаланади. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) Дуровдан ушбу мухолиф гуруҳларни, хусусан, Алексей Навалний тарафдорларини блоклашни ва уларнинг администраторлари маълумотларини топширишни талаб қилади. У ўзининг Твиттер саҳифасида ФСБнинг талабига “расмий жавоб” сифатида капюшон кийган, тилини чиқариб турган ит расмини жойлаштиради. Бу тадбиркорнинг очиқ исёни сифатида баҳоланади.
Ҳукумат Дуровни тўғридан тўғри қамоққа олиш халқаро миқёсда катта резонанс ва норозилик уйғотишини тушунарди. Шу сабабли уни компаниядан четлаштириш учун иқтисодий ва корпоратив босим бошланади. 2013 йилда Павелнинг шериклари Вячеслав Мирилашвили ва Лев Левиев ўзларининг ВКонтакте’даги жами 48 фоиз акцияларини Кремлга яқин бўлган инвестиция фондига тўсатдан сотиб юборишди. Янги акциядорлар келиши билан Дуровга нисбатан доимий айбловлар ва текширувлар бошланади. Уни компания пулларини шахсий лойиҳаларига сарфлашда айблашади.
2013-2014 йилларда ҳукумат босими энг юқори нуқтага чиқади. ФСБ Павелдан мухолифатчи Алексей Навалнийнинг гуруҳини ёпиш ва украиналик «Евромайдон» фаолларининг шахсий маълумотларини беришни талаб қилади. Павел бу сўровларни ҳам қатъиян рад этади. У ўз фойдаланувчиларига хиёнат қила олмаслигини айтади. 2014 йил баҳорида Дуров ВК бош директорлигидан четлатилди. Унинг ўзида қолган 12 фоиз акцияси ҳам мажбуран сотилади. Компаниясидан айрилган ва қамоққа олиниш хавфи остида қолган Павел дарҳол Россияни тарк этади ва бошқа бу ерга қайтмаслигини эълон қилади.
Телеграмнинг пайдо бўлиши
Telegram’нинг яратилиш ғояси Павел ҳали Россияда эканлигидаёқ пайдо бўлади. Дуров интервюларидан бирида таъкидлашича, кунларнинг бирида унинг уйи олдига қуролланган махсус хизмат ходимлари келади. Тадбиркор акаси Николайга нималар юз бераётганини хабар қилмоқчи бўлади. Аммо у ёзаётган СМС ёки оддий қўнғироқлар ҳукумат томонидан осонгина эшитилиши ва ўқилиши мумкинлигини англаб турарди. Шу лаҳзада Павел хавфсиз ва ҳеч бир учинчи тараф ўқий олмайдиган алоқа каналига муҳтож эканлигини тушунади. 2013 йилнинг август ойида Telegram расман ишга туширилади. Дастлаб уни ҳеч ким жиддий қабул қилмади ва “WhatsUpp’нинг навбатдаги нусхаси” дея баҳолашди. Аммо, вақт ўтган сайин платформа шиддатли тарзда оммавийлаша бошлади ва ишга туширилган йилиёқ 100 минг нафар фойдаланувчи йиғди. Бошланғич босқичда фақат битта қоида бор эди: ҳеч қандай сармоядорлар, рекламалар ва пуллик обуналарсиз хизмат кўрсатиш.
Бошқа мессенжерлар гуруҳларга одам қўшишда қаттиқ чекловлар қўйган бир пайтда, Telegram 200 минг кишилик гуруҳлар тузиш имконини берди. Оммавий “каналлар” функцияси эса платформани оддий ёзишмалар воситасидан йирик медиа майдонга айлантирди. Катта ҳажмдаги файлларни жўнатиш хусусияти ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Шу тариқа доимий фойдаланувчилар сони 2016 йилда 100 млн, 2021 йилда 500 млн, 2025 йилда эса 1 млрд нафардан ошади.
ФСБ билан ҳамкорлик айблови
Россияда “Яровая қонуни” қабул қилингач, барча алоқа операторлари ва мессенжерлар фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини сақлаши ва талаб қилинганда махсус хизматларга шифрлаш калитларини топшириши шарт этиб белгиланади. Ушбу талаб фонида 2018 йил Telegram ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати ўртасида келишмовчилик юзага келади. ФСБ Дуровдан махсус назоратдаги жиноятчиларнинг Telegram ёзишмаларини аниқлаш учун уларни шифрдан чиқаришни сўрайди. Дуров эса бу бошқа миллионлаб фойдаланувчиларнинг дахлсизлигига рахна солишини айтиб, бу талабга кўнмайди. Оқибатда Россияда мессенжерни блоклаш бошланади. Дастлабки кунларда буни уддалашди ҳам, аммо кейинчалик қўшимча серверлар ёрдамида чекловни “айланиб ўтган” Telegram Россияда ишлашда давом этди.
