Ўзбекистон | 17:23 / 29.04.2023
7184
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Сьерра-Леоне ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди

28 апрель куни Нью-Йоркда (АҚШ) Ўзбекистон билан Сьерра-Леоне Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар бермоқда  «Дунё».

Фото: Bakhtiyor Ibragimov / Twitter

Сьерра-Леоне Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 143-давлатга айланди.

Икки давлат ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ва Сьерра-Леоне Республикасининг БМТдаги доимий вакили Алхаджи Фанд Турай имзолади.

Ушбу давлат Ғарбий Африкада Атлантика океани соҳилида жойлашган, Британия Ҳамдўстлиги, ИҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа халқаро ташкилотлар аъзоси.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Ғарбий Африка давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. 2022 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Гайана билан дипломатик муносабатлар ўрнатган эди.

Мавзуга оид