“Роскомнадзор” Telegram уланаётган ҳар бир янги IP-манзилни блоклай бошлайди. Натижада бир неча кун ичида 15 миллиондан ортиқ IP-манзиллар блоклаб ташланади. Бу эса Россияда ҳақиқий тартибсизликни келтириб чиқарди — Telegram ишлашда давом этаверди, лекин бошқа мутлақо алоқаси йўқ хизматлар — банк тизимлари, авиачипталар сотуви, интернет-дўконлар, ҳаттоки давлат сайтларининг ўзи ҳам ишдан чиқади. Дуров ўз фойдаланувчиларини “Рақамли қаршилик” рамзи сифатида якшанба кунлари деразадан Telegram логотипи акс этган қоғоз самолётчалар учиришга чақирди. Миллионлаб одамлар бу акцияга қўшилди.
2020 йил июн ойига келиб Россияда Telegram’ни блоклаш тўхтатилди. Биринчидан, бунга техник жиҳатдан эриша олишмади. Иккинчидан, расмий маълумотга кўра, Дуров терроризмга қарши курашишини маълум қилгач, “Роскомнадзор” Бош прокуратура билан келишган ҳолда мессенжерни блоклаш талабини олиб ташлайди. Кўп ўтмай, Telegram блокланишининг ташаббускори бўлмиш “Роскомнадзор”нинг ўзи ҳам мессенжерда канал очади.
2022 йил Украинадаги воқеалар фонида Россия ўз ҳудудида Facebook, Instagram ва Twitter каби ижтимоий тармоқларни блоклади, Meta компанияси экстремистик деб топилди. Аммо дунё бўйлаб борган сари энг қулай ахборот алмашиш воситасига айланиб бораётган Telegram блокланмайдиган бўлди. Бу эса мессенжер атрофида турли гап-сўзлар пайдо бўлишига олиб келди. Айримлар Дуров ФСБ билан муросага боргани ва ўзаро келишув қилгани ҳақида гапира бошлади. Амалда бу иддаолар ўз тасдиғини топмади.
2026 йилга келиб вазият янада кескинлашди. Россия махсус идоралари Телеграм ва бошқа ғарб мессенжерларини секинлаштириш ва охир-оқибат тўлиқ ёпиш ишларини бошлади. Умуман олганда, Дуровнинг Россия билан эҳтимолий алоқалари ҳақида жиддий суриштирувлар мавжуд бўлса-да, буни аниқ тасдиқловчи ишончли ва очиқ далил йўқ. Охирги воқеалар ҳам бу фикрларни инкор этади.
Париждаги қамоқ
2024 август ойида кутилмаганда Дуров Париж аэропортида қўлга олинди. Франция полицияси Павелни қатор жиноятларда айблади. Жумладан, Telegram орқали болалар эксплуатацияси, гиёҳванд моддалар савдоси ва пул ювиш каби жиноятлар авж олгани ва компания махсус органлар сўровларини эътиборсиз қолдиргани иддао қилинди. Дастлаб тадбиркор гаров пули эвазига озодликка чиқарилган бўлса, кейинчалик Франция ҳукумати Дуровга мамлакатни тарк этиш бўйича қўйилган қатъий тақиқни бекор қилди. Шундай бўлса-да, мазкур жиноят иши ҳамон ёпилмаган.
Париждаги ҳибс нафақат Павел Дуровнинг шахсий ҳаётига, балки Telegram’нинг фундаментал ишлаш принципларига ҳам жуда кучли таъсир кўрсатди. 2024 йилнинг сентябр ойидан мессенжер ўзининг махфийлик сиёсатига тарихий ўзгартириш киритди. Эндиликда платформа суд ордери ёки қонуний асосланган юридик сўров бўлган тақдирда, қонунбузар фойдаланувчиларнинг IP-манзиллари ва телефон рақамларини ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этишга рози бўлди. “Яқин атрофдаги одамлар” функцияси олиб ташланди. Бу функция гиёҳванд моддалар сотувчиларига осонгина харидор топишда ёрдам бериши таъкидланиб, танқид қилинарди. Зарарли контентларни ўчириш бўйича сунъий интеллект ва махсус гуруҳлар ташкил этилди. Premium обуначиларининг кескин ортиши, платформа ичидаги криптовалюта операциялари ва янги монетизация стратегиялари фонида компаниянинг соф даромади 2024 йилда 540 млн долларгача ошди.
Бугунги кунда Дуров Дубайда яшайди ва Telegram бош қароргоҳи ҳам шу ерда жойлашган. Бу Бирлашган Араб Амирликларининг ҳам Ғарб, ҳам Россиянинг геосиёсий тортишувларига нисбатан нейтрал, яъни бетараф давлат эканлиги билан изоҳланади.
Мавзуга оид
18:39 / 16.06.2026
Ҳиндистонда тиббиёт олийгоҳларига кириш имтиҳонлари пайтида Telegram блокланди
08:36 / 12.05.2026
Telegram орқали алданган бухгалтер фирибгарларга 1 млрд сўм ўтказиб берди
18:35 / 05.05.2026
Telegram’даги тузоқ – Ўзбекистонда Россия-Украина урушига ёлловчи шахслар пайдо бўлмоқда
23:06 / 22.04.2026